№3, 17.01.2013 ТАРБИЯ ҲАҚИДА ФИКР
ЎЗИМИЗ ИБРАТ БЎЛАЙЛИК
Шиддатли, тезкор асрда яшаяпмиз. Кундалик турмушимизни замонавий техникасиз тасаввур этиш қийин. Телевизор, радио, DVD плеер каби воситаларнинг ҳаётимиздаги хизматини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет орқали истаган маълумотларни олиш мумкин.
Бироқ ушбу воситалар ҳар доим ҳам биз кутган натижаларни беравермайди. Гап шундаки, турли тиллардан олиб таржима қилинаётган жангари, беҳаё фильмлар кейинги вақтларда кўпайгандан кўпайди. Истаймизми, йўқми, фарзандларимиз улардан озми, кўпми "баҳраманд" бўлишмоқда. Ачинарлиси шуки, бундай фильмлар ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Назаримда, ёшларимизнинг аксарияти бефарқ, бемеҳр бўлиб ўсаётганининг сабаби шунда. Миллий қадриятларимизга зид бўлган урф-одатлар, ота-онага, катталарга беписандлик билан қараш, худбинлик, кашандалик, гиёҳвандлик каби салбий иллатлар уларнинг онгидан осонлик билан жой олмоқда.
Бизнинг ёшлигимиз иккинчи жаҳон уруш йилларидан кейинги оғир тикланиш даврига тўғри келган. Қорнимиз овқатга тўймаса ҳам, бирор ножўя ҳаракат қилган тенгдошларимизни эслолмайман. Ўша даврда ҳам бирор кимса бировнинг ҳақига хиёнат қилмаган. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар бир-бирига оқибатли бўлишган. Бобо ва момоларимиз бизларни тўплаб, эртак, турли ривоятлар, ҳикматлар айтиб берардилар. Бугунги болаларга эса бундай муносабатда бўлишининг иложи йўқ. Улар техника билан шунчалик "ўртоқ" бўлиб кетишганки, насиҳатлар қумга сув қуйгандек беҳуда кетади.
Тарбия насиҳатдан эмас, намунадан иборат бўлса, яхши натижа беради. Атрофимизда хушмуомала, олижаноб, меҳнаткаш инсонлар кўп. Уларни ибрат қилиб кўрсатишимиз, ўзимиз ҳам фақат яхши хулқ-атвор билан ўрнак бўлишимиз керак. Зеро, ботаётган қуёшга қараб эртанги кунимизни қандай бўлишини англаб бўлгани каби, эртанги авлоднинг қиёфаси ҳам бизда кўринади.
Абдуҳолиқ Холматов,
меҳнат фахрийси
Балиқчи тумани.
|