№1, 04.01.2013 Турмуш чорраҳаларида
ТАҚДИР ширин сўз, ЯХШИ НИЯТ БИЛАН ЯРАТИЛАДИ
- Ишхонамизда бир котиба қиз бор эди,- дея гап бошлади суҳбатлардан бирида Муроджон исмли дўстим. - Унинг майда ўрилган сочлари, майин табассуми, мулойим сўзлари одамни ўзига мафтун этарди. Эгнидаги узун, ўзбекона кийимлари ҳам ўзига ярашиб турарди.
У ҳар куни бошлиқ қабулига келганларни табассум билан кутиб олади, тавозе билан ўтиришга жой кўрсатади. Бир пиёла чой узатгач, келиш сабабини сўрайди. Баъзиларга ўзи жавоб қилади, баъзиларга эса "Бошлиқ албатта, ишингизни битказади", дея кўнглини кўтаради.
Мен корхонада бўлим бошлиғиман. Шунинг учун тез-тез иш юзасидан бошлиқ қабулига кириб тураман. Раҳбар банд бўлса, бироз кутаман. Шунда хонага, котиба қизнинг келганларга қилаётган муомаласини кузатаман.
Котибанинг ихчамгина хонаси ҳамиша покиза, буюмлар дид билан жойлаштирилган. Ўзи эса келганларга ким бўлишидан қатъи назар эркакми, аёлми, каттами кичикми ўзига мос сўз топиб, хушмуомалада бўлади.
Бир куни қабулхонада узоқроқ ўтириб қолиб, бу ширинсўз котибани суҳбатга тортдим.
- Исмингиз Муаззамхонмиди?
- Йўқ, Мухтасархон.
- Ишингиз қийинмасми?
- Йўғ-е.
- Дадангиз нима иш қилади?
- Боғбон. Сойибжон боғбон деса, ҳамма танийди.
- Э-э-э, шунақа денг. Мен отангизнинг довруғини эшитганман. Асл боғбон.
Шу пайт бошлиқ олдидаги одам чиқди-ю, суҳбатимиз ниҳоясига етди.
Шу кунларда бир ўғлимни уйлаш тараддудида юргандим. Котибанинг хушмуомаласи ёқиб қолди-ю, уни келин қилиш мақсадида оиласи билан танишмоқчи бўлдим. Мухтасархон айтган боғни топиб бордим. Қарасам, бир оқсоқол икки йигит билан узумларни хомток қилишаётган экан. Бу ўша - ҳамманинг оғзига тушган Сойиб боғбон эди. Ёнидаги йигитлар эса ўғиллари экан.
Мен боғбон билан узоқ суҳбатлашдим, уларнинг яшаш шароити билан танишдим. Уйга келиб ҳамма гапни турмуш ўртоғимга, уйланажак ўғлимга айтиб бердим.
- Раҳимжон, менимча, бу қиз яхши оиладан. Бориб, гаплашиб кўр. Агар бир-бирингизга маъқул келсангиз, тўйни бошлайверамиз.
Ўғлим котибани кўриб келди. Маъқул келдими?" деб сўрасам, "Ўзингиз биласизлар" деди ийманибгина. Демак, ёқибди.
Биз Мухтасархонни келин қилдик. У ҳаммамизга бирдек меҳрибон. Айниқса, ўғлимга. У ишга кетаётганида тоза кийимлар кийдиради, оёқ кийимларини тозалаб қўяди. "- Яхши ишлаб келинг" дея кузатиб қўяди. Ишдан келса, "-Яхши ишлаб келдингизми,чарчамадингизми?" деб қўлидаги нарсани олади.
Шундай ширин таом пиширади-ки, еб тўймаймиз. "Сени тарбиялаган ота-онанг-га раҳмат" деб дуо қиламиз. Мана, икки фарзандли бўлди ҳамки, "Онажон", "Отажон" деб ҳурматимизни жойига қўяди.
Мухтасархонни ширин тили, дид ва дил билан қилган ишлари бизнинг хонадонимизга етаклаб келди. "Келин бахти унинг тилида", "Ҳар ким ўз тақдирини ўзи яратади" деган гап ҳақиқат эканлигига яна бир карра ишондим.
Насриддин НАЖМИДДИНОВ.
|