№6, 07.02.2013 ШЕЪРИЯТ ШАЙДОСИ
Саидабону Абдусаломова 1996 йили Олтинкўл туманида туғилган. У мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ адабиётга меҳр қўйди. Айниқса, шеъриятнинг сеҳрли олами уни ўзига мафтун айлади. У Олтинкўл туманидаги 1-умумтаълим мактабини 2011 йили тамомлаб, айни кунда Олтинкўл агроиқтисодиёт коллежида II-босқич талабаси. У "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган фестиваль, викторина ўйинлари, иншолар танлови тадбирларидаги фаоллиги, ташаббускорлиги учун "Фахрий ёрлиқ" сертификат ва дипломлар билан тақдирланган. "Энг фаол китобхон" республика танловида 1-ўринни эгаллаган.
"Келажак овози - 2010" Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи иштирокчиси, шу йили Қарши шаҳрида бўлиб ўтган "Ватан, дўстлик ва халқпарварлик учун" шиори остидаги Республика анъанавий 1Х анжуманидаги фаол иштироки учун Республика "Камалак" Болалар ташкилоти томонидан сертификат олган. Саидабонунинг "Happy English" номли ўқув қўлланмаси ҳамда "Намунавий матнлар тўплами" немис тилида "Янги аср авлоди" нашриётида чоп этилган.
Саидабону ташаббускор ва ижодкор ёшлардан бири. Унинг шеърлари, мулоҳазали мақолалари туман, вилоят ва республика газеталарида чоп этилган. 2011 йилда Саидабонунинг "Мажнунтол" деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқди.
Биз истеъдодли қаламкаш Саидабону Абдусаломовага ижоднинг машаққатли сўқмоқларида омад тилаб қоламиз.
ЗУМРАДХОН.
|