№6, 07.02.2013 АСАР ҲАҚИДА ФИКР
ТАФАККУР ДУРДОНАСИ СОҲИБИ
Шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий (1207-1273) Афғонистоннинг Балх шаҳрида улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган.
Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлик ва фиқҳ донишманди бўлган. Жалолиддиннинг онаси эса, Хоразмшоҳнинг қизи эди. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади.
Жалолиддин Румийнинг буюк аллома бўлиб етишишида Шайх Фаридиддин Атторнинг хизматлари беқиёс. Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларга пешвоз чиқади. Улар билан суҳбатлашган Фаридиддин Аттор, айниқса, ўспирин Жалолиддиннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг "Асрорнома" китобини тақдим этади ва отасига қарата: "Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади", - деб башорат қилади.
Жалолиддин Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган "Девони кабир" ("Улуғ девон")да уч мингдан ортиқ шеърлари ўрин олган. Фалсафий-сўфиёна мушоҳадалар, киши руҳиятидаги ўзгача қирраларни кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган "Маснавий-маънавий" ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари, "Мактубот", "Фихи мо фихий" номли асарлари ҳам мавжуд.
Жалолиддин Румийнинг энг машҳур асари "Маснавий-маънавий"дир. Асарда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 6 жилддан иборат.
Ушбу асарда Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги ("қарама-қаршиликлар бирлиги"), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашёларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига бўлган ўтиш-эврилишлари, модда алмашинишининг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари, жисм ва руҳ, одам ва илоҳ ҳақида ёзади, таҳлил ва тадқиқ этади. "Маснавий маънавий"да 690 ҳадисга шарҳ берилган. Улуғ ижодкор ўзининг юзлаб ҳикоятларида ношудлик, ғирромлик, туҳмат, калтафаҳмлик, судхўрлик, баднафслик каби иллатларни қоралаб, ақлу фаросат, сабру қаноат, ростгўйлик, ҳалоллик, камтарлик саховатпешаликни улуғлайди.
Румий ўз асарларида инсон кўнглини муқаддас даргоҳ сифатида тасвирлайди. Кўнгил уйини доим покиза сақламоқ кераклигини кўплаб ўринларда келтириб ўтади.
Ойнанг билгил нечун
ғаммоз эмас,
Чунки занг бор юзида,
мумтоз эмас.
Улуғ муаллифнинг асрлар оша инсонлар қалбини соф туйғулар билан тўйинтириб келаётган қатор асарлари, жумладан, "Маснавий маънавий" бир неча асрдан буён, инсоният тафаккур хазинасини бойитиб келаётган жаҳон адабиётининг нодир асарлардан бири сифатида этироф этилган.
Хуршида
РЕЖАББОЕВА,
Андижон
педагогика коллежи
ўқитувчиси.
|