№51, 06.12.2012 МАСЛАҲАТЧИЛАР ФАОЛИЯТИДАН
"НАЙМАН"ДАГИ ИБРАТЛИ ИШЛАР
"Найман" қишлоғи Андижон туманидаги энг обод масканлардан бири. Йиғинимизда 31174 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 15845 нафарини аёллар ташкил этади. Ҳудудимизда 9 та мактаб, 4 та ҚВП, 4 та мактабгача таълим муассасаси ва 1 та касб-ҳунар коллежи бўлиб, улар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Қишлоғимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларида 10 нафар маслаҳатчи фаолият кўрсатади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар бир соҳада хотин-қизларимиз анчагина фаол. Қишлоқ аёллари ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга оид қатор ишлар бажарилмоқда. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик бўйича фаолият юритаётган Чўмбоғич маҳалласидан Мақсудахон Холматова, Қорақалпоқ маҳалласидан Моҳидилхон Сиддиқовалар "Устоз-шогирд" йўналиши асосида кўплаб қизларни тикувчиликка ўргатмоқда. "Ешода-Бегойим" тикувчилик цехини бошқараётган Зулфия Умурзоқовадан тикувчилик сирларини мукаммал эгаллаётган қўли гул чевар қизларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Шунингдек, ҳудудимиздаги Жасурбек Режабалиев, Омадхон Ғоффорова, Бобуржон Зияев сингари саховатпеша инсонларнинг кўмагидан кўпчилик миннатдор.
Бундан ташқари, ҳудудда диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, оилада соғлом муҳитни қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Турли тўй-маъракалар, диний маросимларда юртимиздаги тинчлик, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро қўни-қўшничилик ҳақида тўхталиб ўтамиз. Бунда бизга кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга онахонларимиздан Замирахон Акрамхўжаева, Зуҳра Назарова, отинойи Каримахон Аҳмадқуловалар яқиндан ёрдам беришмоқда. Ушбу тажрибали онахонларимизнинг яраштириш комиссия-сидаги фаолияти ҳам диққатга молик. Ўтган давр мобайнида қишлоқда 11 та оилада нотинч вазият кузатилган бўлса, уларнинг 5 таси комиссиямиз томонидан бартараф этилди.
Ёшлар ва хотин-қизларни спортга жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда маҳалламизда футбол, волейбол, қўл тўпи, шахмат-шашка, енгил атлетика ҳамда каратэ тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Тажрибали мураббий Гўзалой Эргашева раҳбарлигида бугун эллик нафарга яқин найманлик хотин-қизлар спорт билан шуғулланишмоқда. Қишлоғимиздаги уй бекалари, раҳбар аёллар, маҳалла маслаҳатчилари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланган.
Маҳалла ҳудудида ўтказилаётган тўй-тантана, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш борасида ҳам режа ишлаб чиқилган бўлиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси зиммасида катта масъулият бор. Яъни, ўзи яшаётган, ишлаётган маҳалла ёшлари таълим-тарбияси учун масъул. Ҳар бир маслаҳатчимизнинг бу борада алоҳида иш-режаси мавжуд. Мен қишлоғимиздаги барча маҳаллалар маслаҳатчилари етакчиси сифатида улардан ҳар бир ёшга, айниқса, қизларга яқин бўлишни, улар кўнглига йўл топиш зарурлигини уқтираман. Дунёда кўнгилдек нозик хилқат бўлмаганидек, унга йўл топишдан мушкул иш ҳам йўқ. Аммо маслаҳатчи ўз ишини, маҳалладошларини яхши кўрса, бу вазифанинг уддасидан чиқади. Маслаҳатчи астойдил интилса, ҳар қандай дилга дилдош, кўнгилга сирдош бўла олади. Бунинг учун ёшларга миллий қадриятларни эъзозлашни, аждодлардан мерос табаррук фазилатларни асраб-авайлашни ўргатиш, миллий ўзликнинг мазмун-моҳиятини англатиш лозим.
Маҳалламизда ёш оилалар кўп. Уларнинг тинч-тотув яшаётганини кўриб, ота-оналарга, кексаларга раҳмат айтаман. Тарбиявий аҳамиятга эга тадбирларда намунали оилаларни, нуронийларни ибрат қилиб кўрсатаман.
Замирахон ҒУЛОМОВА,
Андижон тумани.
|