Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№3, 17.01.2013

ЖАҲОН ЭСТРАДАСИ ЮЛДУЗИ ҲАЁТИДАН

ХОРАЗМДАН УЧГАН ЕВРОПА ФАРИШТАСИ

АННА ГЕРМАН СУРАТИГА ЧИЗГИЛАР

Анна Герман! Ўтган асрнинг 1960-1980 йилларида юксак шуҳрат чўққисини забт этган, жаҳон эстрада санъатининг порлоқ юлдузига, миллионлаб қўшиқ шинавандаларининг севимли хонандасига айланган бу номни ким ҳам эшитмаган, беназир овозидан ким ҳам ҳайратларга тушмаган, ҳатто фариштадай жамоли, шамшод қадди-бастига, оққушдай чиройига маҳлиё бўлмаган дейсиз?!

Унинг қўшиғи миллионларнинг севимли тароналарига айланиб, жаҳон эстрада санъати хазинасининг умри боқий дурдоналари қаторидан муносиб жой олди. Дилрабо бу қўшиқлар ҳали-ҳануз эҳтиросли мухлисларга битмас-туганмас завқ-шавқ бахш этмоқда. Аннанинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишлаб ўнлаб ижодкорлар томонидан неча-неча очерклар ва хотира китоблари, қатор ҳужжатли кинофильмлар яратилди. ХХ асрнинг буюк санъаткори номи абадийлаштирилди. Анна таваллуд топган Урганч шаҳридаги кўчалардан бири, қарийб 40 йилдирки, унинг номи билан аталмоқда. Хонандага бағишланган турли мусиқий-бадиий тадбирлар, қўшиқ кечалари ўтказиб турилади.

Ҳа, киндик қони Хоразм тупроғига тўкилган буюк эстрада хонандаси Анна Германнинг номи Хоразмда ҳам азиз ва қадрлидир.

АННАНИНГ БОЛАЛИГИ

Аннанинг отаси Ойген (Евгений) Герман 1910 йилда (бир манбада 1909 йилда) Польшанинг Лодзь шаҳарида, онаси Ирма эса 1909 йилда Ставрополь ўлкасининг "Великокняжское" деб аталадиган қишлоғида таваллуд топган. Ирманинг насаби голланд бўлиб, немис меннонитлари авлодига мансуб эди. Ойгеннинг боболари эса ХIХ асрнинг биринчи чорагида Германиядан Украинага кўчиб келиб "Нойхоффунг" ("Умид") деб аталадиган қишлоққа асос солишган. Азов денгизи соҳилида жойлашган, Бердянск яқинидаги ҳозирда Ольгино деб аталадиган бу қишлоқда Ойгеннинг бобоси Фридрих Герман таваллуд топган эди. Кейинчалик Фридрих Польшада таълим олган. У пайтда Польша Россия империяси таркибида эди. Фарзандларнинг ўқуви тугагач, Фридрих Герман тўқиз нафар ўғил-қизи билан Украинага қайтиб келишади.

1929 йилда Фридрих Герман қамоққа олинади ва бир ярим йилдан кейин Архангельск областининг Плесецк райони ўрмонларида ёғоч кесиш ишига жалб этилиб, очликдан оламдан ўтган. Бундай аянчли тақдирдан унинг фарзандлари ҳам қочиб қутулиша олмаган. Ўғли Вилли Польша чегарасидан яширин ўтиб, Германияда қўним топади. Ойген эса Донбассга келиб, кўмир шахтасидаги ошхонада ҳисобчи бўлиб ишга жойлашади. Лекин шахта бошлиқлари ичкиликка ружу қўйган эдилар. Бу аҳволда моддий жавобгарлик асосан, Ойгеннинг зиммасига тушиб қолиши эҳтимолдан узоқ эмасди. Бунинг устига отасининг қамалгани, акаси Виллининг Германияга қочиб ўтгани ҳам қўшилиб, уни, умуман йўқ қилиб юборишлари ҳам мумкин эди. Ойген яширинган ҳолда илк турмуш ўртоғи Альма ҳамда чақалоқ ўғли Рудини Донбассда қолдириб, қочиш тараддудида йўлга чиқади. У кўп машаққатлар билан узоқ йўллар босиб, Урганчга келиб қолади. Бу ерда қўним топиб, корхоналардан бирига ҳисобчи бўлиб ишга жойлашади.

Бу тахминан 1932-34 йиллар оралиғи эди. Бу ерда Одесса педагогика институтини тамомлаб, йўлланма бўйича Ўрта Осиёга, кейин Урганч шаҳрига келиб, Пушкин номли мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Ирма Мартенис билан турмуш қуришади. Улар тинч ва осойишта ҳаёт кечиришаётган эдию, аммо сталинча қатағонлик авж олиб, Ойген ҳам душман шахс деб гумон қилиниб, ёлғон маълумотларга асосан қамоққа олинди. Бу - 1937 йилнинг охирлари бўлиб, Анна ўшанда эндигина бир ёшдан ошган, Ирма эса иккинчи фарзандини кутаётган эди. Ойгенни Тошкентда "учлик" судининг ҳукмини ҳам кутиб ўтирмай, ўша йилнинг октябрь-ноябрь ойларидаёқ отиб юборишган.

Урганчда ҳам кун кечириш оғирлашиб бораётган эди. Ирманинг ўзи, унинг онаси, қизи Анна жажжи ўғилчаси Фредирик қаттиқ қийинчиликка дучор бўлишади. Бунинг устига, у Украинада қолган акасининг ҳам сиёсий маҳбусликка маҳкум этилганидан хабар топиб, ниҳоятда тушкунликка тушган эди. Ирма ахтара-ахтара Сталинск шаҳри яқинидаги қамоқ лагеридан акасини топишга муваффақ бўлди. Бироқ акаси ҳам кўп ўтмай лагерда вафот этади. Ирма шу ерда мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирган эди. Бироз мояна тўплагач, онаси ва фарзандларини олиб Урганчга қайтади. Бу пайт собиқ иттифоқда яшаётган немислар учун ҳам ниҳоятда оғир кечаётган дамлар эди. Ирма онаси ва болаларини олиб, яна машаққатли йўлга отланади. Шаҳарма-шаҳар кўчиб юрган шу кезларида кичкина Фредерик касалликка чалиниб, вафот этади. Улар ниҳоят юзлаб немис оилалари кўчириб, сургун қилинган Қозоғи-стоннинг Жамбул шаҳрида яшаб қолади.

...Европанинг бир неча мамлакатлари қатори Польша ҳам фашизмдан озод этилгач, Жамбул шаҳрида яшаётган Ирмаларнинг ҳам қувончи чексиз, Польшага - қадим ота-боболари юртига қайтиб ўтиш илинжи бор эди. Аммо уларнинг ҳужжатларида "немис" сўзи қайд этилгани боис чегарадан ўтиш муаммоси кўндаланг турарди. Тақдир Ирмани ўша пайтда Жамбулда яшаётган Польша армияси офицери Герман Бернер билан учраштирди. У Ирманинг оиласини чегарадан ўтказиб юбориш учун Ирмага ўз фамилиясини бериб, унинг билан қалбаки никоҳдан ўтади. Шундай қилиб, Ирма, унинг онаси Анна ва кичик Анна - бўлғуси машҳур эстрада юлдузи Анна Герман Бергер фамилияси билан 1946 йилда Польшада яшай бошлади. Ўша пайтлардаёқ Герман Бергер жангларнинг бирида ҳалок бўлган. Ирма Новая Соль шаҳрида яна ўқитувчилик қилади.

ПАРВОЗ

ПИЛЛАПОЯЛАРИ

Анна ҳали мактабда ўқиб юрганидаёқ қўшиқ куйлашни жон-дилдан севар, синфдошлари давраларида ниҳоятда ёқимли овозда дилбар қўшиқлар ижро қилиб, кўнгилларга завқ-шавқ бахш этар эди. Анна 1961 йилда Вроцлав университетининг геология факультетини имтиёзли тугаллайди. Бироқ у узил-кесил санъат йўлини танлаган, ўзини қўшиқ куйлашга буткул бахшида этган эди. Зеро, у моҳир ижрочилик маҳорати боис ҳали талабалик давридаёқ эстрада театрларида ҳам қизғин фаолият кўрсатишга киришиб кетган эди.

1962 йилда Анна Польша Халқ Республикаси Маданият ва санъат вазирлигининг Давлат комиссияси имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, профессионал куйлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Шундай қилиб, ёш хонанда эстрада куйчиси сифатида шон-шуҳрат тарата бошлайди.

Анна шуҳрат пиллапояларидан ниҳоятда юксакликларга кўтарилишда тез ва тобора муваффақиятли давом этар, миллионларнинг энг севимли хонандаларидан бирига айланган эди. Унинг саҳналарга ҳар галги чиқиши гулдурос олқишлар билан кутиб олинар ва ҳар гал мукофот соҳибига айланиши ҳам ҳаққоний равишда анъана тусини олганди. Фавқулодда ижрочилик маҳорати учун Анна Герман ҳали мактабда ўқиб юрган кезларида поляк тили билан бирга итальян, инглиз, француз, рус тилларини мукаммал, ҳатто мўғул тилини ҳам бир мунча ўрганиб олган эди.

1967 йилда - жаҳон эстрада санъати мухлисларини ларзага солган даҳшатли фожиа юз берди - 27 август кечаси Миланга яқин бир шаҳарда концертдан кейин меҳмонхонага қайтаётган, Анна тушган енгил "Фиат" автомашинаси катта магистрал йўл чеккасидаги тўсиқларга урилиб (ҳайдовчининг кўзи уйқуга илинган экан) фалокат содир бўлди. Автоҳалокат ярим тунда юз берганди. Шифокорларнинг айтишича, унинг суяклари қирқ олти жойидан синиб кетган экан. 14 кун деганда зўрға ҳушига келган Аннанинг тирик қолиши ҳам гумон эди. "Тирик қолган тақдирда ҳам мажруҳга айланиб, юра олмайдиган бўлади, ҳатто куйлай ҳам олмайди! " деган эди уни даволаётган шифокорлар. Анна эса фожиа туфайли етган, операциялар жараёнида чеккан барча қақшаткич оғриқларни сабр-чидам, матонат билан енга олди. Оллоҳ уни оёққа турғизиб ўзининг беқиёс марҳаматидан баҳраманд этди.

Автоҳалокат хабари Аннани биладиган, бир неча йиллик болалиги унинг билан бирга кечган хоразмлик тенгқурларини ҳам, машҳур бўлиб кетганидан дарак топган кўплаб ҳамшаҳарларини ҳам ниҳоятда ташвишга солиб қўйган эди.

"ҚЎШИҚЛАРИМНИ

ҲАМШАҲАРЛАРИМГА БАҒИШЛАЙМАН!"

Каминага жаҳонга машҳур Анна Герман билан иккинчи учрашиш 1978 йилнинг августи кунларидан бирида Ленинград шаҳрида насиб этди. Қувончли онлар 4-5 дақиқагина давом этди. Ўша кезлари бир гуруҳ ўқитувчиларга етакчи бўлиб Ленинград шаҳрига саёҳатга боргандим. Саёҳатнинг охирги куни шаҳар кўчаларидан бирида хонанда сурати туширилган "Анна Герман концерти" деган эълонга дафъатан кўзим тушиб қолди. Бу яна бир бахтли тасодиф эди.

... Зал томошабинга лиқ тўла. Концерт аллақачон бошлаб юборилган. Биз орқада - тикка турганлар - улар ҳам анча-мунча экан - қаторидан ўрин олдик. Анна берилиб куйлар, ижро тугаши билан зални гулдурос қарсаклар босиб кетар, алламаҳалгача чапак садолари тинмас эди.

Менинг саҳнага бир қучоқ гулдаста кўтариб бораётганимни кўриб бошловчи навбатдаги қўшиқни эълон қилишга тараддудланганча саҳна олдига юрди - афтидан у гулларни ўзи олиб Аннага узатмоқчи эди. Камина эса тўппа-тўғри саҳнага чиқадиган зинапоя томон йўналдим - саҳнага чиқдим-да, Анна томон дадил одимладим. У этаклари полда ёйилиб ётган, узун оппоқ либосда оққушдек яшнаб турар эди. Мен бир томони - қаттиқ ҳаяжонда ҳам эдим, хонанда мендан хиёл баланд ҳам эди - унга гапирмоқчи бўлдим. У "Мени ўпмоқчи", деб ўйлади шекилли, аста илжайганча бошини эгди. Анна қулоғини яқин келтиргач, ниҳоят сўз қотдим.

- Анна, тўрт-беш йигит бўлиб Урганч шаҳридан келдик! - дедим, ҳаяжондан титраб. - Урганч-дан! Ёдингиздами бу шаҳар?

Ана ўшанда мен кутган мўъжиза бошланди, зал саҳнада нима гап кетаётганидан ҳамон ҳайратда эди.

- Ростданми?! Наҳотки Урганчдан келган бўлсангизлар? - дея кутилмаганда беҳад яйраб кетди Анна. Кейин "Нега Урганч ёдимда бўлмас экан!" деди-ю мени шаҳд ўпиб олди. Гулдастани тақдим қилдим, томошабинлар эса ҳануз ҳайратда эди.

Анна қўлимдан ушлаб мени саҳна олдига бошлади. Шодлигини микрофонда барчага ҳаяжон билан аён қилди:

- Азиз дўстлар! - деди у томошабинларга очиқ чеҳра билан юзланиб. - Мен аслида Ўзбекистоннинг Урганч деган шаҳрида туғилганман. Бу шаҳар Хоразм деган вилоятда, Амударёнинг соҳилига яқин жойлашган. Бу йигит мен туғилган ўша шаҳардан бир неча нафар бўлишиб концертимга келишибди. Урганч илк бор болалигим кечган, киндик қоним тўкилган шаҳар!

Минглаб томошабин ўтирган зал гулдурос қарсакларга тўлиб кетди. Анна ва ҳамон лол боқиб турган залга ўгирилди, дастур навбатини ўзи эълон қилди:

- Мен навбатдаги ижро этадиган қўшиқларимни концертимда қатнашаётган ҳамшаҳарларимга бағишлайман!

Сония кечмай зални машҳур Анна Германнинг сеҳрли, овози тутиб кетди...

Урганч - жаҳонга машҳур эстрада санъати юлдузи Анна Герман таваллуд топган шаҳар эканлигидан ниҳоятда бахтиёр эдик. Ахир у немис миллатига мансуб эса-да, Урганчда дунёга келгани, киндик қони шу ерга тўкилгани боис, Хоразм фарзанди эди...

Эркин МАДРАҲИМОВ.

"Китоб дунёси" газетасидан

қисқартириб олинди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди