№4, 24.01.2013 БУТУН ОЛАМГА РАҲМАТ ВА НАМУНА БЎЛГАН ЗОТ
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: "Эй, имон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқдир", деб марҳамат қилган.
Бутун дунё мусулмонлари томонидан Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг туғилган ойини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан Рабиъ-ул-аввал ойи келгач, барча жомеъ масжидларимизда, тўй ва маросимларимизда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилиниб, ул зотнинг етук ахлоқлари гўзал байтларда ифодаланган "Мавлиди шариф" китоби севиб ўқилади. Шу боис Рабиъ-ул аввал ойида кўплаб саловотлар айтиб, Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз (с.а.в)га муҳаббатларимизни зиёда қилмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида: "Ким Менга бир маротаба саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади ва ўнта хатосини ўчиради" деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в)га саловот айтишнинг фазилатларини чегарасиз эканлигини қарангки, қайси бир инсоннинг бошига оғир бир мушкул иш тушиб қолса ёки оғир дардга дучор бўлиб қолса, кўп саловот айтиб, у зотга бағишлаб дуода бўлиб, Аллоҳдан сўраса, албатта, дуолари ижобат бўлишлиги кўплаб тарихий ва диний китобларимизда баён қилинган. Шунинг учун баъзи зикр аҳллари ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли саловот айтишни ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар ва шу билан бирга, бу ойда у зотнинг юксак ахлоқларини ҳам кўпроқ ўрганиб, амалда қўлашимиз мақсадга мувофиқдир.
Ул зот ҳулқининг гўзалигини қарангки, қайси бир инсон билан суҳбатлашсалар унга шундай яқин муносабатда бўлардиларки, ҳатто ҳамсуҳбатлари ҳаёлида Расулуллоҳ (с.а.в) мени ҳаммадан ҳам кўпроқ яхши кўрар эканлар, деган хаёлга борар эканлар. Саҳобаларини тоқатларидан ортиқ ишга буюрмас, акс ҳолда уларга ўзлари ёрдамлашиб юборар эдилар. Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в) сафарларининг бирида саҳоболарга бир қўйни сўйиб, таом тайёрлашга буюрдилар. Шунда бирлари, қўйни мен сўяман деса, иккинчилари мен эса терисини шилиб майдалайман деди. Учинчилари, уни пишириб таом тайёрлаш мени зимамда деди. Шунда Расулуллох (с.а.в): "У ҳолда мен ўтин териб келаман", - дедилар. Саҳобалар "Ё Расулуллоҳ! Сиз қўяверинг, ўзимиз қилаверамиз", дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в): "Тўғри, бу ишни ҳам уддалайсиз, аммо мен сизлардан ажралиб туришни хоҳламайман. Чунки "Аллоҳ таъоло бандасини ўз биродарларидан ажралиб турган ҳолда кўришни ёқтирмайди", - деб жавоб бердилар. У Зотнинг юксак одоб-ҳулқлари ҳақида Аллоҳ субҳанаху ва таолонинг ўзи ҳам шундай хабар беради: "Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам" ("Нажм" сураси, 17-оят). Аллоҳ таоло севимли Расули Муҳаммад Мустафо (с.а.в)ни ҳеч бир бандасига ато этмаган неъмат билан икром қилди, яъни Аллоҳ таоло ушбу ояти калимада Пайғамбаримиз (с.а.в)ни бутун олам тарихидаги якка-ю ягона бўлган меърождаги учрашув чоғида ўзларини қай ҳолда тутганларини хабарини беради. Яъни, Пайғамбаримиз (с.а.в) бутун борлиқни яратган якка-ю ягона Роббимиз билан сўзлашув чоғида нигоҳлари бурилиб, ортиқча нарсаларга қарамаганликлари ва ҳаддиларидан ошиб, амр бўлмаган нарсаларни сўрамаганликларини маълум қилади. Расулимиз (с.а.в)нинг ана шундай олий мақому мартабада ҳам ўзларини оддий Аллоҳнинг бандаси, қули эканлигини ҳис қилиб, ўзларидан кетмаслиги биз умматлари учун ҳам олий бир намунадир. Чунки баъзи инсонлар обрў ёки бироз мол-дунё топиб қолсалар, ўзларини йўқотиб қўйиб, бошқаларга нисбатан паст назар билан қарайдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бошқа бир ҳадис шарифларида: "Кимки, Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ таоло унинг қадрини кўтаради", - деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан бизларни, манфур жаҳолат зулматидан порлоқ илм нурига чиқарган, илм қуёши, оламларга раҳмат бўлиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаламга чексиз саловоту дурудларимиз доимий етиб турадиган умматларидан бўлишлигимизни ҳамда муборак "Мавлиди шариф" ойида Аллоҳнинг баракотлари юртимизга янада зиёдароқ ёғилиб туришлигини сўраб қоламиз!
Абдуҳалим ҲАМРАҚУЛОВ,
Андижон шаҳридаги Имом ал-Бухорий жомеъ масжиди имоми.
Санъатбек ТУРСУНОВ, Олтинкўл туманидаги "Уйшин" жомеъ масжиди имоми.
|