Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№4, 24.01.2013

САНЪАТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ

Саида РАМЕТОВА:

"-МЕН МАҚТОВДАН КУЧ ОЛАМАН"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовада ҳар қандай даврага ўзгача файз киритувчи ажойиб фазилат, ҳар қандай сокинликни жўшқинлик билан тўлдирувчи қудрат бор. Ҳар бир ҳаракатида, ҳар бир қарашида сир, гўё сеҳр бордай? Мухлислар ҳам унинг мана шу сеҳрига қизиқадилар. Умуман, Саида Раметованинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор, унинг бугунги даражага етиши, халқ орасида севимли бўлиши қандай кечган? Ана шу саволлар доирасида актриса билан учрашиб, суҳбатлашдик. Бироқ уларнинг вақти кам бўлганлиги боис, суҳбатимиз қисқагина бўлди. Ана шу суҳбатни сизнинг эътиборингизга тақдим этамиз.

- Саида опа, санъатга кириб келишингиз ҳақида мухлисларингизга гапириб берсангиз?

- Бажонидил. Мен Самар- қанднинг Боғишамол туманида туғилиб, вояга етдим. Мактабда ўқиб юрганимда бирорта байрам, бирорта тадбир менинг чиқишларимсиз ўтмас эди. Мактаб саҳнасида спектакллар намойиш этиб, қўшиқлар айтиб, рақсга тушиб улғайган бўлсам-да, аммо дилимда "келажакда санъаткор бўламан", деган ниятнинг ўзи йўқ эди. Чунки мактабдаги чиқишларим, шунчаки, менинг ҳавасим бўлган холос.

- Лекин мухлисларингизнинг бу гапларга ишонишлари қийин.

- Биласизми, менда санъатга нисбатан қизиқиш бор эди. Аммо барибир ота-онам рухсат бермайди, деган фикрда бўлганим учун ҳам санъаткор бўлишини хаёлимга келтирмасдим. Шунинг учун ҳам, ҳуқуқшунос бўлишга аҳд қилганман. Бироқ мактабни тугатиб, институтга эмас, поччам билан бирга дўконга йўл олдим. У ерда бир йил давомида сотувчи бўлиб ишладим. Ўзим ҳам ҳисоб-китобга жуда уста, чаққон қиз эдим. Қайси ишга қўл урсам, албатта, охирига етказардим. Шунинг учун ҳам савдо соҳасида ишлаб анча-мунча даражаларга эришдим. Бироқ дилда катта орзу бор, ўқишим керак. Шу ният билан Тошкентга келиб педагогика институтининг инглиз тили факультетига ҳужжат топширдим. Нега энди ҳуқуқшуносликка эмас, педагогика олийгоҳига борганимни ўзим ҳам билмайман. Шундай бўлса-да, негадир имтиҳонга бормадим.

- Бу пайтга келиб дилингизда актриса бўлиш истаги туғилиб қолган бўлса керак-да?

- Билмадим, билки чиндан ҳам худо кўнглимга бошқа нарсани солиб, мени тақдир измига йўллагандир. Шу боисдан ҳам ҳеч қандай тўсиқлар ва сабаблар бўлмаса-да, имтиҳонга боргим келмади. Аммо ундан ҳеч қачон афсусланмаганман. Балки, бунга менинг Тошкентга келган кунимдан бошлаб ҳар куни театрга бориб, намойиш этилаётган спектаклларни қолдирмай кўриб борганим сабаб бўлгандир. Чиндан ҳам томошабинлар залида ўтириб, саҳнадаги воқеаларни кузатар эканман, артистларнинг ижроларидан ҳайратланиб, сеҳрлаб қўйилгандек, ўтирар ва, ҳатто, спектакль тугаганини ҳам сезмай қолардим. Бир куни Гулчеҳра Жамилова ҳамда Эркин Комиловларнинг олдига бориб "Мен ҳам сизлардай артист бўлмоқчиман. Бунинг учун қаерга бориб, қаерда ўқий?" деб сўрадим. Шунда улар менга санъат олийгоҳининг манзилини беришди. Бир йил давомида олийгоҳда ўқийдиган талабалардан маслаҳатлар олиб, ўқишга қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Ва, келгуси йили ўз кучим, билимим ва озгина иқтидорим билан ўқишга кирдим. Ўқишни тугатганимдан кейин Самарқанд театрига олиб кетишмоқчи бўлишди. Аммо мен Тошкентда қолишни хоҳладим. Чунки келажагимни пойтахтда ёрқинроқ кўрардим. Худога шукур, адашмабман, Тошкентда қолиб хато қилмаган эканман. Мана, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, деган юксак унвонга сазовор бўлдим. Чунки мен уйдан пойтахтга келган кунимдан бошлаб катта мақсадлар учун яшадим. Улар менга куч ва қанот берди. Ана шу мақсадлар мени жуда кўп хато йўллардан омон асради. Ва мени мана шу даржага олиб чиқди. Ҳозир ҳам олға ундайди.

- Бу бахтга, бу даражага эришишингиз осон кечмаган бўлса керак?

- Машаққатлар чекдим, кўп нарсалардан ўзимни тийиб, чегаралаб, ҳузур-ҳаловатдан кечдим. Тунлар уйқудан, кундузлар роҳат ва фароғатдан тийилиб, меҳнат қилдим. Ўзимни улкан мақсадларга бахшида қилдим ва уларнинг ўрнига ҳамма ҳавас қиладиган бахт топдим.

- Ўзингизни фидо қилиш учун кучни қайдан топасиз?

- Мақтовдан десам, ҳайрон бўлманг. Мақтовни яхши кўраман. Мени мақташса, "ҳамма нарса қўлингдан келади, ҳаммасига улгурасан, ҳаммасини эплайсан", дейишса, куч, ғайрат-шижоатга тўлиб кетаман. Ана шу шижоат билан чиндан ҳар қандай ишни эплайман.

Дарҳақиқат, сўзда сеҳр бор. Унинг қудрати билан дунёни тиз чўктирса бўлади. Биргина илиқ сўз, биргина эътибор туфайли ҳамма нарсани уддалаш мумкин. Шундай экан, ҳар доим бир-биримизга яхши сўзлар айтишга ҳаракат қилайлик.

- Мухлисларингизга тилакларингиз?

- Энг аввало, барчаларига сиҳат-саломатлик тилайман. Юртимиз тинч бўлсин. Шундагина барча ишларимиз ижобат бўлади, тўй, байрамлар татийди. Айниқса, ёшларга тилагим шуки, ҳамиша улуғ мақсадларга интилиб яшанг, албатта, ўз мақсаду ниятларингизга етишасиз.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди