№50, 29.11.2012 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
КАСБИГА САДОҚАТЛИ АЁЛ
Балиқчи тиббиёт бирлашмасига қарашли ҳомиладорлик хасталикларини даволаш
бўлимининг катта дояси Раънохон Муҳаммаджонова ўз ишининг етук устасидир.
Нигоҳларидан меҳр ва самимийлик ёғилиб турувчи бу аёлнинг меҳнат фаолиятини бошлаганига 42 йил тўлди. Бу йиллар ичида у минглаб оилаларнинг қувончию ташвишига шерик бўлиб, зурриёдларни соғлом, дуркун дунёга келишига муносиб ҳисса қўшди.
42 йилдирки, Раънохон опада иш вақти белгиланмаган. Икки йўл орасида турган аёлга ширинсўзлик билан муомала қилиш, ўз яқинлари каби уни авайлаб-асраб муносабатда бўлишни - шифокорлик бурчи деб англагувчи дояни туманда танимаган одам кам. Дам олиш куни дейсизми, ярим кечами, уни излаб келувчилар жуда кўп. Қўли енгил ҳамшира бундай пайтларда сира оғринмайди, одамларга кераклигидан қувонади. Уларга ёрдам беришга ошиқади.
Шифокорлик - Раънохон опанинг болалик орзуси. Билим юртини тугатгач, туғруқхонада дояликдан иш бошлади. Касбини жон дилидан севиши, унга меҳр ва масъулият билан ёндошиши, ғайрат-шижоати ҳамон бундан қирқ йиллар аввалгидай, кўплар ҳавас қилса арзигудай эканлигини у билан бир сафда меҳнат қилиб келган "Саломатлик маркази" ҳамшираси Зиёда Олимова алоҳида таъкидлади.
Ҳа, олий тоифали ҳамшира ўз зиммасидаги масъулиятни юракдан ҳис этади, хотиржамликка берилмайди. Қайси аёл қачон, неча ёшида қандай касаллик билан оғриган, бу қандай асорат бериши мумкин, ҳомила қандай ўсяпти, туғруқ жараёни қай тарзда кечиши мумкин... буларнинг барчаси опанинг кундалик ташвишларига айланган. У қўл остидаги ҳамшираларга ҳам ўта талабчан. Ҳомиладорларнинг аҳволини доимий назорат қилмаслик, туғруққа тайёрлаш ишига бефарқ қарашни жиноят, миллат келажагига хиёнат деб билади.
Беморлар орасида нохуш ҳомиладорликнинг олдини олиш, туғруқлар орасидаги интервалга амал қилиш, она сутининг аҳамияти каби долзарб мавзуларда тушунтириш ишларини олиб боради. Унинг бундай тарғиботчилик фаолияти аёллар маслаҳатхонасида ишлаган 13 йиллик фаолиятида ҳам эътиборга тушган эди.
Мана, 7 йилдирки, Раънохон опа мазкур бўлимнинг ижобий кўрсаткичларини оширишга, оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, она ва бола соғлиғини яхшилашга улкан ҳисса қўшмоқда.
Намангандан келин бўлиб тушган Раънохон опа ўзининг одамохунлиги билан маҳаллада ҳам ўз ўрнини топган. Унинг турмуш ўртоғи Аҳмадхон ака чорак аср ички ишлар тизимида хизмат қилган инсон. Улар уч ўғил ва бир қизни тарбиялаб, қаторга қўшдилар. Ўғиллари Азаматхон нуфузли идорада хизмат қилади, Жаҳонгирхон ва Жавоҳирхонлар - тадбиркор. Шаҳнозахон давлат нотариал идорасида ишлаб, ҳаммалари эл-юрт корига яраб, одамларнинг оғирини енгил қилишмоқда. Тўнғич келин - Гулшаной қайнонасининг изидан бориб, ҳамшираликни танлаган.
Тўққиз набиранинг севимли бувижониси - Раънохон опа ҳамиша ғайрат ва шижоат билан эл хизматида эканини кўриб, ҳавасингиз келади.
Барно ШЕРАЛИЕВА.
|