№6, 07.02.2013 ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИ
Зулфира Нуъмонова - 1997 йили Пахтаобод туманида туғилган. Тумандаги 34-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси бўлган бу истеъдодли қиз аъло ўқиш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш билан бирга адабиётга ихлос қўйган. Шеърлари туман, вилоят ва республика газета, журналларида чоп этилган. 2010 - 2011 йиллари "Шаҳрихонсой мавжлари" анъанавий водий ижодкор ёшлари анжуманида фаол иштирок этиб, устозлар эътиборига тушди ва диплом билан тақдирланди.
"Янги авлод - 2011" Болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичида иштирок этиб, лауреат бўлди. Шу йили тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг якуний рейтингида "Энг иқтидорли ўқувчи" номинацияси ғолиби деб топилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Дўрмон ижодкорлар уйида ўтказилган ижодий учрашувларда ҳам қатнашиб, шоирлар назарига тушди. Зулфира "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг туман бўлими фаолларидан бири. У 2012 йилда Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган республика "Камалак" Болалар ташкилотининг "Ватан, дўстлик ва халқпарварлик учун" шиори остидаги Республика анъанавий анжуманида фаол иштирок этгани учун сертификат билан тақдирланди.
Зулфира айни пайтда мактаб ўқувчиси. У фан олимпиадасида она тили ва адабиёт фанидан бу йил туманда 1 - ўринни олиб, вилоят босқичига йўлланма олди. Демак, уни ўқишдаги муваффақиятлари ҳам ижоддаги ютуқларидан кам эмас. Биз истеъдодли қизимиз Зулфирага ўқишларига омад, ижодига эса баркамоллик тилаб қоламиз.
|