№5, 31.01.2013 ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА МАСЪУЛМИЗ
Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган давра суҳбатида ёшлар тарбияси билан боғлиқ муҳим масалалар хусусида сўз юритилди.
Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари хотин-қизлар қўмиталари раислари, фаол аёллар, ҳуқуқшунослар, маҳалла фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаоллари ҳамда лицей, коллеж ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда норасмий диний оқимларнинг фуқаролар, айниқса, ёшларга салбий таъсири, ёшлар тарбияси, уларнинг кийиниш маданияти хусусидаги фикр-мулоҳазалар, бу борада хотин-қизлар қўмиталари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда сўз олганлар истиқлол йилларида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, динга бўлган эътибор, фуқароларнинг эътиқод, виждон эркинлиги, ёшлармизнинг билим олиши, ўз иқтидор ва истеъдодларини тўлақонли намойиш этишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, ёш авлод тарбияси, республикамиз салоҳиятини янада юксалишида ёшларнинг ўрни ва роли хусусида сўз юритдилар.
- Айни кунда айрим ота-оналар фарзандлари тарбиясига бефарқ қараётганликлари, дунёвий билим қолиб, диний илм олишларига эътибор бераётганликлари жуда ачинарлидир, - дейди Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси Мавлудахон Хўжаева. - Ҳам дунёвий, ҳам диний билими етарли бўлмаган ана шундай ёшлар билиб-билмасдан турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Ана шу каби ҳолатларга барҳам беришимиз, умуман, ёшларимизни ёт ғоялар, маънавий таҳдидлардан асрашимиз лозим.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Азизова юртимизда норасмий фаолият кўрсатиб келаётган диний экстремистик оқим ва ташкилотларга алоқадор бўлган аёлларга нисбатан кўплаб тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганлиги, билмасдан уларнинг таъсирига тушиб қолган аёлларимиз ўз хатоларини тушуниб етаётганлиги, умуман, тар-ғибот ишларини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Муҳтарам юртбошимиз таъбири билан айтганда "Жаҳолатга қарши - маърифат билан" жавоб қайтариш бу борада хотин-қизлар қўмиталари, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари фаолиятини янада кучайтириш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Биз четдан туриб миллий қадриятларимизни унутишга, миллатимизни пароканда қилишга қаратилган маънавий таҳдидлар кучайган мураккаб бир даврда яшаяпмиз, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Минг афсуски, ана шу таҳдидлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганларнинг аксариятини аёллар ташкил этмоқда. Бу ана шу опа-сингилларимизнинг дунёқараши, билим савиялари етарли эмаслиги, нима яхшию нима ёмон эканлигини аглаб етмаётганликлари натижасидир. Шунинг учун ҳам хотин-қизлар, айниқса, ёшларимизнинг барча йўналишлар бўйича билимларини бойитиш, маънавиятларини юксалтиришга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина улар турли кўринишдаги оммавий маданият орқали онгига таҳдид солаётган ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари аниқ.
Умуман, тадбирда мазкур йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш, шу билан бирга, ёшлар тарбияси, уларнинг кийиниш маданияти, маънавиятини юксалтириш масалаларига кенг жамоатчилик эътиборини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Якунда ёшларни истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат, она Ватанимизга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни билимли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, ёт ғоялар таъсиридан асраш борасида олиб бораётган тарғибот ишлари таъсирчанлиги ва самарадорлигини янада кучайтиришга келишиб олинди.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА,
Андижон - Фарғона.
|