№1, 04.01.2013 Бонг
АЧЧИҚ ХАҚИҚАТ
Лочинбек аканинг бахти келишмади. Тўрт марта уйланиб, фарзандсизлик туфайли ажрашди. Аслида, "фарзандсизлик туфайли" дейишимиз нотўғридир. Чунки у биринчи аёли Наргизахондан бир қиз фарзанди бўлиб, исмини Назирахон деб қўйишганди. Лекин чақалоқ туғма ожиз ва соқов бўлганлиги учун уни фарзанд санамай, унинг мажрухлигида аёлини айбдор қилиб, оиласидан юз ўгирди...
Мана, қирқ ёшга тўлибдики, боласидан хабар олиш у ёқда турсин, унинг кейинги тақдири билан қизиқиб ҳам қўймади.
Наҳотки, у "Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан", деган ҳикмат мағзини чақолмайдиган ёшда бўлса?.. Ўз пуштикамаридан бўлган бир бегуноҳ дилбандидан меҳрини дариғ тутганлиги учун Тангрим унга бошқа фарзанд бермаётганлиги кундай равшан эмасми?
Ҳа... бу дунёда кўпгина ҳодисаларни кўзимиз билан кўриб, қалб кўзимиз билан ҳис қилишимиз зарур экан. Зеро, сўнгги пушаймонлик оёғимиздан чалишни кутиб турган душманга айланмаслигимиз лозим. Шу боис ҳам ҳаётга теран нигоҳ билан боқайлик, хатоларимиздан хулоса чиқаришни , сабоқ олишни ўрганайлик...
Дурдона МУХТОРОВА,
ЎзЖТУ талабаси.
|