№5, 31.01.2013 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
УСТОЗЛИК БАХТИ
Дунёда неки эзгу фазилатлар бўлса, у устозда мужассамдир. Устоз - муаллима, сирдош, дўст, йўлбошчи, қолаверса, онадек меҳрибон ва жонкуяр зотдир. Бу улуғлик шохсупасидан жой олган самимий ва бағрикенг инсонларга ҳавас қиласан, киши.
Ҳамиша ёшларнинг бошини силаб, уларнинг келажаги ва тақдири ҳақида қайғурган, уларга ҳаётини бағишлаган инсонлардан бири Оминахон опа Матҳолиқовадир. У АДУ қошидаги 5-академик лицейда инглиз тили фанидан ёшларга таълим беради.
Устоз 1985 йили Тошкент давлат чет тиллар институтини тамомлаган. Дастлаб ўрта мактабда, сўнгра, 1998 йилдан буён академик лицейда муаллимлик қилади. Оминахон опа, аввало, жаҳон тили деб эътироф этилган, тан олинган инглиз тилини жуда севади. Тилга бўлган меҳр уни шу хорижий тилни янада чуқур ўрганишга ундади.
Ўз фанини яхши билган, бу фанга ўқувчиларни қизиқтира олган ўқитувчигина чинакам устозлик мақомига эриша олади. Оминахон опа иш фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ билими, салоҳияти ва изланувчанлиги билан кўзга ташланди. Жамоада обрў-эътибор топди. Бугун у ўз сўзи ва фикрига эга, қатъиятли, билимдон, мустаҳкам иродали ва ўзига ҳамда ўқувчиларга нисбатан талабчан устоз. Ҳамиша олдинда бўлишга интилиш унинг ҳаётдаги шиори. Айни пайтда у олий тоифали, катта ўқитувчи сифатида академик лицей инглиз тили кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.
Оминахон опа уч нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, ибратли оила бекаси ҳамдир. Фарзандлари Камолахон, Шерзодбек ва Шоирахонларнинг барчаси билимли ва ўқимишли бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топмоқдалар. Турмуш ўртоғи Шавкатбек ака ички ишлар идораларида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келмоқда.
Устознинг тажрибаси, берган билимлари ўз самарасини бермоқда. Оминахон опанинг кўплаб шогирдлари ҳозирда турли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар. Устозига чин дилдан ҳавас қилган шогирдлари бугун у билан елкадош бўлиб, бир сафда меҳнат қилаётир.
Бугунги кунда Оминахон опанинг билим булоғидан баҳраманд бўлаётган ёшлар олимпиада ғолиблари, эртага давлат гранти асосида таълим олаётган талаба, келажакда Ватанимизнинг етук, салоҳиятли кадрлари-мутахассислари бўлиб етишадилар. Энг муҳими, устоз ўз ўқувчиларини қийинчиликлардан қўрқмайдиган, доимо олға интилувчи, келажакка ишонч билан қарайдиган инсонлар қилиб тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. У ўз фаолиятида замонавий педагогик услублар ҳамда илғор технологиялардан самарали фойдаланиши билан барча ҳамкасбларига ўрнакдир. Бу устоз-муаллиманинг энг катта ютуғи ва бахтидир.
Биз ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати, иш фаолияти ва истиқболли режалари билан қутлуғ ёшини қарши олаётган Оминахон Матҳолиқовани чин юракдан, самимий муборакбод этамиз. Муаллимага соғлик-саломатлик, келгусидаги педагогик фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Раъно ҲАЙИТБОЕВА.
|