№51, 06.12.2012 (ҲИКОЯ)
САДОҚАТНИНГ САДОҚАТИ
Куз ҳавоси жуда тез ўзгарди. Осмонни қора булут қоплади-ю, ёмғир томчилай бошлади. Эпкин эсаётган шаббода изғиринли шамолга айланиб, йўл четидаги тупроқларни тўзон қилиб, ҳар ёққа итқитади.
Ишдан кеч қайтган Садоқатнинг хаёллари ҳам мана шу чанг-тўзондек ҳар ёққа сочилган. Аксига олиб чироқ ҳам ўчди. Ўчоққа ўт қалаган Садоқатнинг юрагини ҳижиллик қамраб олди.
- Бугун ҳам овқат пиширишга кечик-дингми?!- Эсонбой дағдаға билан ошхонага кираркан, Садоқатнинг юраги увишди.
- Келдингизми, дадаси, овқат пишди. Ҳозир соламан. У бўғилганидан сўнгги сўзни зўрға айтолди холос.
- Яна касалинг қўзидими? Ўзи сен соғ юрганмисан-а? Келганингдан буён касалсан.
Аёлнинг кўзлари ёшланди. Аммо Эсонбой бунга парво ҳам қилмай, ўзича бир нималар деб йўлакдаги човгунни зарб билан тепиб, уйга кириб кетди.
Аёл овқатни сузаркан, ич-ичидан хўрлиги келди.
"Гуноҳим нима?! Итоатгўй бўлганимми ёки оиламни қаттиқ ҳурмат қилганимми? Бирни икки қиламан, деб тиним билмаганимми?"
Садоқат бу дардларини юзага чиқармади. У қайнонасининг олдига овқат олиб кираркан, қўшни хонада дарс тайёрлаётган болаларни овқатга чақирди:
- Наргиза, Элдорбек, қўлларни ювиб овқатга киринглар.
У бу сўзларни лабида табассум билан айтса-да, ичидаги ғашлик ҳамон қалбини кемирар эди. Буни қайнонаси жуда яхши сезиб турарди.
Овқатдан кейин ҳам Эсонбойнинг қовоғи очилмади. Болалар отасининг авзойидан чўчиб, дастурхондан дарров туриб кетишди.
Эсонбой ҳам зарур иши борлигини айтиб, кўчага чиқиб кетгач, қайнона келинига юзланди:
- Қизим, ўғлимнинг яхшилигини ўзингиз ҳам биласиз. Ишдаги ғалвалар ҳам унинг асабини бўшаштириб қўйган-да. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Сиз эртага докторга бориб кўрининг.
Ҳалима холанинг юпанчи Садоқатнинг юрагидаги хижиллликларни бир оз бўлса-да ёзди. У қувонч кўз ёшларини артар экан, қайнонасидан миннатдор бўлди
Эртасига эрталаб Садоқатнинг "докторга кўринаман" деган гапи бошига бало бўлди. Уйдаги шовқинни эшитиб, қайнонаси кирди.
- Сенга нима бўляпти ўзи? - деди ўғлига ўдағайлаб. Гулдек хотинингни шу кўйга солган ўзинг-ку. Болаларингни бахтини ўйласанг-чи? Одамлар хотинларини ўзлари докторга олиб боришади. Сен бўлсанг...
Она бечора шу гапларни айтди, бир "оҳ" тортиб, тўшакка ўтириб қолди.
Эсонбой нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо негадир қўлини силтаб чиқиб кетди. Ҳалима хола кўча томон юраркан, келинига деди:
- Болам, бўла қолинг, докторга кеч қолманг.
Садоқат автобус бекатига етиб борганида ёмғир савалай бошлади.
Туман марказидаги шифохонага у бир неча бор келган. Аммо ҳозир ўзи шифокор қабулига келаётгани учунми, қадамлари оғир, оёқлари ўзига бўйсунмаётгандек эди.
Навбатга ёзилгач, ўриндиққа ўтирди-ю, ҳамшира қизларни кузатиб, уларга ҳаваси келди. У ҳам бир вақтлар шифокорликни орзу қилган эди.
- Садоқат.
Бу таниш овоздан Садоқат ўзига келди-ю, кўзлари қувончдан порлаб кетди. Унинг қаршисида оқ халатда яқин дугонаси Моҳира турарди. Дугоналар бир-бирларини узоқ вақт кўрмаганлари боис, қучоқ очиб кўришдилар. Садоқат дугонасининг бу ерда ишлашини билмас эди.
Салом-аликдан сўнг Моҳира дугонасининг келиш сабабини сўради.Бор гапдан хабар топгач, ингичка лабини қимтиди.
- Хафа бўлма. Биз сени отдай қилиб қўямиз,-деди. .
Улар шифокор қабулига киришаркан, Садоқатнинг кўзи шифокор кийимидаги Акбаржонга тушди. Кутилмаган учрашув ҳар иккисини эсанкиратиб қўйди.
Садоқат Моҳира билан синфдош эди. Акбаржон эса Моҳиранинг акаси бўлиб, уч синф юқорида ўқирди. Мактабнинг энг аълочи ва фаол ўқувчиларидан эди. Шунинг учун бўлса керак, мактабни битирибоқ тиббиёт институтига ўқишга кирди. Қишлоқнинг манаман деган қизлари бу йигитнинг назарига тушишни хоҳларди, аммо йигитнинг кўнгли Садоқатни танлаган эди.
Кунлардан бир кун Акбаржон қизни ёлғиз учратганда, иккисининг ҳам юраги қинидан чиққудек бўлиб урди. Кўнгил изҳорини айтди-ю, лекин қиздан садо чиқмади.
Садоқат йигитни ўйлаб ширин орзулар қила олди, холос. Чунки қиз хонадонида ота ҳукми ҳамиша устун эди.
...Текширувлар натижаси чиққач, қайнонасининг зўри билан Садоқат касалхонага ётди. Кун ўтган сайин ўзини яхши ҳис қила бошлади. Акбаржоннинг муолажалари, дугонасининг ширин сўзи, қайнонасининг далдалари унга куч-қувват бағишлади.
- Энди юрагингиз анча бақувват. Букилмас иродангиз касалликни енгишга ёрдам берди,- деди текширувлардан сўнг шифокор.
Садоқатнинг кўзларига миннатдорлик ёшлари инди.
Орадан бир неча кун ўтиб, уни шифокор чақиртирди.
Акбаржон Садоқатни ўтиришга таклиф этаркан, бироз ўнғайсизланиб гап бошлади:
- Садоқат, сизда муҳим гапим бор эди...
Аёл унга "ялт" этиб қаради. Акбаржон дадиллашишга уриниб, сўзида давом этди.
- Эшитишимча, оилангиз нотинч экан. Сизга умр йўлдошингиз муносиб эмаслигини англадим. Менинг сизга бўлган туйғуларим ҳалиям ўша-ўша.
- Бу билан нима демоқчисиз?- Садоқат унга маъноли назар ташлади.
Акбаржон мақсадга кўчди:
- Учрашиб турсак, дегандим.
Садоқат худди электр токи урган каби бир сапчиб тушди:
- Акбар ака, сиз нотўғри эшитибсиз. Мен оиламни ҳамма нарсадан устун қўйганман. Турмуш ўртоғим масаласига келсак, менга ҳеч ким у инсончалик қадрли эмас. Афсус, мен сизни яхши билмаган эканман.
Садоқат хонадан чиқар экан, ўша бемеҳр Эсонбой акасига меҳри товланиб кетди. Унинг бахти оиласи эканлигини шу тобда яна бир бор дилдан ҳис қилди.
Палатага кираркан, Садоқатнинг кўзларида қувонч порлади. Унинг қаршисида бир қучоқ гул кўтариб, Эсонбой турарди. Унинг кўзларидаги меҳр аёлга "Фақат бахтим ўзингсан" деяётгандек эди.
Моҳира дугонасини кузатгач, Акбаржоннинг олдига кирди. Акбаржон дераза ойнасидан кўчага термулиб турарди.
У синглисига юзланиб бўғиқ овозда:
- Дугонанг исмига жуда муносиб-да,- дея олди, холос.
Муқаддамхон ОРИПОВА,
Шаҳрихон тумани.
|