№50, 29.11.2012 ТАНЛОВ
НАРГИЗАХОН - ТАНЛОВ ҒОЛИБАСИ
Андижон шаҳридаги "Ҳамкор" бизнес марказида "Йил аёли - 2012" кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан 17 нафар билимдон, фаол ва ташаббускор хотин-қизлар ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Аёллар кенгаши" республика жамоат бирлашмаси ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу танлов хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, билим ва салоҳиятларини юксалтириш, рағбатлантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қолаверса, мазкур танловнинг нуфузи, унга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буни танловнинг вилоят босқичи яна бир бор кўрсатди.
Танлов қатнашчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, уларнинг белгиланган шартлари бўйича қизиқарли ва ўзига хос чиқишлари барчага манзур бўлди.
Танлов якунида Андижон туманида фаолият олиб бораётган ҳунарманд Наргизахон Мирзаолимова ғолиб деб топилди ва танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиб ва фаол иштирокчиларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси М.Юнусова, Республика "Аёллар кенгаши" жамоат бирлашмасининг матбуот котиби Г.Мўминова ҳамда "Аёллар кенгаши" республика жамоат бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари С.Муҳитдиновалар табриклаб, уларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этиш ҳақидаги сертификатларни топширдилар.
Фаҳриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|