№6, 07.02.2013 МУТАХАССИС БИЛАН СУҲБАТ
ОНА БЎЛИШГА ҲЕЧ ҚАЧОН КЕЧ БЎЛМАЙДИ
Қизларни эрта турмушга бериш, бу ҳолатнинг салбий жиҳатлари очиқ ошкора айтилиб, бунинг натижасида келиб чиқаётган кўплаб муаммолар хусусида оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиниб, одамлар огоҳликка чақирилмоқда.
Шу ўринда яна бир ҳолат ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Яъни, айни кунларда жамиятимизда балоғат ёшига етмасдан эрта турмуш қураётган қизларга қараганда "карьера" қиламан, ҳаётда ўз ўрнимни топаман, деб турмуш қуришга асло шошилмаётган қизлар ҳам оз эмас. Хўш, бунинг қандай ёмон томони бор, демоқчимисиз? Аслини олганда-ку, бу ҳолатнинг ёмон тарафи йўқ. Лекин халқ орасида ёши ўтиб фарзанд туғиш хавфли асоратларга олиб келиши ҳақида кўплаб гап-сўзлар юради. Чиндан ҳам кеч оналик хавфлими? Бу ҳақида Андижон шаҳар 1-туғруқ комплекси акушер-гинекологи, олий тоифали шифокор Одинахон Таджибоева билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Одина опа, кўпинча шифокорлар томонидан аёлларга 30, баъзи ҳолларда эса 35 ёшгача биринчи фарзандини туғиб олиш кераклиги бот-бот таъкидланади. Нега шундай?
- Чиндан ҳам биз аёлларни, иложи борича, 30-35 ёшгача она бўлишга даъват этамиз. Негаки, бу вақтга келиб аёл тухумдони ҳужайралари функцияси пасайиши натижасида организмнинг гормонал фони ўзгариб, сусайиб кетиши мумкин. Шу сабабли улардаги она бўлиш имкониятлари камайиб кетиш эҳтимоли бор. Шунинг учун белгиланган ёшда она бўлиш соғлом фарзанд туғиш имконини беради. Чунки бу даврда нафақат аёлларнинг ўзлари, шу билан бирга уларнинг организми ҳам ёш, турли касалликларга чидамли ва иммунитети юқори бўлади. Шу боисдан ҳам ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнлари анча енгил кечади. 30-35 ёшдан кейин эса аёлларнинг организми сурункали касалликларга мойил бўлиб қолади.
25 ёшдан ўтиб турмушга чиқаётган қизларнинг кўпида қўрқув бўлади. Чиндан ҳам кеч оналик хавфлими?
- Йўқ, мен 20-35 ёшлардаги оналикни кеч ҳам, хавфли ҳам ҳисобламайман. Шунинг учун ҳам кеч турмуш қураётган ёки оналикка бир оз кеч қолаётган аёллар асло чўчимасликлари лозим. Фақат кеч турмуш қураётган қизлар ўз ёшига муносиб бўлган эркакка турмушга чиқишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки боланинг соғлом дунёга келишида нафақат онанинг, балки оталарининг ҳам саломатлиги катта аҳамият касб этади.
Агар бундай аёлларнинг саломатлигида ҳеч қандай муаммо кузатилмаса, ҳомиладорлик ва туғруқ жараёни, умуман, хавф туғдирмайди.
Аммо айтиб ўтиш жоизки, гарчи 30 ёшдан кейин биринчи фарзандини дунёга келтириш хавфли бўлмаса-да, бошқа аёлларга қараганда бир оз маъсулият талаб этади. Бундай аёллар мунтазам равишда шифокор текширувидан ўтиб туриши, унинг ҳар бир тавсияларига тўла амал қилиши шарт. Бундан ташқари, аёлларнинг туғиш жараёни уларнинг ёши эмас, индивидуал ҳолатига қараб енгил ёки оғир кечиши мумкин.
- Одамлар орасида "Ёши катта аёлдан ногирон бола туғилади", деган гап-сўзлар юради. Бу гаплар ҳақиқатга қанчалик яқин?
- Бу нотўғри фикр. Чунки ногирон болалар ҳар қандай ёшдаги аёлдан ҳам туғилиши мумкин. Бу онанинг ёши эмас, соғлиги билан боғлиқдир. Фақатгина 30-35 ёшдан кейин туғаётган аёлларда ногирон бола туғиш эҳтимоли бир оз кўпроқ бўлади. Шунингдек, уларда бола тушиш хавфи ҳам юқорироқ бўлади. Чунки бу ёшда уларнинг организмида гормонал функциянинг бузилиши кузатилади. Шунинг учун туғишда ҳам улардан катта эътибор ва маъсулият талаб этилади.
- Ёши ўтиб илк фарзандини дунёга келтираётган аёлларга қандай текширувлар, зарур ҳисобланади?
- Асосий икки хил текширувдан ўтилиши муҳимдир:
Биринчиси - қон ивишининг генетик текшируви. Ёш улғайгани сари деярли ҳамманинг қони қуюқлаша бошлайди. Ҳомиладорликда қоннинг ивиш тизими ҳолати жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу тизимнинг ўзгариши сабаб аёлда ҳомила тушиши, узоқ вақт ҳомиладор бўлолмаслик, асоратларнинг ривожланиши, йўлдошнинг кўчиш хавфи ва бошқалар кузатилиши мумкин. Шунинг учун олдиндан махсус препаратлар ёрдамида қонни суюлтириш жараёнини бошлаш лозим.
Иккинчиси - организмнинг тўлиқ текшируви. Ёш катталашганидан кейин орга-низмда маълум бир ёндош хасталиклар ҳам ривожлана бошлайди. Ҳомиладорлик даврида она ва бола саломатлиги хавфсизлиги учун асоратларга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш мақсадида олдиндан барча текширувлардан ўтган маъқул.
Агар ҳар бир аёл ҳомиладорликни олдиндан режалаштириб, унга маъсулият билан ёндашса, ҳар қандай ёшда ҳам соғлом болани дунёга келтириши мумкин. Туғруқ ораси 3-4 йил бўлиши эса мақсадга мувофиқдир. Шундагина ҳомиладорликдан аввал организмдаги соғликка оид барча муаммоларни бартараф этиш мумкин.
Суҳбатдош:
Феруза УСМОНОВА.
|