Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№48, 15.11.2012

2012 ЙИЛ - "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ"

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТМАГАЧ...

Қишлоқдан туман марказига кетаётган эдим. Беихтиёр машина орқа ўриндиғида ўтирган аёллардан бири иккинчи аёлга ҳасрат қилаётгани қулоғимга чалинди. Уларнинг суҳбати оддий бўлиб кўринса-да, эндигина турмуш қураётган ёшларга бутун умри давомида чиқариши керак бўлган сабоқ эди. Нафақат ёшларга, балки фарзандларини эрта уйлаб, эрта турмушга узатишни режалаштирган ота-оналарга бу ҳаётий ибрат десам, хато бўлмайди.

Хуллас, кўринишидан олтмиш ёшларни қоралаб қолган аёл ўтмишини шундай сўзлай бошлади:

" - Турмуш қуриб, уч фарзанд кўрдим. Умр йўлдошим билан биргаликда болаларни катта қилдик. Катта ўғлимни уйлантирмоқчи бўлиб турган пайтимизда турмуш ўртоғим касал бўлиб, бевақт қазо қилди. Кейин оила ташвишлари катта ўғлимнинг зиммасига юкланди. У ўқишга кирмади, турли жойларда ишлаб, рўзғор тебратди.

Кейинчалик яқин дўстларига эргашиб, ишлагани ҳорижга кетди. Ҳар тугул яхши ишлаб юрди, уйга пул юбориб турди. Мен эса рўзғордан ошиниб, янги уй-жой қилдим.

Ўғлим уйга бир йилда бир марта келиб турди. Ҳар сафар келин олиш ҳақида сўз очсам, қарши чиқарди. Ёши 30 га бориб қолганда, сўзимда маҳкам туриб олдим-у, Россияга ҳам жўнатмай қўйдим. У ноилож рози бўлди.

Келин излашга тушдим. Тенгимизга тенгдош бўладиганини топиб, тўй куни белгиланди. Бироқ тўй шу даражада шошилинч бўлдики, ҳаттоки келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш у ёқда турсин, қонуний никоҳдан ўтказишни ҳам кейинчаликка қолдирдик.

Тўйдан кейин келиним ҳолдан тойиб, тез-тез касал бўлиб қоладиган бўлди. Мен эса унинг ҳолатини ҳомиладорликдаги аломатларга йўйдим. Ой куни яқинлашгач, у анча оғирлашиб қолди. Зудлик билан шифохонага ётқиздик. Келинимнинг кўзи ёриб, эгизаклар дунёга келди. Бироқ ўзининг соғлиғи ҳеч тикланмади. Орадан 20 кун ўтиб, оламдан ўтди...

Шифокорларнинг қўйган ташхиси бўйича, келинимнинг буйраги касал экан. Вақтида даволатмагани учун ҳомила ривожлангани сари буйраги қисилиб қолганлигини айтишди.

Келиним бебаҳо аёл эди... Эрта етим бўлиб қолган набираларим ўзимга қолди. Ўғлимни бошқасига уйлантириб қўяй десам, унамайди. Болаларини ўгай она қўлига беришни хоҳламаяпти. Қудаларим ҳам шу фикрда. Ҳайронман, нима қилишга ҳам... Ўзи, ҳамма айб менда. Шошмашошарлик қилмай, қонуний никоҳдан ўтказиб, кейин тўй қилганимизда тиббий кўрикдан ҳам мажбур ўтказилар эди. Шунда бу кўргуликлар бўлмасмиди?.. Минг марта пушаймон бўляпман, ўрнига келмайди барибир... Бошимга тушган савдолардан безиб қолибман. Биров "тўй бошлаяпмиз", деса, "Эринчоқлик ёхуд лоқайдлик қилманглар, албатта ёшларни шифокорларга кўрсатиб, соғлиғини билинглар!" - дейдиган бўлиб қолдим.

Бевақт ўлим ҳеч кимнинг бошига тушмасин!.."

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди