№51, 06.12.2012 МУНОСАБАТ,
ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР-КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР
Келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг ўқиб, билим олишлари учун юртимизда барча шарт-шароитлар яратилган. Улардан фойдаланиш ҳуқуқи эса мамлакатимиз конституциясининг IX боб 41-моддасида қайд этилганидек, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиши давлат томонидан кафолатланган.
Ҳар қандай мамлакатнинг, жамиятнинг куч-қудрати, сало-ҳияти ёшларга, бир сўз билан айтганда, эртанги кун эгаларига бўлган муносабат ва эътибор билан ўлчанади. Бу оддий ҳақиқатнинг исботини юртимизда амалга оширилаётган кенг-кўламли ишлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, истиқлол йилларида мамлакатимизда кўплаб замонавий мактаблар, академик лицейлар, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган касб-ҳунар коллежлари барпо этилди. Бу албатта, ёш авлод камолотига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Минг бора шукрки, республикамизда бу масалага давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан иборат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга жорий этилиши ҳар томонлама фаол, баркамол авлодни шакллантириш ва маънавий, сиёсий жиҳатдан етук, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Юртимизда миллати, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар бир фуқаронинг камолотига хизмат қилувчи Бош қомусимиз қабул қилинган кун мамлакатимизда яшаётган ҳар бир киши учун байрамдир. Зеро, бу китоб энг аввало, болаларнинг билимдон, руҳан бақувват ва ўткир қобилият соҳиби бўлишлари учун зарур йўлланмадир, деб баҳоласак асло муболаға бўлмайди.
Бош қомусимизни ҳурмат қилиш, ҳимоя этиш ва унга муносиб бўлиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Соҳибхон ЧИНБЕРДИЕВА,
Балиқчи индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.
|