№1, 04.01.2013 ҒОЛИБАЛАРГА ЭҲТИРОМ
Андижон шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Ғолибаларга эҳтиром" деб номланган Янги йил байрами тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида меҳнат қилиб, фидойилик билан жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ хотин-қизлар ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этдилар.
Йиғилганларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова байрам билан муборакбод этди ҳамда Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги олдидан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган фаол аёлларимизни, шунингдек, "Мустаҳкам оила йили" давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган қатор кўрик-танловлар совриндорларини, Зулфия номидаги Давлат мукофоти вилоят босқичи ғолибаларини ҳамда жаҳон чемпионатлари ва халқаро турнирлар ғолиби бўлган спортчи қизларни эришган муваффақиятлари билан табриклади.
Ғолибаларга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Шундан сўнг "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси хонандалари, элимиз суйган санъаткорлар Шуҳрат Ҳакимов, Ғанишер Абдуллаев, Машҳурбек Райимжонов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ширин Маматова, шунингдек, "Мерос" жамоаси раққоса қизларининг чиқишлари даврага ўзгача завқ бағишлади.
З. АБДУЛЛАЕВА.
|