№3, 17.01.2013 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
САВОБГА ЙЎҒРИЛГАН УМР
Саломатхон опа Тумановани ширмонбулоқликлар бизнинг фахримиз дея ҳурмат билан тилга оладилар. Опа табаррук ёшда бўлсалар-да, ҳамон ёшлардек тетик, ғайратли. Қишлоқдаги хеч бир тадбир опанинг иштирокисиз ўтмайди. Маҳалладошларининг қувончига ҳам, ташвишига ҳам бирдек шерик.
Саломатхон опанинг асли касби ўқитувчилик. Салкам 30 йил болаларга таълим - тарбия берди. Умрини болаларга бахшида қилди. Фаолиятини тумандаги 21-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлади. Сўнгра 45-умумтаълим мактабида узоқ йиллар директор бўлиб ишлаб, нафақага чиқди. Қилган меҳнатлари давлатимиз томонидан ўз вақтида муносиб тақдирланди. 1995 йили "Фидоий ўқитувчи" кўкрак нишони билан мукофотланди.
Қадрдон қишлоқдошлари меҳрибон муаллимани кексалик нафақасига чиққач, Ширмонбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасига тавсия этишди. 2370 нафар аҳоли, 1212 нафар хотин - қизлар билан тиллашиб ишлаш опа учун қийинчилдик туғдирмади. Уларнинг орзу умидлари, муаммолари опанинг доимий эътиборида бўлди. У имкон қадар ҳар бир оилада бўлиб, уй бекалари билан бирга суҳбатлашишга интилди. Шу тариқа оилаларниг яқин кишисига айланди.
Саломатхон опа ўз вазифасини шунчаки расмий ташкилотчилик, оддий насиҳатлар билан чекланиб қолмади, балки фидойилиги билан, маҳалланинг энг яқин сирдоши, кўмакчисига айланди. Шу билан бирга, маҳалланинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Умуман, маҳаллада самарали ишла олиб борилаётганлиги эътироф этилиб, туман ҳокимлиги томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига компъютер жамламаси совға қилинди.
2005 йилдан опа бу ердан ҳам нафақага чиқди. Бироқ маҳалла аҳли шундай тажрибали, билимдон, инсонларга ғамҳўр раҳбарни уйда ўтиришига йўл қўймадилар. Саломатхон опа ишдан ажралган холда бўлса ҳам уларга доимий ёрдамини бериб туришини бурчи деб билди. Нуроний онахонлар билан ҳамкорликда "Аёлнинг қадр - қиммати", Мустақиллик ва аёл", " Она муқаддас", "Қизлар тарбияси - долзарб мавзу" сингари турли тадбирлар ўтказиб келмоқдаки, бу ҳаммага манзур бўлмоқда.
Саломатхон опа нафақадалигига қарамай ҳали ҳам жамоат ишларида фаол. "Нуроний" жамғармасидаги "Фахрий аёллар" билан ишлаш гуруҳи аъзоси. Шунинг учун ҳам фахрий аёллар ўртасида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боради. Дилбархон Жалолова, Адолатхон Маткаримова, Анорахон Маткаримова, Сотқиной Болтабоева сингари онахонлар ҳамиша Саломатхон опага елкадош.
Саломатхон опа ана шундай ёшу кексанинг юрагига йўл топа олган, тўғрисўзлиги, куюнчак ва самимияти туфайли эл эътирофига эриша олган юрт фидойиси. Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Сидирали ака билан 4 нафар фарзандни камолга етказишди, элга қўшишди. Ҳали ҳам эл орасида юрган меҳнат фахрийси Саломатхон опанинг ғайратини кўриб, ҳавас қиласиз. Илоҳим, мана шундай фидойи аёлларимиз кўпаяверсин, деймиз.
Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА.
|