№1, 04.01.2013 Одамгарчилик
Халол пул
Шаҳрихонда Абдуманноб Йўлдошев деган бир қадрдонимиз бор. Буни қаранг, у кўчадан битта 100 АҚШ долларли пул топиб олди. Бекатда турса, оёқ остида у-бу нарсага аралашиб, ярим букланган кўк қоғозча ётибди. Туфлисининг учи билан туртди. Тухумсимон гардиш ичидан бир одамнинг расми кўриниб турибди. Эшитган эди, ўзимизники билан чаққанда, нақд 270 минг сўм!
Ҳеч ким йўқ. Кафтига олиб, бир муддат турди. Ташлаб юборишга, очиғи, кўзи қиймади: "Кимники экан?"
Шу топда кутаётган автобус келдию, чиқиб олди.
Ишхонага келиб, уч-тўрт ҳамкасбларига айтди: "Жуда зўру, - дейишди. - Бугун битта ошга эрийсиз!"
Абдуманноб: "Ошдан қочмайман. Аммо, уч кунгача кутаман. Эгаси чиқса, қайтариб бераман, беҳазил" - деди.
Эгаси чиқмади. Абдуманноб отасига айтди: "Нима қилай?" Отаси ўйланиб қолди. "Гузарга чиқиб маҳалла идораси олдига эълон ёзиб қўй. Эгаси чиқиб қолади", деб маслаҳат берди. Шундай қилди ҳам. Биров "меники" деб келмади.
Албатта, ҳазиллашганлар бўлди. Айрим қувроқ кимсалар "арра қилайлик", деб кўз қисиб кўришди. Ҳатто, бир яқин таниши: "Мачитга олиб бориб беринг", - деди. Абдуманноб: "Эгаси топилса, ҳижолат бўлиб қоламан", деб кўнмади. Уч-тўрт кун ўтиб, бозорчанинг ёнидаги бекатда Рисолат хола деган кампирни учратиб қолди. Мунғайиб ўтирибди. Абдуманноб холанинг ўғли билан мактабда бирга ўқиган эди.
- Абдусаттор юрибдими? - деб сўради дарров.
- Раҳмат, болам. Уч-тўрт ой бўлди. Узоқ юртга ишга кетган.
Кампир бошини қимирлатиб, кейин секин қўшиб қўйди:
- Ўғлим тушмагур, уйга битта кўк пул жўнатибди. Камзулимнинг чўнтагида эди. Йўқотиб қўйибман... Йў-ўқ, биров олмаган, невараларим шўҳроқ - ҳазиллашганми десам, биттаси "мен олдим", демаяпти. Асли, "ўша ёққа кетяпман", деганида рози бўлиб, мен хато қилибман. Жўнатмасам ҳам бўлар экан. Шунча савдо йўқ эди, болам. Келинимнинг айтишича, беш ойлик пенсия пулим билан баравар экан. Бошим қотиб қолди. Невараларимнинг ками кўп эди.
Абдуманноб дарров ички чўнтагини ковлади.
- Хола, - деди, - мен сизга бериб тураман. Мана, шунақа пулданми? Абдусаттор келса, ўтишиб кетармиз. Мен ҳам ўғлингиздайман-ку?..
- Э, йўқ, болам. Катта пул, қайтаришим бор. Сениям ўғил-қизларингни бўйи етиб турибди.
- Олаверинг, энди хола. Битта ош қилиб берасиз. Ўртоғимни сўраб олдингизга ўтмаганимга ҳам кўп бўлди. Олмасангиз, хафа бўламан, беҳазил...
...Абдуманноб ишдан келса, қизи "Сизни Рисолат энанинг невараси айтиб кетди, ўтар экансиз", деди.
Хола ош дамлабди. Роса кутишибди. Очиғи, Абдуманнобнинг ёдидан кечаги гап кўтарилган экан. Хола битта чиннида иссиқ ўраб олиб қўйибди.
Чойдан ҳўплаб туриб, Абдуманноб ростига кўчди. Қаердан топиб олганини айтаётганида Рисолат хола пешонасига қўлини қўйиб, бошини у ёқ-бу ёққа тебратди.
Абдуманноб уринган дастурхонга, уч-тўрт дона ўрик қоқига, эшиги қийшайиброқ қолган уйга разм солди. Елкасидан юк ағдарилгандай бўлди.
Ғолибжон АБДУЛЛАЕВ.
|