№4, 24.01.2013 ҲИКОЯ
Соҳибахон ҲОШИМОВА
УШШОҚ АҲЛИ
Қўйма малҳам тийғи заҳмига кўнгилда, эй рафиқ,
Чиқса жон ҳам, чиқмасун кўнглимдан озори анинг.
НАВОИЙ.
Асрора бугун ҳар кунгидан ҳам гўзаллашиб, очилиб-сочилиб айтилган жойга борди. Унинг майда ўрилган қалин кокиллари юзларини тўсгудай, эгнидаги хон атласнинг камалак ранги кўзларни олгудай, нозик қадду қомати Жўравойни маст қилгудай сулув эди. Асрорани сабрсизлик билан кутаётган Жўравой қизни кўрди-ю, унга пешвоз чиқди. Уларнинг доимий учрашув жойи сой бўйидаги кокилларини сув ўпиб турган мажнунтолнинг ёни эди. Бу панароқ жойда икки ошиқнинг қанчадан-қанча ширин висол онлари ўтган.
- Ҳар доимгидек кутдирдингиз, - деди Жўравой.
- Шу десангиз, уйдан зўрға қочдим, меҳмонлар келиб қолишди, - ерга қаради Асрора.
- Яна ўша совчиларми? - хавотирланиб сўради Жўравой.
- Қайдам, нотаниш аёллар экан. Онамнинг "қизим, сен кўринмай тургин", деганидан совчилар бўлса керак-да, - кулиб жавоб берди Асрора.
- Севиняпсизми? - жаҳл қилди Жўравой.
- Йўқ, мен фақат сизнинг совчиларингиз келгандагина севинаман.
- Шундай бўлсин, - кўнгли жойига тушди Жўравойнинг. - Юринг, кетдик, - дея Асроранинг қўлидан ушлаб, тоғ томонга етаклади Жўравой.
- Қаёққа? - нозланиб сўради Асрора.
- Султон супага, - Жўравой Асроранинг қўлини қўйиб юбормай олдинга бошлади.
Султон супа қишлоқнинг атрофини ўраб турган тоғнинг тепаси. Тоғ тепасида кенг яланглик бор. Бу ердан бутун қишлоқ кафтдай кўриниб туради. Тоғнинг у томонини ҳам, бу томонини ҳам томоша қилиш мумкин. Бу кенг супа ҳозир ёшларнинг борар жойи.
- Жўравой ака, нима учун бу ерни "Султон супа" дейишаркин? - қизиқсиниб сўради қиз.
- Эшитишимча, бир вақтлар Мирзо Бобур сафарга кетаётиб, шу ялангликда дам олган экан. Бутун лашкарлари, амирлари ҳам жойлашибди. Тоғнинг ҳавоси уларга жуда ёқиб қолиб, бир-икки кун шу жойда қолиб кетишган экан. Шундан бери бу кенг, баҳаво жойни қишлоқ аҳли "Султон супа" деб аташар экан, - жавоб берди Жўравой.
- Унда жуда табаррук жой экан, - деди Асрора.
- Асрора, бугун мана шу табаррук жойда сизга бир янгилик айтмоқчиман, - деди Жўравой.
- Нима экан? - қизиқсинди Асрора.
- Мен ҳарбий хизматга кетяпман, мана чақирув қоғози, - дея қоғозни кўрсатди йигит.
- Нима? Ёлғон! - алланечук бўлиб кетди Асрора. - Йўқ, бормайсиз. Қоғозни йиртиб ташлайман, - дея Жўравойнинг қўлидаги қоғозга интилди Асрора.
- Жиннилик қилманг. Йигитнинг асосий бурчи - ватанга хизмат қилиш. Бормасам, йигитлик шаънимга тўғри келмайди. Ундан кўра очиқ юз билан менга оқ йўл тиланг, - деди Жўравой худди катта бўлиб қолгандай.
- Қачон келасиз? - йиғламсирайди Асрора.
- Икки йилда келаман, - Жўравой Асрорани сенлай бошлади. - Мен сенга яхши китобларни топиб бераман. Шу китобларни ўқиб тугатгунинча мен ҳам келаман, - Асрорани юпатмоқчи бўлди Жўравой.
- Жўравой ака, мен сизни қанча йил бўлса ҳам кутаман. Танамда жон бор экан, сизни дейман. Сочларим оқариб, тишларим тушса ҳам сизни кутаман, - деди Асрора хумор кўзлари билан унга тикилиб.
- Ундай дема, сочларингни оқартирмайман, тишларингни туширмайман, - дея Асроранинг сочларини тутамлаб, юзига суртди Жўравой.
Улар барча ошиқ-маъшуқлардай дил сўзларини айта-айта кунни кеч қилишди. Зарпечаклар гулга чирмашди, чучмомалар алёр айтди. Юлдузлар ҳамда тўлин ой уларнинг қасамёдларига гувоҳлик қилишди. Мажнунтолнинг олдига етиб келишганида Жўравой:
- Бугун ҳарбий комиссариатга бораман. Эртага соат саккизда шу ерда учрашамиз, - деди.
Улар зўрға ажралишди. Жўравойнинг ҳарбий хизматга кетиш куни аниқ бўлди. Учрашувга Жўравой бир сумка китоб олиб келди.
- Нима бу? - сўради Асрора ажабланиб
- Сенга ваъда қилинган китоблар, - кулиб жавоб берди Жўравой.
- Бунча кўп? Қанақа китоблар? Номлари нима экан? - ҳайрати ошди Асроранинг.
- Жуда яхши китоблар. Номи "Минг бир кеча". Саккиз томдан иборат араб халқ эртаклари. Шуларни ўқиб бўлган кунинг мен хизматдан келаман. Ўқийсанми? - сўради Жўравой.
- Ҳа, бугундан бошлаб ўқийман. Менинг ҳам сизга бир совғам бор. Мана бу сизга эсдалик учун. Уни кечаси билан ухламай тикдим. Йўқотиб кўйманг тағин, - деб унга оқ шойи рўмолчани узатди. Чеккасига майда нозик тошлар қадалган, бир бурчагига гул ва новдага қўниб турган булбулнинг расми туширилган. Айланасига бир байт ёзилган. Жўравой байтни ўқий бошлади:
Кўнглим ўртансин агар ғайрига
парво айласа,
Ўзга дил ҳамки сенинг мавқингни
пайдо айласа.
Байт ҳазрат Навоийдан экан. Бу гўзал байт бизнинг қасамёдимиз бўлиб қолсин. Мана бу булбул, новда, атиргул қандай маънони билдиради? - сўрайди рўмолчага хумор тикилиб Жўравой.
- Булбул - садоқат, новда - бойлик, фаровонлик, атиргул эса гўзаллик рамзларини ифодалайди. Бу рўмолча эса севгимизнинг рамзи бўлиб қолсин, уни йўқотманг, - яна такрорлади Асрора.
- Мен ҳам бу рўмолчани сочларим оқариб, тишларим тушиб кетса ҳам йўқотмайман, - дея муҳаббат билан тикилган оппоқ рўмолчани чўнтагига солди Жўравой.
Қизнинг кўнгли таскин топгандай, кўзлари порлаб кетди.
- Асрора, менга сўз бер. Мени йиғламай кузатасан-а? - сўради Жўравой.
- Майли, йиғламайман, - сўз берди кулимсираб Асрора.
Дарҳақиқат, Асрора Жўрани йиғламай кузатди. У Жўравой ташлаб кетган "Минг бир кеча" китобини ўқий бошлади. Шаҳризоданинг бир-биридан қизиқ эртаклари Асрорани ҳам ўзига шайдо қилди.
Жўравой Россиянинг узоқ Мурманск шаҳрида хизмат қилаётган эди. Ундан келаётган хатлар, суратлар Асрорага доим таскин бериб турар эди. Ўзи ҳам унга соғинч тўла мактублар ёзар, ҳар сафар "Рўмолча ёнингиздами?" - деб сўрарди.
Асрора китобларни ўқиб бўлди. Икки йил ҳам ўтди. Аммо Жўравойдан дарак бўлмади. У билан бир вақтда ҳарбий хизматга кетганлар қайтиб келишди.
Август ойининг охирида Жўравой қўққисдан қишлоққа кириб келди. Уларнинг хонадони тўйхонага айланиб кетди. Қўй сўйилди. Одамларнинг келди-кетдиси узилмади. Учинчи куни Асрора билан учрашувга вақт топди. Ўша мажнунтол тагида интизор кўнгиллар ўз изҳорларини баён қилиб, Султон супани яна зиёрат қилишди. Гап орасида Жўравой Асрорага:
- Асрора, мени табриклашинг мумкин. Хизмат жойимда бир полковник бор эди. Ўша киши менга ўқишни маслаҳат берди. Ҳарбий билим юртига имтиҳон топшириб, ўқишга кирдим. Қишлоққа бир ҳафтага келдим, холос. Биринчи сентябрдан ўқиш бошланади. Мени авалгидай кута оласанми? - сўради йигит.
(Давоми бор).
|