Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№50, 29.11.2012

ҚАРЗНИ ҚАЙТАРМАСЛИК - КАТТА ГУНОҲ

Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил миқдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамлар мол-дунёсининг кўп ёки оз бўлишлиги улар учун синовдир.

Шариатимизда сахийлик, инсонпарварлик, очиқ чеҳралик улкан ажр-савоблик амаллар бўлганлиги учун мўмин-мусулмонларни ўшандай амалларни кўпроқ қилишга тарғиб қилинади. Чунки мана шу нарса инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларнинг ривожланишига, яхшиланишига, шу жамиятда яхшилик қилувчиларнинг кўпайишига ва кенг қулоч ёйишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ривоят қилинган бир Ҳадиси шарифда "Ҳар бир яхшилик - садақадир, киши биродарига очиқ чеҳра билан мулоқотда бўлиши - яхшиликдир, челагингдаги сувни биродаринг идишига қуйиб беришинг ҳам - яхшиликдир", - деб марҳамат қилганлар. Динимизда ўзга инсонларга яхшилик қилишга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар кўплаб келтирилган. Мана шу оят ва ҳадисларга эътиқод қилиб, савоб умидида ёрдамга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар ҳам кўп. Шу билан бирга бировнинг яхшилигидан баҳраманд бўлган одамга ҳам Ислом шариати бир қанча вазифаларни юклайди.

Хусусан, Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир Ҳадиси шарифларида шундай дейдилар: "Кимга маъруф (яхшилик) қилинса, унга мукофот берсин. Агар мукофот берадиган нарса топмаса, унга мақтов айтсин. Қачон унга мақтов айтса, шукр қилган бўлади. Агар айтмаса, куфрона неъмат қилган бўлади".

Ушбу Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ҳар бир яхшилик кўрган одам яхшилик қилган инсонга шунга яраша мукофот қайтариши, агар мукофотга қодир бўлмаса, қилган яхшилигидан мамнун бўлганлигини зоҳир қилиб бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам миннатдорчилигини билдириб қўйишлиги лозим бўлади. Лекин минг афсуслар бўлсинки, бир инсон бошига оғир иш тушиб қолган бошқа инсонга ёрдам берсам савоб бўлади деб, яхши ниятлар билан, ўзининг моддий даромадидан қарз бериб яхшилик қилса-ю, иккинчи томон эса ёрдам берган инсонни турли хил баҳоналар билан алдаб, ёки у инсоннинг ишончини суистеъмол қилиб, фирибгарликни ўзига одат қилиб олган бўлса... Ана шундай ноинсофлар ҳам орамизда оз бўлса-да учраб туради.

Расули Акрам (с.а.в.) Ҳадиси шарифларида қарз олишлик ҳақида: "Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида қарз олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади", - дея марҳамат қилганлар. Ушбу Ҳадиси шарифдан маълумки, ҳар бир қарз олмоқчи бўлган инсон, аввало, ниятини чиройли қилишлиги лозимдир. Агар киши мақсадини яхши қилиб, албатта, олган қарзимни қайтариб бераман, деб ҳаракат қилса, Тангри таоло ундай одамга ҳар ишида Ўзи мададкор бўлади. Бироқ қарз олувчининг нияти ёмон бўлиб, бировни алдаб молини еб кетиш бўлса, Ҳақ таоло ундай кимсанинг молини йўқ қилар экан.

Ушбу ҳақиқатни ҳар бир қарз олувчи яхши билишлиги лозим. Ҳаётимизда учраётган воқеалардан англаш мумкинки, бир мусулмонни алдаб, қарзини бермай юрган одамлар турли-туман офат-балоларга гирифтор бўлиб, ишлари орқага кетиб, ҳижолатчиликлари кўпайиб бормоқда. Шунинг учун қарздор инсон қарздан тезроқ фориғ бўлиши лозимдир.

Қарзини узишга қодир бўла туриб, уни эгасига қайтармай вақтни ўтказиб юриш қарз берган инсонга зулм қилган ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг Ҳадиси шарифларида: "Қарзини узишга қодир бўла туриб, уни адо этмай вафот этган киши қарзи адо этилмагунича Жаннатга кирмайди", деган сўзлари ва ҳатто ундай кишига жаноза ўқимаганликлари ҳақида ҳам ривоят қилинади. Аллоҳ таолонинг наздида ундай кишилар оғир гуноҳ иш қилганликлари учун ундан оғирроқ жазога лойиқдирлар. Чунки бу ишда бировнинг молини ноҳақ ейиш билан бирга ўзига яхшилик қилган инсонга ёмонлик қилиш, нонкўрлик, ноинсофлик ҳам қилган бўлади.

Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар ривоят қилган Ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) : "Ким одамларга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмаган бўлади", - дея марҳамат қилганлар.

"Ниҳоя" номли асарда "Банда киши томонидан қилинган яхшилиги учун унга раҳмат айтмаса, Аллоҳ таоло неъматларига қилган шукрини қабул қилмайди", дейилган. Ушбу Ҳадисга кўра, агар ундай инсон Аллоҳга шукр келтирса ҳам, Аллоҳ таоло ундай ноинсоф инсоннинг шукрини қабул қилмас экан...

Ана шундай, ўзгаларнинг ҳаққини еб юрган кишиларга айтамизки, майли, ўзингизни ўйламасангиз ҳам, лекин ўзгалар маблағидан луқма еяётган фарзанд-ларингизни ўйланг! Фарзандингизнинг бу дунё-ю у дунёсига зомин бўлманг.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонли, инсофли, ўзгалар ҳақидан қўрқадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб айласин, юзларимизни ёруғ айлаб, ҳидоятдан маҳрум қилмасин.

Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги

"Имом ал-Бухорий"

жомеъ масжиди имоми.

Алишер АБДУЛЛАЕВ,

"Саййид Мухйиддин махдум"

ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди