Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№1, 04.01.2013

бугуннинг гапи

Онасини кўриб қизини ол

ёҳуд қудачиликнинг нозик жиҳатлари, қайнона-келин муносабатлари хусусида

Оила муқаддас даргоҳ. Оила Ватаннинг бир бўлаги,остонасидир. Хўш, қачон оила аталмиш қўрғонга дарз кетади? Қачонки, ундаги бирдамлик, ҳамжихатлик бузилса? Келин бўлиб қайнонани менсимаса, ўзи билганча иш тутса? Ёҳуд қайнона келинни фарзандидай кўрмаса, бахтни бойлик билан ўлчаса?..

Кейинги пайтларда ҳаётимизда қудаларнинг мавқеи бир-бирларига мос тушиши, қайнона-келин муносабатларидаги муаммолар кўп учрамоқда. Бир онахон таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, оиласида бўлаётган кўнгилсизликни айтиб ёзғириб қолди. Онахоннинг айтишича, фарзандларини уйлаб-жойлаб бундай ҳолатга дуч келмаган экан.

- Деҳқончиликнинг орқасидан рўзғор тебратиб, ўғил-қизларимизга тўйлар қилдик, - деб бошлади онахон сўзларини. - Баҳоли қудрат болаларимизни ўқитдик. Иккала ўғлимиз ҳам ўзимиз сингари оддий оилада улғайган қизларга уйланишди. Келинларим оиламизга тезда мослашиб кетишди. Бироқ кенжа ўғлим бадавлатроқ хонадоннинг қизига кўнгли тушиб, бир-бирларини ёқтиришиб, турмуш қуришди. Аммо бу келиним ёт муҳитга ҳеч кўниколмаяпти. Рўзғорга ҳам уқуви йўқлигини билинтирмай, келинларим билан ишларни биргалашиб қилиб юрдик. Ҳали келинлик саруполари эскирмай, янги кийим-кечак олишни бошлади. Ўзи мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бошида ўртоқлари кийса кийгиси келгандир-да, деб индамадим. Қарасам, келиним маошини бермасдан ўзи билганича ишлатиб юрибди. Турмуш ўртоғим эрта вафот этганлиги учун топган пулимизни бир жойга жамлаб ўрганганмиз. Шунда баракаси бўлади. Тежаб-тергаб, рўзғорни бекам-у кўст қилиб юритамиз. Шуни ётиғи билан тушунтирсам, келин эшитишни ҳам истамади. Нима эмиш, у бундай одатга ўрганмаган экан. Бир-икки ой яшади-ю аразлаб кетиб қолди. Бошимни эгиб қудамникига бордим. Қудам қизининг ёнини олиб "бечора қизим уйингизда қорни тўйиб овқат ҳам емас экан, буёғига хомиладор бўлса", деб қолди.

Буни қарангки, келиним оиламиздаги баъзи бор-йўқчилик камчиликларни уйидагиларга, қўни- қўшниларга айтаркан. Буни эшитиб жуда хафа бўлдим. Шу вақтгача бирорта келинимни оч қолганини, оиламиздан кўнгли тўлмаётганини эшитмагандим. "Бой-бойга боқар, сув сойга оқар", деб бежиз айтишмаган экан. Ҳар ким ўз тенги билан қуда-анда бўлгани маъ-қул экан.

Онахоннинг фикрларига қў-шилгим келди. Турмуш пойдевори мустаҳкам бўлишида "томонлар мавқеи" шунчалик муҳим эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Шу хусусда ҳаёт аччиқ-чучугини тотган, ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонларни, опа-сингилларимизни суҳбатга тортдик.

* * *

М.РАСУЛОВА,

меҳнат фахрийси:

- Кейинги пайтларда оилада қайноналарни ўкситиш, менсимаслик ҳолатлари бўляпти. Қайнона ким? Қайнона она. Қайнона сендан кўра кўпни кўрган. Кўп қийинчиликларни, рўшноликларни бошидан кечирган. Сендан кўра кўп кўйлак кийган. Болаларини ўқитаман, уйлаб жойлайман деб қаноатга ўрганган. Келин бўлиб қайнонани менсимаса, маошини ўзи билганча сарф қилса?! Бу нарсаларнинг ҳаммаси келиннинг тарбиясизлигини кўрсатиб турибди. Келин шундай яхши касбни эгаллабди-ю, ота-она тарбиясини олмабди. Келиннинг отаси давлат топибди-ю, қизига тарбия беролмабди. Оилалар мустаҳкам бўлишида қудаларнинг мавқеи эмас, маънавий онгги муҳимроқ, деб ўйлайман.

Х.ЮСУПОВА,

фахрий ўқитувчи:

- Менимча, рўзғорнинг мустаҳкамлигида ўғилнинг рисоладагидек тарбия кўрганлиги муҳим. Унга ота-она оила муқаддаслигини ва шу билан бирга унинг тош-тарозисини бир маромда ушлаб туриш жуда муҳимлигини, бу иш анча муқаддаслигини вақтида уқтира олган бўлса, ўғил ҳам хотинининг ножўя хатти-ҳаракатларига нописанд қараб турмайди. "Борманг", "Кийманг", "Қилманг" сўзлари қайнона томонидан эмас, турмуш ўртоғи томонидан айтилса, анча мулойимроқ эшитилади. Эрка ўсган қизни тарбиялаб келинликка ўргатиш анча мушкул. Бу сизга синов. Энди қайноналик санъатингизни ишга солинг.

Б. ЙЎЛДОШЕВА,

маҳалла фаоли:

- Ҳозирги келинлар олдингилардай эмас. Балки она қизларига тўғри тарбия бера олмаётгандир. Чунки келиннинг тарбияси онага боғлиқ. Ёшлигидан болани ишга солиш керак. Агар ёшлигидан ишга сололмадингми, тамом, катта бўлгандан кейин сенга бўйсунмай қолади. Айниқса, қизларнинг иши қийин. У бировнинг хасми, ўзга хонадонга онанинг тутимини олиб боради. Раҳмат эшитса ҳам, лаънат эшитса ҳам онага келади. Шунинг учун ҳам "онасини кўриб, қизини ол" деган мақол чиққан. Оналар қизларининг тарбияси-ю, юриш, туриши, кийиниши, одоб-ахлоқига қанчалар эътиборли бўлсалар, уларни рўзғорга уқувли қилиб боришга ҳам шунчалар аҳамият беришлари лозим. Чунки оилада аёл пазанда, саранжому-саришта, меҳнаткаш, каттаю кичикка бирдай ҳурмат-эътиборли бўлсалар, бундай оилаларда ҳеч қандай низо бўлмайди.

О. БОЛТАБОЕВА,

22 ёш, ўқитувчи:

- Ота-онам ўқитувчи, ўзим ҳам шу касбни танладим. Бой хонадонга келин бўлиб тушдим. "Пулга эҳтиёжимиз йўқ, ишламайсиз", деб турмуш ўртоғим шарт қўйди. Сен-менга бормайлик, дея шартларига кўндим. Қайнонам ҳам бирор жойда ишламаган. Турмуш ўртоғининг топганини сарф қилиб ўрганган. Баъзан онам қилган саруполарни ерга уриб, мени камситади. "Пулга эҳтиёжимиз йўқ",дейди-ю арзимаган латта-путтанинг юзига боради.

Дунёқарашларимиз мутлақо зид бўлган қайнона-келин бир уйда ўтирсак, низо келиб чиқаверади. Ишлайман, десам қайнонам ҳам, эрим ҳам қарши. Қайнонам иккинчи ўғлига синглисининг қизини олиб берди. Бой оиладан тушган қиз қайнонам билан узукка кўз қўйгандай мос тушди. Мен ҳам ўзимиздай зиёли оилага келин бўлиб тушганимда бундай муаммоларга дуч келмаган, ҳозир ўқитувчи бўлиб ишлаётган бўлармидим...

* * *

Бир шоир оилага "игна учида турган қаср" деб таъриф берган экан. Оила муқаддас. Оиланинг бахти аёл билан боғлиқ. Оиладан ташқарида аёл учун чинакам бахтли, саодатли турмуш бўлишини тасаввур этиб бўлмайди. Шундай экан, биз тарбиялаётган қизлар рўзғорга файз киритсин. Қайноналарнинг хизматиниям, ҳурматиниям қилсин. Қайноналар ҳам ўз ўрнида келинларга оналик қила олсин, ҳаётий тажрибалари асосида келинга оилавий ҳаёт кўникмаларини усталик билан сингдирсин. Турмушнинг паст-баландини ўргатсин. Шундагина турли низолар келиб чиқмаслиги, ана шу хонадон соҳибларининг эл-юрт олдидаги ҳурмати баланд бўлиши аниқ

Сиз нима дейсиз,азизлар!

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди