Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№50, 29.11.2012

(БЎЛГАН ВОҚЕА)

ҚАЙНОНАНИНГ ҚАРҒИШИ

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Яқин танишим Зулфияхон тақдиридан юраги пора-пора бўлиб гапириб берганди. У турмуш ўртоғи билан Тошкент давлат университетидаги бир факультетда, битта гуруҳда таҳсил олганди. Севиб-севилишиб турмуш қуришди. Бундай бўлади, деб сира ўйламаган эди. Ўшанда Рустамжон 30 ёшда эди. Бобосининг айтганича бор эди. "Рустаму достон бўлсин" деб, шу исмни қўйганди.

Рустам қорачадан келган, арслон келбатли йигит бўлса, хотини Зулфияхон нозиккина, лекин жуда гўзал аёл эди. Улар оила қуришиб, аввалига яхши яшашди. Зулфия эри нима деса қилар, ҳатто ишлама деса, ишламай ўтирди. Рустам унга ниҳоятда қўпол муомалада бўлса ҳам унинг феъли шундай деб тўғри қабул қиларди. Лекин юраги бир ҳапқириб қўярди. Ичида: "Муҳаббат деганлари шуми?" - дея савол берарди. Рустам мактабда ўқитувчилик қилди, кейин мактабга директор этиб тайинланди. У ерда анча йиллар ишлади. Ундан сўнг эса юқори лавозимга кўтарилди...

Вақт ўта бошлади. Улар бирин-кетин икки қиз фарзанд кўришди. Лекин оиладан файз кўтарилди. Пул ўлсин, барибир ўзининг шайтоний кучини кўрсатаркан. Рустам маишатга ружу қўйди. Кечқурунлари уйига келмас, "мажлисда эдим" деб, саҳаргача аллақаерларда қолиб кетарди. Зулфияни хотин ўрнида кўрмай қўйди. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейдиган бўлиб қолди.

Шундай кунларнинг бирида... Зулфия учинчи фарзандига оғироёқ эди, базўр инқиллаб юраётганди, эри:

- Юришингни қара, семиз товуққа ўхшайсан-а?! - деди юзини буриштириб.

Зулфиянинг бошидан совуқ сув қуйиб юборилгандай бўлди.

- Вой, дадаси, нима дедингиз? - деди-ю, йўлида юролмай қолди. Унинг дарди тутиб қолган эди.

Аёл ой-кунига етмай туриб, етти ойда қиз кўрди... Унинг ота-онаси, опа-сингиллари келишди. Нима бўлганига тушуна олишмади. Қайнона-қайнотаси ҳам ҳайрон. Чунки Зулфия уйидаги воқеаларни ҳеч кимга айтмас, унга ҳамма ҳавас қиларди-да. Чунки онаси унга доим: "Қизим, оила - муқаддас қўрғон. Уни асраб-авайлагин. Имкон қадар уйингдаги яхшиликларни билсин, одамлар. Рўзғордаги нохушликларни ҳеч қачон остонадан ташқарига чиқармагин", - дея уқтирарди.

Оналардан барибир сир тутиб бўлмайди. Зулфия ҳеч кимга тиш ёрмаса-да, онаси бир нимани сезди, шекилли куёвига юзланиб:

- Рустамжон, нима бўлди? Мен сизлардан кўнглим тўқ юрардим. Болаларим тинч яшайди, армоним йўқ, дердим. Наҳотки, ўйлаганларим сароб бўлиб чиқса? - деди.

Рустамдан садо чиқмади. Ҳатто туғилган фарзанди ҳам уни севинтирмади. Ўрнидан туриб, индамай ташқарига чиқиб кетди.

Хайри хола чуқур ўйга ботди. "Нима қилсам экан, Зулфияни уйга олиб кетаверсаммикин?"

Шу куни Хайри хола чақалоққа қараб қизиникида қолди. Бироқ Рустамдан дарак бўлмади. Хавотир олаётганини кўрган Зулфия онасини тинчлантирди:

- Бундай йўқ бўлиб кетишлар биринчиси эмас, ойижон, хавотир олманг, саҳар палла келади, куёвингиз.

У оғир "ух" тортди.

Зулфия айтгандай бўлди, фақат Рустам бу сафар уйга келиш тугул, телефон орқали қайнонаси билан кескин оҳангда гаплашгани ортиқча бўлди.

- Алло? Зулфия, гўшакни онангга бер, - деди Рустам.

Кейин у қайнонасига буйруқ оҳангида:

- Маслаҳатли иш бор эди... кетмай турарсиз... - деди.

- Ҳа, майли, болам... Тезроқ келинг, - дея Хайри хола бироз саросимага тушди.

Бир маҳал не кўз билан кўрсинки, куёви қўлида чақалоқ кўтариб олган бир аёл билан уйга кириб келишди.

Хайри хола яна соддалик қилди, қизига:

- Тезроқ тўшак олиб чиқ, меҳмон келди, - деди.

Рустам эса уялмай-нетмай:

- Ойи! Бу... менинг иккинчи хотиним... Исми - Сора. Бу ҳақда сизларга аввалроқ айтмоқчи эдим, лекин фурсати бугун экан...- деди.

...Ҳамма ёқ остин-устин бўлиб кетди. Нима эмиш, Зулфия фақат қиз туғармиш. У аёлдан эса ўғил фарзандли бўлибди... Бор сабаб шу.

Хайри хола юрагини чангаллаб қолди. Лекин Рустам парвойига ҳам олмай:

- Иккаласи ҳам шу уйда яшайверади, - деб сигарета тутатиб ўтирганини кўриб, Зулфиянинг хўрлиги келди.

Кейин қизларининг уст-бошларини йиғиштиришга тушди.

- Кетамиз, ойи! - деди у йиғлаб.

Хайри хола кўзларига жиққа ёш олиб, беихтиёр қўлларини дуога очди:

- Сени Худо хор қилсин! Болаларнинг уволи тутсин! Уйинг ўзингга сийлов, илоҳим, кўчада қолгин сен!..

...Вақт ўз ишини қилди. Хайри холани дард енгиб, оламдан ўтди. Зулфия фарзандларини оёққа турғазди. Ўқитди, ишли қилди. Тенгига тенгдош қилиб, узатди. Қуда-андали, неварали бўлди.

...Рустам ҳақида ҳамма "миш-миш" тарқалди. Лекин бундай гапларга Зулфия парво қилмади. Чунки у ўзининг "ширин ташвиш"ларидан ошинмасди.

Бир куни Зулфия набираси билан бозор айланиб юришганди, ортидан кимнинг-дир овози эшитилди, таниш овоз... У ўгирилиб қаради. Қаради-ю, кўзларига ишонмади, бу Рустам эди.

Шу пайт унинг қулоқлари остида онаизорининг қарғишлари жаранглади: "Кўчада қолгин...".

Ҳа, мазлума билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ, деган гап рост экан. Рустам катта гуноҳ қилганди. Мол-давлатига ишониб, калта ўйлаганди. Оиласини хор қилди, муштипар қайнонасининг кўнглини синдирди. Энди уни қайнонасининг қарғиши урди.

"Миш-миш"лар ҳақиқат экан. Ўғил фарзанд туққан аёли Рустамнинг давлатига учиб, уни бор-будидан айригач, "Бола сеники эмас", дея уни ташлаб кетганди. Рустам ишдан бўшади, уйи эса мусодара қилинди...

Зулфия бояги таниш овоз эгасига тикилиб қаради. У:

- Хайр қилинг, Аллоҳ йўлига... - деб, ўтган-кетганларга маъюс нигоҳ билан умидвор тикилиб ўтирганди.

Зулфия юролмай қолди. Ич-ичидан алам билан йиғлаб юборди: "Онажон, онажон...

Мастурахон НАСРИДДИНОВА,

Марҳамат тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди