№48, 15.11.2012 ҲАВАС
БОБО БИЛАН СУҲБАТ
Нигора дам олиш кунларининг бирида қишлоққа донг таратган боғбон Жаббор оталарникига борди. Жаббор ота узоқ йиллардан бери узумнинг энг олий навларини етиштиради. У Нигорани сўритокларда қуёшдай товланиб ял-ял ёниб турган боғи томон етаклади.
Нигора илондай буралиб чиқиб кетган, катта-катта ток новдаларини, ям-яшил барглар орасидан мўралаб турган чарос узумларни кўриб лол қолди.
- Ота, бу меваларни ўзингиз экканмисиз?-сўради у.
- Ҳа, қизим,- деди Жаббор ота. - Буларни эрта баҳордан бери парваришлайман. Ўз болаларимга қарагандек қарайман. Мана, ниҳоят ҳосилини олдим.
Нигора боғда ишлаётган одамларни кўриб, яна сўради:
- Бобожон, булар кимлар?
- Булар менинг келинларим, ўғилларим ва бир-биридан ширин набираларим. Биз бир ёқадан бош чиқариб ишладик, бамаслаҳат иш тутдик. Мана, кўриб турганингдек, чиройли боғ яратдик.
Нигоранинг бобога ҳаваси келди.
- Сабрингизга қойилман, ота,- деди ниҳоят. - Баъзи одамлар сизнинг ёшингизда "Қаридим, энди мени болаларим боқсин", деб ётиб оладилар. Сиз эса ҳали ҳам меҳнат билан оворасиз, болаларингизга бошсиз. Бахтимизга сизга ўхшаган оталаримиз бор бўлсин.
Жаббор ота бу маҳмадона қизнинг гапларини эшитиб, секингина жилмайиб қўйди.
- Раҳмат, қизим,- деди-ю чарос узумлардан узиб, Нигорани меҳмон қилди. Бу узумларнинг ҳар донасида инсон меҳнатининг, машаққатининг тафти яққол сезилиб турарди.
Мубина АБДУЛЛАЕВА.
|