Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№3, 17.01.2013

ҚАРЗ

(КИЧИК ҲИКОЯ)

Раҳматли Тўйчибой отани қизи Сожиданинг уйидан чиқаришди.

Дафн маросимига тумонат одам йиғилди. Имом жаноза ўқиди. Таъзияга келганлар марҳумнинг тобутини қўлма-қўл кўтариб, қабристон томон юрдилар. Кўплашиб, қабр ёнига келтиришди. Сўнгра таомил бўйича имом,ҳалойиқа мурожаат қилди. Марҳумда кимнинг ҳақи борлигини сўради. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Яна такрор сўраган эди, пастроқда ўтирганлардан кимдир ўрнидан турди. Имомнинг ёнига келиб ўнғайсиз туриб қолди. Бу марҳумнинг ҳамқишлоғи Шомансур эди.

- Мен... Худо раҳмат қилсин, қўшним уч йил олдин мендан ўн минг сўм қарз олганди. - Ийманибгина давом этди у - Ўғли Йўлчибойга уй солиш вақтида... Бечоранинг зориқиб қолганини кўриб ўлимлигимга йиққанимни бергандим. Тиниб-тинчимас, ғайратли қўшним бояқиш уйи томининг қорини кураётиб йиқилиб тушди. У касал бўлиб ётганида қизи Сожидахон уни ўз уйига олиб кетди. Қўшнимни йўқлаб борганимда аҳволини кўриб, қарзимни сўрашни эп кўрмадим. У ҳижолат чекиб, минг бир азобда ётарди. Тўйчибойнинг мендан қарз олганини Абдуқаюм носфуруш билан Мирзажонлар ҳам билишади. Қарзини ўғилларидан сўрамадим, эшитиб ранжимасин, дегандим.

Шомансур ота ромолчаси билан ёшланган кўзларини артиб, жойига бориб сафга турди.

-Ҳа, қиёмат қарз, уни қайтармоқлик фарз, - деди имом.

- Тўйчибой отанинг қарзини қайси бирларинг узасизлар? - Имом тўн кийиб, белларини боғлаб олган уч ака-укага қаради. Афсуслар бўлсинки, улардан садо чиқмади. - Раҳматли оталарингнинг ўн минг сўм қарзини қайси бирларинг тўлайсизлар? - такрор сўради имом. Бу сафар ҳам ўғилларидан жавоб бўлмади. Уч оға-ини бошларини яширган куйи ер чизиб ўтирардилар. Шу пайт марҳумнинг куёви Муҳаммадкарим одамлар орасидан чиқди.

Мен...мен тўлайман. Дадамизнинг қарзини мен узаман, - деди қатъийлик билан. Сўнг Шомансурга қаради ва такрорлади. Ота, қарзингизни мендан оласиз.

"Баракалла, Муҳаммадкарим! ҳақиқий йигит экансан! Барака топ" - деган овозлар келди атрофдан.

- Бечоранинг бошида мингта ташвиш бор-а, - куйинди чўққи соқол қария.

- Қандай, ташвиш? - ажабланди меҳмонлар. -ҳали тўй қилиш, ўғлига уй солиши керак, қолаверса, бетоб хотинини даволатиши...

- Ўғлим, қарзни узишда қийналиб қолмайсизми? - вазиятни тушунгандек сўради имом.

- Қийналсам ҳам майли, худо хоҳласа, бу қийинчиликлар ҳам ўтиб кетади, аммо дадамиз қайтиб келмайди. Улар қабрларида тинч ётсин, охирати обод бўлсин...

Уч ака-ука ҳам унинг гапларини эшитди, эгилган бошлари янада пастга эгилди. Улар гўё ерга сингиб кетгандек бўлиб ўтиришарди.

Шу пайт Шомансур ота яна ўрнидан турди.

- Аҳли жамоа, - дея сўз бошлади у имомга бир юзланиб, "сўзланг" ишорасини олгач: Мен марҳумнинг зиммасида шу юк қолмасин деб сизларнинг олдингизда ҳақим тўғрисида гапирдим. У кишининг куёвларига раҳмат. Айтмоқчи гапим шуки, мен қадрдоним Тўйчибойнинг қарзидан кечдим. Оллоҳ рози бўлсин, мен розиман. Сизлар гувоҳ бўлинглар...

Одамлар бир-бирига далда бериб, оҳиста қабристондан чиқдилар...

Шамсиддин ИСМОН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди