№48, 15.11.2012 ФИДОЙИ МУАЛЛИМА
Ўқитувчининг меҳнати игна билан қудуқ қазишга қиёсланади. Бу бежиз эмас. Бутун умрини болаларга зиё улашишга бахш этиб келаётган фидойи муаллималар орамизда кўплаб топилади. Шулардан бири Бўз педагогика коллежи тил ва адабиёт фани ўқитувчиси - Каримахон опа Ғофуровадир.
Опа қирқ йилдан буён шу заҳматли меҳнатнинг ардоғида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Каримахон опанинг қўлида таълим тарбия олган шогирдлари ҳаётда ўз ўринларини топиб, турли жабҳаларда меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ичида опага ҳавас қилиб педагоглик касбини танлаганлари, ўзи билан ёнма-ён ишлаётганлари ҳам бор.
- Ўқитувчининг талаба ҳаётига бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ, - дейди фидойи педагог Каримахон опа. - Илм истаб келган ёш борки, ўқитувчидан ҳар томонлама ўргансин, ўрнак олсин. Ахир, унга уч йилда дипломни қўлига олиб кетадиган инсон сифатида эмас, эртанинг эгаси сифатида қараш керак. Уларга билим бериш билан бирга маънан етук инсон қилиб тарбиялаш ҳам зарур.
Аёллиги, оналиги сабаб опа талабаларга ўз боласидек меҳр кўрсатади. Фақат илм бериш билангина чекланмасдан, ҳар бир талабанинг юриш-туришини зимдан кузатади. Уларнинг тарбиясига катта аҳамият беради. Маънавий дунёсини ўстиришга ҳаракат қилади.
Ушбу масканда кўплаб ўғил-қизларнинг пухта билим олишлари учун барча шарт-шароитлар етарли. Замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган ўқув хоналари улар ихтиёрида. Кўп йиллик педагогик тажрибага эга ўқитувчилар, малакали мутахассислар томонидан дарслар сифатли ва мазмунли ташкил этилмоқда.
Кўп йиллик тажрибага эга устоз муаллима Каримахон опа коллежда бошланғич хотин-қизлар кенгаши раиси бўлиб ҳам иш юритиб келмоқда. Педагог аёллар, талаба қизлар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда турли хил кўрик-танловлар ўтказиб келади. Уларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилади, қувончларига шерик.
Шунингдек, Каримахон опа оила аталмиш салтанатнинг соҳибаси сифатида ҳам ҳурматга лойиқ. Турмуш ўртоғи яъни, касбдоши Ҳакимжон ака билан уч нафар фарзанди, кўплаб набираларига бош бўлиб, умргузаронлик қилиб келишмоқда. Ҳам оилани, ҳам суйган касби - муаллималикни бирдай уддалаб келаётган фидойи педагог Каримахон опа Ғофурованинг ҳаёт йўли барчага ибрат десак, муболаға бўлмайди.
Мафтуна ИЛЯМИНОВА,
Бўз педагогика касб-ҳунар коллежи талабаси.
|