№1, 04.01.2013 ўгит
Хаётнинг асл мазмуни
Бир донишманд "Бир йил ҳосил олмоқчи бўлсанг экин эк, ўн йил ҳосил олмоқчи бўлсанг дарахт эк, бир умр ҳосил олмоқчи бўлсанг фарзанд тарбияла" деган экан. Болаларини аҳли солиҳ қилиб камолга етказган кишилар бир умрлик роҳатга мушарраф бўладилар. Фарзандларни рисоладагидек тарбиялаш эса биринчи навбатда аёлга боғлиқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир она уқувли ва билимли бўлиши зарур. Ўғилга ҳам, қиз болага ҳам оила, рўзғор тутиш сирлари, бу йўлда учрайдиган қийинчиликлар тўғрисида тушунчалар бериб бориш лозим. Ёшларга оила қуришнинг тартиблари, ота-боболаримизнинг тутумлари, наслнинг тозалигини сақлаш ҳақида насиҳату ибратли ҳикоятлар асосида билим бериш ўта муҳим. Онам раҳматлик "Худойим фарзанд берса, умри-ризқи , чирой-чиммати, имон-инсофи билан берсин", дея дуо қилардилар. Бунинг маъносини ўзим она бўлган пайтимда тушунганман.
Ёшим 75 да. Уч қизни узатиб, тўрт келин туширдим. Уларга бола парваришини эринмай ўргатиб келаман. Ахир, не-не умидлар билан боқаётган болангиз соғлом, бақувват, ақлли бўлиши керак. Ҳаётнинг асл мазмуни ҳам шу эмасми?
Ҳозирги ёш авлоднинг келажаги порлоқ. Ҳукуматимиз уларни она қорнидалигиданоқ яхши парваришлаш чораларини кўрмоқда. Тиббиёт ходимлари уйимизга келишиб, набираларим соғлигини назорат қилиб бораётганлигини кўриб, қувонаман. Турмуш қураётган йигит-қизларни тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилаётгани жуда ҳам яхши иш. Чунки аждодларимиз келиннинг ҳам, куёвнинг ҳам етти пуштини суриштириш кераклигини, уларнинг саломатлиги келгуси зурриёдлар учун катта аҳамиятга эга эканлигини уқтириб келишган. Бир сўз билан айтганда, бу - миллатимиз келажагини белгилайди. Ёшларимиз фарзанд тарбиясида кексалардан доимий маслаҳат ва кўмак олиб туришса, нур устига аъло нур бўлади. Ҳавохон ая Ҳожиева, меҳнат фахрийси.
Балиқчи тумани.
|