№4, 24.01.2013 ЁШ ИСТЕЪДОДЛАРИМИЗ
КЎНГИЛ ҚЎШИҚ ИСТАЙДИ
Бўзлик Моҳларой Бўтаевани болалигиданоқ мафтункор оҳанглар, фусункор овозлар сеҳрлади. Отаси Муҳиддин ака ва опаси Осиёхон санъат йўлидан кетганлиги учун ҳам Моҳларой мактаб давридан қўшиқ куйлаб саҳнага чиққан.
- Ақлимни танибманки, уйимизда ҳамиша куй-қўшиқ жаранглаб турган, - дейди Моҳларой. Отамга (15 - болалар мусиқа ва санъат мактаби қашқар рубоби синфи ўқитувчиси) эргашиб, мусиқа мактабида дутор, пионино чалишни ўргандим. Ҳаваскор борки, катта санъаткорларга интилиб яшайди. Дилнура Қодиржонова, Марям Саттароваларнинг қўшиқларини тинглаб, улардай бўлишни орзу қилганман. Навоий ғазали билан Тўхтасин Жалилов мусиқа басталаган "Айлагач" қўшиғини "Ёш мақомчилар" республика танловида куйлаганимда мактаб ўқувчиси эдим. Шундан сўнг Андижон санъат коллежининг анъанавий ижрочилик бўлимида ўқидим.
Моҳларой устозлари Зумрадхон Алимова, Бобуржон Йўлдошев, Равшанбек Ҳожиқуловлардан қўшиқчиликнинг нозик сирларини ўрганди. Устозларининг битта ўгити ҳамиша қулоқлари остида янграб туради: "Энг аввало, қўшиқдаги дардни тушуниб етгин. Мумтоз қўшиқларни тўғри ижро этмаслик гуноҳ" деганди. Шунга кўра Моҳларой "Муножот","Насруллойи", "Насриуззол", Навоий ғазали билан "Фиғонким"сингари мақомларни маромига етказиб ижро этишга интилди. Ёш хонанданинг бу каби дилтортар қўшиқлари унинг ижодини янада сайқаллаштириш, маҳоратини, истеъдодини камол топтириш йўлида тинимсиз изланаётганидан далолатдир.
Моҳларой Бўтаева айни пайтда Бўз туманидаги 22 - умумтаълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси, шу билан биргаликда "Мерос" бадиий жамоасининг ҳам умидли қўшиқчиларидан биридир. Унинг ўзига хос ижро қобилияти борки, вилоят ва республикада ўтказиладиган турли байрам тантаналарида иштирок этиб келади.
"Ниҳол - 2012" Ёш истеъдодлар кўрик-танловида мумтоз йўналишидаги қўшиқлари билан қатнашиб, вилоятда иккинчи ўринни эгаллади ва республикага йўлланма олди.
- Истеъдодим, ижодимга ишонч билан назар солган улуғ инсонларнинг, барча устозларимнинг умидларини оқлаб, халқимизга манзур қўшиқлар яратиш, мухлислар дилига йўл топа олиш эзгу ниятимдир, - дейди Моҳларой.
Халқимизда "Яхши ният - ярим мол", деган нақл бор. Баъзан "Ният ҳамроҳинг бўлсин" деб дуо қилишади. Биз ҳам истеъдодли қўшиқчи Моҳларой Бўтаевага санъат йўлидаги қадамлари қутлуғ бўлсин, деймиз.
ЗУМРАДХОН.
|