№5, 31.01.2013 ҲИКОЯ
УШШОҚ АҲЛИ
Соҳибахон ҲОШИМОВА
(Давоми. Боши ўтган сонда.)
Қизнинг мамнун чеҳраси яна маъюслашди:
- Яна кутиш, яна айрилиқми? - деди Асрора кўзларини ерга тикиб.
- Йиғлама, бўлмаса яна кўз ёшларингни ўғирлаб, мен ҳам йиғлай бошлайман. Йигит кишига ё ҳунар, ё илм зарур. Менга омад кулиб боқди. Полковникнинг ёрдами билан ўқишга кириб олдим. Ўқисам, ҳарбий унвонлар олсам, дейман. Сен истаган инсон бўлишга ваъда бераман. Сен ҳам яна сабр билан мени кутишга сўз бер, - ялинди Жўра.
- Ўша гапим - гап: сочларим оқариб, тишим тушса-да, сизни зор-интизор кутаман, - дея ваъда берди чорасиз қолган қиз.
Висол узоққа чўзилмади. Жўравой яна узоқ юртга ўқишга кетди. Энди улар мактублар орқали гаплашиб турдилар. Йиллар ўтган сари Асроранинг муҳаббати янада ортди. Жўравойнинг хатдаги барча сўзларига ишонди. Жўравойнинг яхши инсон бўлиб келишини интизорлик билан кутди. Ҳар йили ўша кунни Султон супада ўтказиб юрди. Бу орада совчиларнинг ҳам оёғи тинди. Қанчадан-қанча ошиқ йигитлар ундан умидини узиб, бошқа қизларга уйланиб кетишди. Қанча баҳорлар келиб кетди, қанча ёзлар ўтиб бўлди. Хатларнинг келиши озайди, бора-бора тинди.
Орадан беш йил ўтганда қўққисдан Жўравой қишлоққа келди. Аммо бу сафар у ёлғиз келмади. Бир рус қизи билан келди. Уни кўрганларнинг гапига қараганда, рус қиз бир полковникнинг ёлғиз фарзанди экан. Жўравой унга уйланибди. Улар яна ўша томонларга кетар эмиш. Қиз ҳам ҳарбий ҳамшира экан. Асрора бу кунларда бировга кўринмади. Унинг бошига осмон тушиб, ғамлар ёмғири ёғилган эди. Бу ғамни кўтариш учун унга тоғдай бардош керак эди. Асрора ўзида бу бардошни топа олармикан? Узоқ йиллик ҳижронда адо бўлаётган юраги чидай олармикан? Иродали Асрора бу бардошни топди. Йигирма беш ёшида талаба бўлди. Тиббиёт институтини аъло баҳоларга тамомлади. Шаҳарда шифокор бўлиб ишлай бошлади. Кун ўтмай ҳарбий госпиталга ишга кирди. Ўз касбига меҳр кўйди. Тез орада энг яхши шифокорлар қаторидан ўрин олди. Госпиталда ҳам унга ошиқлар топилди. Аммо Асрора ҳеч кимни Жўравойга ўхшата олмади. У ўз кўксидаги аламни илм ва меҳнат билан енгди. Ҳар йили Султон супани зиёрат қилишни канда қилмади. Ўзининг бахтсиз қисматини, қалб соғинчини чучмомоларга, бинафшаларга айтди.
Асрора исмига муносиб сирлар макони бўлиб қолди. Йиллар ўтиб Жўравой ўғил кўрди. У ҳам ўғлини ўқитди. У ота касбини эгаллаб, ҳарбий бўлди. Ленинграддаги ҳарбий академияда ишлай бошлади. Бу орада полковник қайнотаси оламдан ўтди.
Қисмат экан, хотини Жўравойни ташлаб кетди. Ёши ўтиб қолганда энди у ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Нафақага чиққач, яна ўз қишлоғига қайтиб борди. Энди унинг машинаси, полковник деган унвони, обрўйи, ҳовли жойи, катта нафақа пули бор, аммо шахсий ҳаёти йўқ...
Жўравой одамлардан Асрорани сўрашга, уни излаб топишга журъат қилолмади. Қишлоқ ҳаёти содда, бу ҳаёт эса узоқ йиллар шаҳарнинг обод муҳитига ўрганган Жўравойни қониқтирмади. Кейин иш излаб шаҳарга келди. Уй сотиб олди. Ҳарбий маслаҳатчи бўлиб ишга жойлашди-ю бироқ ёлғизликнинг аянчли азобини торта бошлади. Зерикди дегунча кўчага чиқиб кетар, ҳеч уйга сиғмасди. Бугун ҳам шундай бўлди. Ташқарига чиққанди, кўча тўла болалар...
Ўзбек халқи болажон, меҳнатсевар, меҳмондўст-да... У юрган ҳар қадамида буни ҳис қиларкан, ўзига-ўзи ҳисоб берди. Мен ҳаётда нимага эришдим? Анаву, невараларини ўйнатиб юрган кишичалик бўлолдимми? Севган қизимни, юртимни ташлаб кетиб тўғри иш қилдимми? Ҳовлим тўла бола, ёнимда севган аёлим бўлса қандай яхши бўларди?! Нега менга бундай ширин ҳаёт насиб этмади? Адашганимнинг, бевафолигимнинг товонини ёлғизлик, сўнгсиз ўйлар гирдобига қолиб тўлайман шекилли...
Жўравой ўзини унутди. Нафақат ўзини унутди, балки ўтирган жойида ҳушидан кетди. Атрофига одамлар йиғилишиб, унинг ҳарбий эканлигини билишгач, госпиталга ётқизишди. Жўравой икки кун деганда ўзига келди. Ҳамшира бу ҳақда шифокорга хабар берганди, кўзайнакли аёл кириб унинг томирини ушлади:
- Тузукмисиз? - сўради доктор бемордан.
- Ҳа, тузукман... Ўзи қаердаман, қачондан бери ётибман? - сўради у.
- Икки кун кўз очмадингиз. Ҳарбий касалхонадасиз, - жавоб берди доктор аёл.
Докторнинг кўзлари танишдай туюлди. Оқ шапка тагидан докторнинг оқарган сочлари хиёл кўриниб турибди. Анча ёшга борганлиги аниқ.. У ким бўлди экан? Кўзлари таниш... мунча мулойим боқмаса бу кўзлар?!
Шифокор аёл уни яхши даволади. Бемор оёққа турди. Унинг кетадиган вақти бўлди ҳамки, ҳеч ким уни сўроқлаб келмади.
- Эртага жавоб бераман. Оилангизга хабар беринг, - деди шифокор.
- Оилангизга?.. Менинг оилам йўқ, - деди бемор "уф "тортиб.
Асрора уни биринчи кўришдаёқ таниган эди, аммо ўзини танитмаганди. Жўравой кетаётиб ўзини даволаган шифокорга миннатдорчилик билдириш мақсадида унинг хонасига кирди. Шифокор халатини, бош кийимини ечиб, кўзойнагини олиб қўйган экан. Жўравой унга қаттиқ тикилиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, бу аёл ўзининг Асрораси эди. Асрора ноқулай бир аҳволга тушиб, унга нима дейишни ҳам билмай қолди.
- Асрора, бу сенмисан? Нега ўзингни танитмадинг? - ҳаяжонланиб сўради Жўравой.
- Ўзингизни босинг, яна оғриб қоласиз, - деди Асрора.
- Асрора нега ҳам ўшанда сочларимга оқ тушгунча, тишларим тушгунча... - деб ваъда берувдинг?! Фаришталар "омин" деган экан. Мана, сочларингга оқ ҳам тушибди, тишларинг ҳам нурагандир балки?.. Мен аҳмоқни кечир, азизам. Мени кечир! Мендай нотавонни кечира оласанми?- деди-ю, Жўравой қаттиқ ҳаяжондан яна ўзини йўқотди.
Ҳамширалар ёрдамида уни яна палатага олишди. Бироздан сўнг у ўзига келди. Кўз очганида бошқа докторга кўзи тушди. Жўравой ундан:
- Қизим, олдинги даволаган дўхтирим қани? - деб сўради.
- Ҳа, Асрора Самадовнами? У киши таътилга чиқиб, қишлоғига дам олгани кетди, - деди.
Жўравойнинг кўзларида яна умид учқунлари пайдо бўлди. Ўзининг яхши бўлиб қолганлигини айтиб, доктордан жавоб олди.
Асрора Жўравойдан қочиб қишлоққа кетганди. Қариндошлари билан кўришиб, эртасига "Бир айланиб келай", деб кўчага чиқди. Ўзига эргашган жияни "Эртага сени шаҳарга олиб бораман", деб орқасига қайтарди. Кейин ўзига қадрдон бўлган ўша мажнунтол тамон пиёда йўл олди.
Асрора Жўравойга йиғламасликка ваъда бергандан буён йиғламай яшади. Аммо бугун ўзининг маҳзун ҳолидан хайрон бўлиб йиғлагиси келди. Ушшоқ, яъни ишқ аҳлининг юзлари сариқ, кўзлари ёшли бўлади. Асроранинг ҳам зардобли кўз ёшлари ёноқларини сарғайтирди: қайноқлигидан юзларини куйдирди, ёндирди. Бироқ у ўз ҳолатидан ўзи уялди. Уни уялтирган - ишқ эди. "Уни" яна учратганидан беҳад қувонди. Асрорани қувонтирган ҳам - ишқ эди. У юм-юм йиғлади, йиғлатган ҳам - ишқ эди.
Асрора ўз ўйларини гирдобида алла нечук ҳолатда ўтирибди. Шу пайт мажнунтол олдига енгил автомашина келиб тўхтади. Ундан ҳарбий кийимдаги Жўравой тушиб келди. Асрора ўрнидан турди. Кўзларига ишонмади. Худди Жўравой ҳарбий хизматни энди тугатиб, бугун қайтиб келгандай. У аста-секин қадам ташлаб, Асроранинг олдига келди. Улар сўзсиз-садосиз бир-бирларига узоқ тикилиб туришди
- Яхшимисиз, Жўра ака!
- Сени кўрганимдан буён...
- Дарддан фориғ бўлдингизми? - унинг сўзини бўлди Асрора.
- Сени кўрганимдан буён...
- Энди оғримайсизми? - яна ҳазил қилди Асрора.
- Сени кўриб турсам...
Уларнинг бу ҳолати Виктор Гюгонинг муҳаббат ҳақидаги таърифига ўхшаб кетарди. "Муҳаббат-дархтга ўхшайди, у бизнинг бутун вужудимизга илдиз отиб, кўкариб кетаверади. У ҳатто юрак харобазорларида ҳам гуллашга қодир."
Чинданда Жўравой ва Асроранинг юрак харобаларида новдалар қайта гуллаётгандай эди. Бундан фақат мажнунтолгина огоҳ бўлди.
|