Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№48, 15.11.2012

ҲИКОЯ

ТАҚДИР СЎҚМОҚЛАРИДА

Нодира не-не умидлар билан турмушга чиқди. У ҳам барча аёллар каби она бўлишни орзу қилар эди.

Бироқ Яратган унга фарзанд берарди-ю, яна туғилмасданоқ нобуд бўларди. Нодира табиатан оғир-босиқ, камгап, камсуқум бўлганлиги сабабли дардини ичига ютар, ҳаётга умид билан боқарди. У ўзининг фазилатлари билан раҳматли отасига тортган эди. Нодиранинг касби ўқитувчи бўлиб, шаҳардаги мактабларнинг бирида ишлар, жамоа орасида ўзига яраша обрўга эга эди. Нодира эри Жамшид билан жуда аҳил яшарди. Фақат фарзандсизлик туфайли уларнинг кўнгли ярим эди. У бир неча маротаба касалхонада ётиб даволанди, барибир фойдаси бўлмади. Охири Нодиранинг онаси Матлуба опа қизини мажбуран оиласидан ажратиб олиб кетди. Она қизини узоқ ушлаб ўтирмай, ўзига маъқул келган бир кишига унаштирди. Қудалар билан келишиб, ихчамгина тўй қилиб, Нодирани олиб бориб қўйишмоқчи бўлишди. Тақдирининг ўз хоҳишига қарши бундай ҳал бўлишидан ваҳимага тушган Нодира оиласига қайтиб эри билан турмушини давом эттиришга қарор қилди. Ахир, Жамшид ҳам хотинининг кетиб қолишини сира хоҳламаганди-да. Нодира онасига эрида кўнгли борлигини, оиласига қайтмоқчи эканлигини айтганида, она ғазабига йўлиқди.

- Мен не қилсам сени деб, сенинг бахтингни кўзлаб қилдим. Фарзандли бўлишингни хоҳлаб қилгандим бу ишни. Ҳаммадан ҳам уларни ишонтириб қўйдик. Бу ёғини ўйламадингми?

- Ўйладим, сиз айтган одамни мен танимайман-ку, онажон. Ахир, уни нима учун биринчи рўзғори билан ажралишганининг асл сабабини, яна унинг кўнглида нима борлигини билмайсиз-ку? Бунинг устига фарзандлари ҳам бор экан. Мен шуларни ўйлаб, фақат куёвингиз билан бахтли бўла олишимни тушундим. Иккинчи бор куйиб қолишни истамайман, онажон, тушунинг...

- Мен сенга ёмон одамни раво кўрмагандим. Майли, кетавер, ўзингга жабр қиласан. Менинг гапимни ҳали ҳеч ким икки қилган эмас. Аёл бўлганим билан бир сўзликман. Буни ўзинг жуда яхши биласан.

Нодира Матлуба опанинг қаҳр-ғазабли сўзларини тинглар экан, йиғиштирина бошлади, керакли нарсаларини сумкага жойлаб, кўчага отланди. Шунда баттар ғазабга минган она сўнгги сўзларини айтди.

- Шу қарорга келган экансиз, майли, кетавер! Фақат бу уйга қайтиб қадам босма.

Нодира кутилмаган зарбадан қалқиб тушди. Унинг қайсарлигидан аччиқланган Матлуба опанинг кўзига ҳеч нарса кўринмай, тилига эрк бериб юборди. Кейин жаҳл билан дарвозани ёпиб, ичкарига кириб кетди.

Нодиранинг бир кўнгли уйга қайтиб кириб бормоқчи ҳам бўлди-ю, аммо энди кеч бўлганди. У бир неча сония онаси ортидан қараб қолди. Сўнг бир тўхтамга келгач, дарвозадан узоқлашди.

Келинининг қайтиб келганини кўриб, воқеадан хабар топган қайнонаси:

- Ана уйингиз, кириб ўтираверинг. Бўлар иш бўлибди, кўп хафа бўлаверманг. Сизларга ҳам Худо умри-ю, ризқи билан фарзанд ато этар, - дея унинг кўнглини кўтарган бўлди.

Нодиранинг қайтиб келганини кўрган Жамшид ҳам ич-ичидан севинди. Улар яна тинч-тотув яшай бошладилар.

...Орадан икки йил ўтди. Бир куни Нодира бозорда юриб онасини учратиб қолди. Она меҳрига зор бўлиб, юрак-бағри эзилган қиз ҳаммасини унутиб, югуриб бориб ўзини онасининг бағрига отди. Кутилмаганда Матлуба опа бўйнига ташланган қизининг қўлларини силтаб, уни бағридан итариб ташлади. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек, бир ўқрайиб қараб қўйди-ю, лом-мим демай йўлида давом этди.

Нодира чидолмади. Аламини кўз ёшларидан олди. "Эй, Худо бу не кўргулик?"

Қани энди у ҳам фарзандли бўлса-ю, чақалоғини кўтариб, онасининг олдига борса?.. Балки онаси шунда уни кечирармиди?..

Кунлар шу зайл ўтаверди. Икки ўт орасида қолган Нодира охир-оқибат касалхонага тушиб қолди. Унинг орзу-умидлари чил-чил синган, ранглари докадай оппоқ... Бу сафар қайнонаси ўғлини бошқага уйламоқчи бўлди. Эри келганида шу ҳақда гаплашишди.

Нодира дунёга сиғмай кетди. Асабий ҳолда палата ичида у ёқдан-бу ёққа юрар экан, ногоҳ эшик очилиб, Шохида кириб келди. У опаси билан хол-аҳвол сўрашгач, нариги палатада даволаниб ётганини айтди. Нодира дарров онасини сўради.

- Ҳа, келиб турибди, лекин сиз шу ерда эканлигингизни билгач, дарров келиб-кетиб қоляпти, - деди.

Нодира хомуш бўлиб қолди. Опа-сингил бироз гаплашиб ўтиришгач, Шоҳида хайрлашиб чиқиб кетди. Нодира яна ўз ўй-хаёллари билан ёлғиз қолди.

Унга эртага жавоб беришади. Кейин қаёққа бораркин? Онаси ҳаргиз уйга киритмайди. Бу ёқда эса эри уйланяпти. Эссиз, онасининг айтганини қилавермаган экан. Онасини норизо қилиб бўлса ҳам оиласини сақлаб қолмоқчи эди-я, эри нима қилди?! Фарзанд кўришмаётган бўлса, айб фақат ундами?

...Эртаси куни Жамшид келиб, ҳозирча ижарага уй гаплашганини, вақтинча ўша уйда яшаб туриш мумкинлигини айтиб, уйга олиб кетди. Қайнонаси келинни совуқ кутиб олган бўлса-да, эри уни ора йўлда ташлаб кетмаганидан бироз кўнгли хотиржам тортди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Нодира ҳовлида супур-сидир ишларини қилаётганди, бирдан боши гир айланиб кетди. Кўнгли беҳузур бўлиб, қайнонасини чақирди.

- Онажон, кўзларим тиниб кетяпти, менга ёрдам беринг!..

Қайнонаси югуриб келди-ю, унинг қўлидан супургини олиб, бир четга улоқтираркан:

- Қизим, бу яхшиликдан дарак бўлса керак?.. - деди қувониб.

Нодира букилмас иродаси билан оиласини сақлаб қолди, Яратган уларни фар-занддан қисмаган экан...

Мавлуда АЗИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди