№4, 24.01.2013 УСТОЗ ҲАҚИДА СЎЗ
ТАЛАБЧАН РАҲБАР, МЕҲРИБОН ОНА...
Саида Эргашева Пахтаобод туманининг "Озод" қишлоғида таваллуд топган. 1986 йил тумандаги 13-мактабни тамомлаб, Андижон Педагогика институтига ўқишга кирди. 1991 йил кимё ва биология фани ўқитувчиси мутахассислигини эгаллаб ўзи ўқиган билим масканида кимё фани ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. У "Йил аёли-2005" республика кўрик-танловининг вилоят босқичида "Энг яхши фан ўқитувчиси" номинацияси ғолиби бўлган. Икки йилдирки, мактаб директори бўлиб иш олиб бормоқда. Мактабда талабчан раҳбар, оилада уч ўғилнинг меҳрибон онаси бўлган қаҳрамонимизнинг мақсадалари юксак.
- Ота-онам узоқ йиллар мактабда ўқувчиларга сабоқ берганлар. Шу сабабли болалигимдан ўқитувчилик касбига меҳр қўйганман. Жорий йилда мактабимизнинг 7-синф ўқувчиси Акбаржон Комилжонов "Билимлар беллашуви" танловининг вилоят босқичида математика фани бўйича фаол қатнашди. Яна мактабимизда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зебо Йўлдошева бошчилигида "Ёш ижодкорлар" тўгараги фаолият юритади, мазкур тўгарак аъзоси, 8-синф ўқувчиси Асмарбек Ҳакимов "Янги авлод-2012" Республика болалар ижодиёти фестивали вилоят босқичида адабиёт йўналиши бўйича ғолиб бўлди.
Шунингдек, мактабимизда ўқувчилар учун ўнга яқин фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Мақсадимиз, ўқувчиларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялашдир - дейди Саида опа Эргашева.
Нурилло ТЎХТАСИНОВ
|