№1, 04.01.2013 Муҳаррир минбари
ЮРТИМИЗ ОБОД, ХАЁТИМИЗ ФАРОВОН БЎЛАДИ
Тарих зарварақларида яна бир йил ортда қолди.
Халқимиз, юртимиз ҳаётида унутилмас, ёрқин саҳифаларга бой бўлган 2012 йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади.
Жаҳон иқтисодий инқирози барҳам топмаган, дунёдаги қатор давлатлар унинг таъсири доирасидан чиқиб кетолмаётган бир даврда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўсишга эришди, иқтисодий салоҳияти юксалди. Шу боис, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ортди, Ватанимиз билан ҳамкорлик қилиш истагидаги давлатлар сафи кенга-йиб бораётганлигини эътироф этиш жоиз.
Юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, айниқса, тадбиркорликка, хусусий ва оилавий бизнес ҳамда фермерлик ҳаракати ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, улар фаолиятини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги иқтисодий ҳаётимизда ижобий натижаларга эришишда муҳим омиллардан бири бўлмоқда. Хусусан, шаклланиб бораётган мулкдорлар синфи ўз манфаатларини жамият манфаати, Ватан тараққиёти билан чамбарчас эканлигини дилдан ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқдалар.
Якунланган йилда маънавий-маданий ҳаётимизда ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Хусусан, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилувчи ижтимоий соҳалар - таълим, тиббиёт тизимларида олиб борилган ишлар самараси ўлароқ мазкур соҳалар тобора юксалиб бормоқда. Биргина ўтган йилнинг 1 декабрига қадар тиббиёт соҳасида республика бўйича 241,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, республика ва ҳудудлар миқиёсида 110 та даволаш муассасаларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилганлиги инсон омилига, соғлигини сақлашга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин мисолидир.
Жумладан, вилоятимизда ҳам "Мустаҳкам оила йили"да улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Андижон ва Хонобод шаҳарлари, барча туманларимиз марказлари, қишлоқларимиз қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Янги-янги корхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, равон йўллар, тураржой бинолари қад ростлади. Бугун қишлоғу шаҳарларимиз кўрки, камолига ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Президентимиз қарорига асосан, намунали лойиҳалар асосида 2012 йилда қулай, бир-биридан чиройли 770 та уй-жой бунёд этилганлиги қишлоқ аҳолисининг кўп йиллик орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда. Бу каби ибратли мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан жорий йил Ўзбекистонда "Обод турмуш йили" деб белгиланди. Мазмун-моҳиятига кўра, ушбу йилни "Мустаҳкам оила йили"нинг мантиқий давоми дейиш ўринлидир. Чунки турмуш фаровонлиги энг аввало, оиладан бошланади. Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар соғлиги ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган, шу билан бирга келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.
Шу маънода юртбошимиз таъкидлаганларидек, ободликни ҳар бир киши ўзидан, кўнгил ободлигидан, оиласидан бошламоғи лозим. Шундагина юртимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлишига асло шубҳа йўқ.
Ишончим комилки, жорий йилда ҳам изланувчан, ташаббускор ва бунёдкор андижонликлар барча жабҳаларда улуғвор ишларни амалга оширадилар.
Янги йилни газетамиз таҳририяти ҳам кўтаринки ижодий кайфият билан бошлади. Жорий йилда ижодий анъаналаримизни давом эттирган ҳолда вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги воқеалар, вилоятимиз хотин-қизлари ҳаёти, фаолларимизнинг илғор ишлари, ижодкор опа-сингилларимиз ижод намуналари билан газетхонларимизни мунтазам таништириб борамиз. Бундан ташқари, саҳифаларимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, кайнона-келин муносабатлари, оилада турмуш маданиятини шакллантириш, хотин-қизларимиз фаоллигини ошириш, уларнинг тиббий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, ҳаётимизга доғ бўлаётган салбий ҳолатлар, кўпларни қийнаётган муаммолар, умуман, турли-туман мавзулардаги қизиқарли мақолалар бериб борилади. Бир сўз билан айтганда, барча саъйи ҳаракатларимиз юртдошларимиз маънавиятини юксалтиришга, дунёқарашларини бойитишга хизмат қилади, уларни бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан боқишга ундайди.
Газетамизнинг янада мазмунли ва қизиқарли чиқишини таъминлашда сиз азиз муштарийларнинг таклиф ва мулоҳазаларига таянамиз. Шу боис, газетамиз хусусида сизларнинг таклиф ва тавсияларингиз билан ўротоқлашишга ҳамиша тайёрмиз. Мухтасар қилиб айтганда, 2013 йилда газетамиз сиз билан ҳамфикр, кўнглингизга яқин нашр бўлиб қолиши, сизларга ҳар жиҳатдан маъқул ва манзур даражада чоп этилиши учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик олиб келсин, юртимиз учун барқарор ривожланиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган йил бўлиб қолсин.
|