№4, 24.01.2013 БУГУННИНГ ГАПИ
ТАНИЛИШ ОСОН, ТАН ОЛИНИШ ҚИЙИН
Санъаткорларимиз кўп. Демак, байраму яхши кунларимиз кўп. Бу оддий ҳақиқат. Хурсандчилик албатта, санъаткор билан янада файзли бўлади. Яхши кунга, байрамларимиз, тўйларимиз, санъаткорларимизнинг кўпаяётганига шукр. Шу ўринда санъаткорлар, хусусан, миллий эстрадамиз ва эстрада қўшиқчилари ҳақида сўз юритмоқни, бу борада айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтмоқликни лозим топдик.
Бугун қўшиқ куйлайман, деганларнинг сони беҳисоб. Янги овозлар кашф этилмоқда, янги-янги қўшиқлар яратилмоқда. Бунинг ажабланарли томони йўқ. Аслида ҳар бир инсоннинг қалбида санъатга ошуфталик бўлади. Қолаверса, юртимизда ўз иқтидорини намойиш этаман, деган киши учун барча шароитлар яратиб берилган. Айниқса, ёшларимиз учун имкониятлар эшиги кенг очиб қўйилган. Бироқ, ҳаваснинг ўзигина санъатнинг эшигини қоқиш учун кифоя эмас. Ачинарлиси, баъзи ёшлар ана шу нарсани ҳисобга олишмаяпти. Ўзларида овоз, иқтидор, қўшиқчиликка лаёқат бўлмаса-да, ривожланган техника, компьютерлар ёрдамида тайёранаётган клиплар, техник воситалар ёрдамида ижро этаётган қўшиқлари билан сохта обрў топишга уринмоқда. Бунда яна ўринли ва ўринсиз рекламаларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлаётгани сир эмас. Эртадан кечгача айланаверса, маълум қўшиқ беихтиёр қулоқларингизга сингиб қолиши табиий.
Кейинги пайтларда ана шундай ёш қўшиқчиларимизнинг кўпайиши муносабати билан ойнаи жаҳон орқали ҳам, радиодан ҳам бир хил оҳангларни эшитишга мажбур бўлмоқдамиз. Аллақачон онгимизга ўрнашиб, сийқаси чиқиб кетган, матни тўрт қатор ҳам чиқмайдиган, бошидан охиригача ўлдим-куйдим билан ўтиб кетадиган бунақанги қўшиқлар аллақачон эшитгувчиларнинг меъдасига теккан, десак асло муболаға бўлмайди.
Яқинда радио тўлқинлари орқали таралган қуйидаги қўшиққа эътибор қилинг-га. Қўшиқ оддий, тумтароқ сўзлардан бошқа ҳеч нарсани англатмайди.
... Эртага командировка
Сабзавотхонага,
сабзавот тергани…
Бу нима оддий гапириладиган гапларни куйга солишми? Қўшиқ яратиш шунчалар осонми? Уни халққа тақдим этиш-чи? Радиода таралган ушбу қўшиқни қайси тингловчи охирига қадар эшитди, деб ўйлайсиз?
Ёки ёшларимизнинг севимли гуруҳларидан бири ижро этган:
Йўқол, йўқол,
Кўзларимдан йўқолиб қол…
Ёҳуд яна бир бошқа гуруҳининг:
Мани мошинам,
Мани. Мани мошинам,
Биттасига ўтиринг, мадам,
Манави ресторан
жуда-жудаям кўркам,
Қани кетдик мен билан
мадам…
Бу нима дегани, қўшиқдаги мазмун, мантиқ қани? Бу каби қўшиқларни тинглаганда нима - ўзбек эстрадасининг савияси шунчалик паст кетдими? Ёки қўшиқчилик истаган одам ўзини намойиш этадиган майдонга айланиб боряптими, деган мулоҳазага борасан киши. Лекин шуниси аниқки, биргина қўшиқ билан мухлислар оғзига тушиш ҳам, икки кунда унутилиб кетиш ҳам мумкин.
Ҳозирда қўшиқ телевидение ва радио тўлқинларда айлантирилмаса, унинг машҳур бўлиши мушкул, деган тушунчалар борлиги учун ҳам, телевизорда бир қўшиқчининг ҳафталаб, ҳатто ойлаб пайдо бўлавериши одатий ҳол бўлиб қолди. Бу эса кимнинг ғашига тегмайди, дейсиз? Айниқса, қўшиқ савиясиз, бир-бирини такрорловчи сўзлардан иборат бўлса, бунинг устига унга ишланган клиплар ҳам кўнглингизда ғашлик уйғотади.
Айтилаётган баъзи қўшиқлар ҳаддан ташқари қашшоқ, матнда сўз бойлиги етишмайди. Мусиқага тушириш учун амаллаб тўқилган қофиялар тизилмасидан иборатдай. Пойтахтдами ёҳуд вилоятларимиздами ёш қўшиқчилар томонидан ижро этилаётган қўшиқлар ҳақида бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Улардан кўз юма олмаймиз. Чунки улар шу заминда ижро этилмоқда, мухлислари ҳам сизу бизмизми.
Тўғри, ана шу каби ижрочилар ижодига эътибор қаратсангиз, элга манзур бўладиган қўшиқлари ҳам кўп. Билмадим, эътиборсизликми ёки маълум бир аудиторияни ўзига жалб этиш учунми баъзида уларнинг ана шундай мантиқсиз қўшиқлар ижро этишлари кўпларни таажжублантиради.
Бу каби қўшиқларининг ўз мухлислари бор, ёшлар эшитади, дегувчилар ҳам йўқ эмас. Бўлиши мумкин. Лекин ана шундай мантиқсиз қўшиқларни эшитиб, ундан баҳра олиб, улғаяётган ёшларимизнинг маънавияти, савияси ҳақида ким қайғуради. Бу масала ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак.
Бизнинг назаримизда ижро этилаётган қўшиққа, умуман, қўшиқчиликка эътибор ниҳоятда кучли бўлиши керак. Чунки у халқ учун яратилади. Минг афсуски, бугунги айтилаётган қўшиқларнинг аксариятини фақат бир марта эшитамиз, ёқмадими, дарров ойнаи жаҳонни бошқа каналга олишга интиламиз. Бундай ҳолатни кўплаб юртдошларимиз бошидан ўтказаётганликлари аниқ.
Қўшиқчининг қўшиқлари қайта-қайта қўйилмаса, машҳур бўлиши мушкул, дегувчилар иккинчи томонини ҳам эсдан чиқармасликлари керак. Қўшиқ тинмай айлантирилиши натижасида у мухлислар тилига "ўтириб" қолиши мумкин. Лекин у барибир тингловчининг қалбидан жой ололмайди. Агар қўшиқчининг ижоди чиндан-да зўр бўлса, у ҳеч қандай рекламасиз ўз мухлисларини топа олади ва халқ орасида оммалашиб кетади.
Шу ўринда яна бир гап, қўшиқчининг фаолият олиб бориши учун унга лицензия тақдим этаётган мутасаддилар балки қўшиқчининг савияси, билими, дунёқараши қай даражада эканлигини синовдан ўтказиш ёҳуд қўшиқчилар ижодини доимий назорат қилиш тартибини жорий қилишлари керакмикан, деган фикр жуда кўпчиликнинг ҳаёлидан ўтаётган бўлса керак. Бизнинг назаримизда ана шундай қатъий тартиб, албатта, бўлиши керак. Чунки, қўшиқ омма учун яратилади. Кенг оммага - у ёш бўладими, кекса бўладими, қайси авлод вакили бўлишидан қатъи назар уларга тақдим этилаётган қўшиқлар савиясиз бўлмаслиги лозим. Агар тингловчини ана шундай қўшиқлар тинглашга ўргатиб қўядиган бўлсак, бу миллатимиз маънавиятининг қашшоқлашишига олиб келади. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди.
Телевидение ва радиолар ходимлари, айниқса, хусусий каналлар мутасаддиларига ҳам эътирозимиз йўқ эмас. Боиси, савияси паст, мазмунсиз қўшиқларнинг аксарияти айнан ана шу тармоқ кўрсатув ва эшиттиришлари орқали тингловчига етиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб, қабул қилинаётган қўшиқларнинг мазмун-моҳиятига, у кишиларга, жамиятимизга қандай наф беради, фуқароларимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қила оладими, уни тинглаган киши ундан маънавий озуқа олиб, кўнглли дам оладими, деган саволларга жавоб олсалар, нур устига нур бўлар эди.
Мақсадимиз кимнидир қоралаш ёки танқид қилиш эмас, балки халқимиз маънавиятини юксалтиришга дахлдор бўлган қўшиқчилигимизни, айниқса, унинг эстрада йўналишини мазмунан бойитиш, савиясини янада ошириш масалаларига кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор қаратиш, холос. Қўшиқчиликдаги бу қусрга мазкур соҳага алоқадор барча мутасаддилар, устоз санъаткорлар эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ёш қўшиқчиларимиз мазмунли ва гўзал қўшиқлари билан эл орасида нафақат танилсин, шуҳрат қозонсин, балки, тан олинишларини жуда-жуда истардик.
Агар фикр-мулоҳазаларимизни ноўрин дегувчилар бўлса, уларнинг қарашларини, фикрларини тинглашга тайёрмиз.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|