№51, 06.12.2012 8 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ
КОНСТИТУЦИЯ ВА ОИЛА
Оила жамиятнинг асосий бўғинидир. Оила жамиятда юксак нуфуз, эътибор ва аҳамиятга эга эканлиги боис, конституциямизда алоҳида модда оилага бағишланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-моддаси 1-қисмида "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга" деб қатъий белгилаб қўйилган.
Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла, юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ҳукм суради. Зеро, оила фаровонлиги миллий фаровонлик асосидир. Ҳалқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қадрли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби қатор инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланган.
Оила - фуқаролик жамиятнинг таянч тузилмаларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Зеро, бу муқаддас масканда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбияланади, шаклланади ҳамда камол топади. Унинг шахс сифатида ўзлигини намоён этишдаги аҳамияти ниҳоятда каттадир.
Юқорида таъкидланганидек, Бош қомусимизнинг оила бобида, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга еткунга қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби, фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.
Оиланинг жамиятдаги ролини таминлашда унинг ҳуқуқий муҳофазаси, ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикасининг "Оила кодекси"нинг роли ҳам алоҳида аҳамият касб этади. "Оила кодекси" жаҳонда эътироф этилган ҳуқуқий нормаларга тўла мос равишда яратилган.
"Оила кодекси" 8 та бўлим 138 та моддадан иборат.
Бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни эркинлаштириш жараёни билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга қарамай, ўзбек оиласининг жамият ҳаётини мустаҳкамлашда, барқарорликни таъминлашдаги ўрни ва роли беқиёсдир. Шу ўринда Ғарбга хос маданиятга ихлосманд оилалар анъанавий оилавий муносабатларда халқимизга хос маънавий қадриятларни, аввало, ўз оила аъзоларининг фуқаровий нуқтаи назари, жамият олдидаги бурч ва масъулиятларини асло унутмасликлари лозим.
Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифаси оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини ҳеч қандай тўсқинликсиз амалга ошириши ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Асилбек АБДУРАИМОВ,
Тошкент давлат юридик институти талабаси.
|