№1, 04.01.2013 ПРЕЗИДЕНТ АРЧАСИ ТАНТАНАЛАРИ
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Президент арчаси" байрами тантаналари бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятдаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, Ватанимиз тинчлиги ва дахлсизлиги йўлида қурбон бўлган ҳарбийлар, ички ишлар тизими ходимлари, шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари иштирок этдилар.
Тадбирда болажонларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди. Қувноқ куй, қўшиқ ва рақслар, Қорбобо, Қорқиз ва севимли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар, топқирлик ва зукколик ўйинлари, қизиқарли саҳна кўринишлари кичкинтойларга шодлик ва чексиз завқ бағишлади.
Президент арчаси байрам тадбирида Андижон вилояти ҳокими А. Усмонов иштирок этди.
Янги йил байрамига бағишланган бу каби тадбирлар З. М. Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида, Андижон шаҳар болалар боғида, таълим муассасаларида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлардаги кўнгилочар масканларда юқори савияда бўлиб ўтди.
У. АБДУСАЛОМОВ.
|