№49, 22.11.2012 ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛМОҚДА
Халқимизда изланиш бор жойда шубҳасиз, юксалиш бўлади, деган ҳикматли гап бор. Ана шу ҳикматга амал қилган ҳолда ўз олдимизга юксак мақсадларни қўйиб, изландик, имконият қидирдик.
Саъйи ҳаракатларимиз самараси ўлароқ Қўрғонтепа тумани Савай қишлоғида "Ягона ҳамкор нури" масъулияти чекланган жамияти тасарруфида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил этдик.
Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда туман ҳокимининг амалий ёрдами туфайли қисқа давр ичида қишлоқ марказидаги қаровсиз қолган икки қаватли бино реконструкция қилиниб, ишлаб чиқариш корхонасига айлантирилди. Хитой давлатидан 76 та тикув машинаси олиб келиниб, ишга туширилди. Натижада бу ерда 100 нафарга яқин қишлоқ аёллари доимий иш ўрнига эга бўлдилар.
Ҳозирда корхонамизда 6 турдаги аёллар кўйлаги, 4 хил кўринишдаги эркаклар футболкаси ва болалар кийимлари тайёрланмоқда. Фаолиятимизга хали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, ички бозорда маҳсулотларимизга талаб анча юқори. Чунки биз маҳсулот сифатига, унинг бежирим кўринишига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияни жорий этиш ҳисобига корхонамизда тайёрланаётган маҳсулотлар тури ва ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб бормоқда. Колаверса, корхонамиз "Қишлоққурилишбанк"нинг туман бўлимидан 250 миллион сўм миқдорида кредит олди. Олинган кредит ҳисобига Туркиядан имкониятлари анча кенг, замонавий тикув дастгоҳлари олиб келинмоқда.
Айни кунда ана шу дастгоҳларда иш олиб борадиган 100 нафарга яқин қизлар вилоятдаги турдош корхоналарда иш ўрганиб, малака оширмоқдалар. Уларнинг бориб келишлари учун алоҳида автобуслар ажратилган. Бундан ташқари, корхонада самарали иш олиб бориш учун зарур барча шароитлар яратилган. Ишчиларнинг бориб-келишлари учун алоҳида транспорт ажратилган, дам олиш хоналари, бепул тушлик ташкил этилган.
Бугунги кунда маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан шартнома тузиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Келгуси йилдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг маълум қисмини хорижга сотиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда жамиятимизда нон ишлаб чиқариш бўйича ишлар якунига етмоқда. Яқин кунларда аҳолига сифатли нон етказиб берилади.
Режага кўра, белгиланган ишлар амалга оширилиши билан жорий йил охирига бориб корхонада ишловчилар сони 200 нафарга етади. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам кескин ортади.
Бир сўз билан айтганда, бизнинг бош мақсадимиз, қишлоқ аёллари бандлигини таъминлашга қаратилган.
Санобархон НОСИРОВА,
корхона раҳбари.
|