Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№48, 15.11.2012

ҲАР ДАҚИҚА ҒАНИМАТ

Улуғ пиру муршидлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари марҳамат қиладилар: "Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг".

Дарҳақиқат, умримизнинг қанчасини яшаб ўтдигу, яна қанчаси қолгани ноаён экан, бугун бизнинг имконимиз тасарруфида бўлган ҳар бир нафсимизни ғанимат билмоғимиз лозим. Ҳолбуки, эртанги кун қандай ўтишини Худо билади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: "Қиёмат кунида банданинг иккала қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида".

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда биз умматларга қандай тавсия берганларига бир диққат қилайлик: "Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни."

Инсоннинг ҳаёти даврида бойлик ҳам, соғлик ҳам, обрў-мартаба ҳам, омад ҳам бир келиб кетса, кейин ҳам яна бир ёки бир неча бор муяссар бўлиши мумкин. Аммо умр шундай бетакрор неъматки, иккинчи марта ҳаргиз қайтиб берилмайди. Шундоқ экан, умрни зое кетказмаслик, ҳар қандай беҳуда ва фойдасиз ишларга умрни сарф қилмаслик, балки эл-юрт манфаати учун, халқ хизмати учун, Ватан ободлиги ва тараққиёти учун ҳар бир дамни ғанимат билмоқ керак. Чунки Ҳақ таоло "Такосур" сурасида баён қилганидек, ҳар бир неъмат учун сўралажакмиз.

Имом Нисопурийнинг "Асбобун-нузул" китобида келтирилишича, Қурайшдан икки насаб - бани Абду Маноф ва бани Саҳм ўз насабларида улуғ ва шарафли инсонлар кўплиги ҳақида тортишиб қолишди. Ҳар икки гуруҳ ҳам улуғликда, азизликда ва қадр-қийматда бизлар сизлардан кўпроқмиз, дер эди. Охири ҳисоб-китоб қилишган эди, бани Абду Маноф уруғидан улуғлар сони кўп чиқди. Шунда "Келинглар, ўтиб кетганларимизни ҳам ҳисоблаб чиқайлик", - деб қабристонга боришди ва қабрдагиларни ҳам санашган эди, бани Саҳмнинг саноғи кўп чиқди. Уларнинг бу беҳуда тортишувларини танқид қилиб мазкур ояти калималар нозил бўлди: "... кейин, ўша Кунда неъматдан, албатта, сўралажаксизлар" мазмунидаги оятнинг тафсирида Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ушбу Ҳадис келтирилади: "Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи улардан бебаҳрадурлар - соғлик ва бўш вақт" (Бухорий, Термизий, Насаий, ибн Можа ривоятлари).

Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.а.) айтадилар: "Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: "Эй, Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен то Қиёматгача сенга қайтмайман!" - деб жар солади.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ҳам омонат дунёда умримизни Охират заҳиралари учун ҳидоят йўлига бошласин ва юрт равнақи ҳамда Ватан ободлиги учун сарфлашимизга муваффақ айласин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди