№6, 07.02.2013 БОШЛАНҒИЧ ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН
МАҚСАДИМИЗ ЁШЛАРНИ САЛОІИЯТЛИ ҚИЛИБ ТАРБИЯЛАШ
Андижон давлат университети қошидаги 2-сон академик лицейида айни пайтда 60 нафардан зиёд ўқитувчилар, мингдан ортиқ ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Лицейда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича намунали ишлар олиб борилмоқда.
Юртимизда келажагимиз эгалари бўлган ёшлар учун катта имкониятлар эшиги очилган. Дарҳақиқат, билимдон, заковатли, интилувчан ёшлар ўзлари таҳсил олаётган билим юртининг ғурури ҳисобланади. Шу боис ҳам, аълочи ҳамда жамоат ишларида фаол ўқувчилар билан устоз-мураббийлар чексиз фахрланадилар.
Ўтган йили академик лицейимизнинг ижтимоий гуманитар йўналиши бўйича, 2-босқич ўқувчиси Наргиза Аҳмаджонова "Менинг оилам - энг тоза ва обод хонадон" мавзуидаги иншолар кўрик-танловида ҳамда она тили ва адабиёт фани бўйича ўтказилган вилоят фан олимпиадасида фахрли биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Академик лицей ўқувчилари орасида бундай иқтидорли қизлар кўп. Гулчирой Алиева Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг вилоят босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаши ёш иқтидор соҳибасининг ижодий қирраларининг янада шакллантиришга туртки бўлди. Унинг кўплаб адабий ва бадиий мақолалари матбуотда эълон қилинди.
Бошланғич хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўқувчи қизларни маънавий-ахлоқий камолотга йўналтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эрта турмуш қуришнинг зарарли оқибатларини тушунтириш бўйича тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Ўқитувчи Р. Абдураҳмонова раҳбарлигидаги "Ораста қизлар" тўгарагининг фаол аъзолари Гулзода Ғуломова, Ойиста Нишоновалар ўз тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.
Талабаларнинг ҳуқуқий ва тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида мутахассислар иштирокида суҳбатлар ўтказилмоқда. Лицейда ташкил этилган "Зийрак қалб" маркази ташаббуси билан ёшларнинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Унга кўра Андижон шаҳар ИИБ ходимлари, профилактик назоратчи инспекторлари, МФЙ маслаҳатчилари, отинойи ва имом хатиблар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Тадбиркорлик ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партия-си Андижон вилоят кенгаши "Ёшлар қаноти" фаоллари билан ҳамкорлигидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" мавзуидаги давра суҳбати ўқувчиларда катта таассурот қолдирди ҳамда ёшларни тадбиркорликка бўлган қизиқишларини янада оширди.
Айниқса, оилалардаги соғлом муҳит, фарзанд тарбиясига эътибор, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш масалаларида маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик, ота-оналар билан ўзаро ҳамкорлик яхши натижа бермоқда.
Лицейимизда фан тўгараклари билан бир қаторда волейбол, шахмат-шашка, каратэ сингари спорт секциялари ҳам ишлаб турибди. Талабалар ўртасида турли мусобақалар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишларнинг янада самарали бўлиши учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилмоқдамиз.
Дилбархон ҚОСИМОВА,
АДУ қошидаги 2-сон академик лицейнинг
хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси.
|