№1, 04.01.2013 Маслаҳатчилар ҳаётидан
МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР МАСКАНИ
Маҳалла қувонч ва ташвишлар остонаси. Яхшилик, янгиликлар, ҳар қандай урф-одатлар, миллий қадриятлар бешиги айнан маҳалла саналади,маҳаллада сайқал топиб, жорий этилади.
Шаҳрихон тумани, Ҳақиқат қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Сарой маҳалласи тумандаги энг намунали маҳаллалардан бири ҳисобланади. Одинахон Аҳмедова маслаҳатчи бўлиб фаолият юритадиган бу гўшада 633 та оила, 520 та хўжалик, 2910 нафар аҳоли истиқомат қилади. Одамлар орасидаги ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик сабаб маҳалла обод масканлардан бирига айланган.
- Маҳаллада турли хил устахоналар ва тикувчилик цехларининг фаолият кўрсатаётганлиги бу ерда яшовчилар учун барча қулайликларни яратмоқда, - дейди Одинахон биз билан суҳбат чоғида. - Ака-ука тадбиркорлар Таваккалжон ҳамда Маъмиржон Юнусовларнинг саъй-ҳаракатлари билан уларнинг хонадонида пайпоқ тўқиш цехи ташкил этилди. Маҳалладаги ишсиз ёшлардан 20 нафари шогирдликка олиниб, иш билан таъминланди. Сойибжон Ашуров ҳам оила аъзолари билан биргаликда калиш ишлаб чиқарадиган цех очиб, 6 нафар шогирдларни ёнига олиб, иш бошлади. Дилфуза Холматова эса 10 нафар шогирдлари билан бирга аёллар палътосини, Ойгул Акбарова элита пардалари тикиш орқали оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганлар. Натижада устоз-шогирд анъанаси асосида ёшлар ҳунар ўрганмоқдалар.
Президентимизнинг 1998 йил 28 октябрдаги "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида"ги Фармони тўйлар ва тантаналарни ихчамлаштириш, манманлик ва маросимларни мусобақага айлантириш каби хунук ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қабул қилинганлигини барчамиз яхши биламиз.
Фармон асосида турли маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш бўйича қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, маҳаллада ёшларнинг никоҳланишини қайд этиш тадбирини тўй тантанаси оқшомида ўтказиш йўлга қўйилди. Бу каби ишларни амалга оширишда маҳалла фаоллари Маликахон она Ҳакимова, Зулфияхон опа Мамажонова, Хусанбой ака Ҳамдамов, Эркинжон ака Шералиев ҳамда дастурхончилар Саодатхон Абдураҳимова, Арофатхон Шералиева, Анзиратхон Шералиева ҳамда отинойи Одинахон опа Жўраеваларнинг ҳиссалари катта бўлди. Улар маслаҳатчи Одинахон Аҳмедовага елкадош бўлганликлари учун ҳам қилинаётган ишларнинг самараси сезилмоқда. Маҳалла аҳлининг якдиллиги билан тўйлардаги аввалги тонготар базмларга чек қўйилди. Тўйларга миллий руҳ ва ўзгача файз кирди.
Ҳа, истиқлол йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ қадриятларимиз янги мазмун билан бойиб, замон талаблари асосида мустаҳкамланмоқда. Барча эзгу ишлар маҳалладан бошланади, муаммолар шу масканда ўз ечимини топади. Боиси, катта бир оила бўлган маҳалланинг куюнчак оқсоқоли-ю, Одинахон Аҳмедова сингари тиниб-тинчимас маслаҳатчилари бор экан, маҳаллалар обод, оилалар мустаҳкам бўлаверади.
Зумрадхон.
|