№5, 31.01.2013 МАДҲ
ВАТАНДАН АЗИЗ ВА СУЮК НЕЪМАТ ЙЎҚ
Ватан - инсон учун энг муқаддас маскан ҳисобланади. Биз ватан деганда инсоннинг киндик қони тўкилган, яшаб турган жойни, аждодлари азал-азалдан истиқомат қилиб келган заминни тушунамиз. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи ҳам ватандир.
Дунёда инсонга ватандан азизроқ ҳеч нарса йўқ. У инсоннинг камол топиши, мукаммал яшаши учун барча нарсаларни беради. Аммо минг афсуски, камолоти учун барча неъматларни муҳайё этувчи муборак Ватаннинг қадрига етмайдиганлар ҳам учраб туради. Улар ўзга юртларнинг ажойиботларидан завқ олиб, улуғвор мўъжизаларини мақтайдилар. Тўғри, ўзга юртларнинг ютуқлари, кишини лол этгувчи ноёб иншоотлари бисёр бўлиши мумкин. Аммо уларга маҳлиё бўлиб, ўз юртимизни унутиб қўймаслигимиз керак. Биз Ватан қадрини кўп ҳолларда юртдан узоқ мамлакатларга борганимизда сезамиз. Гарчи биз ўзга юртларда сайр қилиб юрсак-да, вақт ўтган сари юрагимизда қандайдир бир кемтиклик сезилади. Қалбимиз қандайдир бир ҳисни илғамаётгандек туюлади. Кейин эса бу юртнинг бинолари ҳам, диққатга сазовор жойлари ҳам кўзимизга нурсиз кўринади. Сабаби, юрагимизни ўз она Ватанимизга бўлган соғинч ҳисси эгаллайди. Тезроқ ортга қайтишга, юртимиз тупроғини кўзга суртишга ошиқамиз.
Ахир, қадим тарихимиз, асрлар оша дунё аҳлини лол этиб келаётган бебаҳо тарихий обидаларимиз, дунё тамаддуни, илм-фани равнақига беқёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз билан ҳар қанча фахрлансак камлик қилади.
Юртнинг ҳар бир гиёҳи, ҳар бир зарраси қадрлидир. Уларни англаш, ҳис этиш учун киши қалбида она Ватанга муҳаббат, шу азиз юртдан фахрланиш туйғуси бўлмоғи керак. Қолаверса, юртни асраб-авайлаш, халқимиз тинч-осойишта яшаши учун доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозим. Энг аввало, оиламиз, маҳалламиз тинчлиги, ободлигини таъминлайлик. Айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялайлик.
Ёш авлод тарбиясида, хал-қимиз маънавиятини юксалтиришда миллий қадриятларимизнинг, тарихий анъана ва урф-одатларимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, жамиятимиз мафкураси халқни халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилмоқда.
Миллий мафкурамизнинг негизларидан бири, шубҳасиз, тилга бўлган муносабатдир. Тил - миллат вакилларини бир-бирларига мустаҳкам бирлаштирувчи кўприк ҳисобланади Шундай экан, ўз она тилимизни улуғлашимиз, софлигини сақлашимиз зарур.
Қаердаки мафкуравий бўш-лиқ вужудга келса, ўша ерда бегона мафкура ҳукмронлик қилиши аниқ. Инсон ҳамиша эзгуликка йўғрилган руҳий, маърифий ва маънавий озуқа олиб турмаса, буларнинг ўрнини ёт ғоялар эгаллаши мумкин. Шунинг учун ҳам, айниқса, биз миллий мафкурамизни кенг тарғиб этишга, маънавиятимизни янада юксалтиришга жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Инсон ўз Ватани билан бир умр фахрланиб яшайди. Қувонч-ли ва қайғули дамларида шу Ватани, ватандошлари унинг корига ярайди. Шундай экан, Ватанимизни асраб-авайлаш, унинг равнақига хизмат қилиш бизнинг олдимиздаги муқаддас бурчдир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ватанимизнинг ҳар бир қарич ери, тупроғи биз учун азиз. Биз уни асраб-авайлаб келгуси авлодга топширмоғимиз лозим.
Ҳамидулло НАЗАРОВ,
Андижон машинасозлик институти 1-босқич талабаси.
|