№7, 14.02.2013 ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИГА НОМЗОДЛАР ҲАҚИДА ҲИКОЯЛАР
ИЗЛАНУВЧАН ТАЛАБА
Ойгул Ҳамроқулова 1991 йили Олтинкўл туманида туғилган. 2007 йили тумандаги 48 - умумтаълим мактабини тугаллаган.
Қишлоқ фарзанди эмасми, ёшлигидан далаларга меҳри тушган. Шу сабаб мактабни тугаллади-ю, ҳеч иккиланмай ҳужжатларини Андижон қишлоқ хўжалиги институтига топширди. Талаба бўлди. У айни пайтда Агрономия факультети 3-босқич талабаси. Аъло ўқиши, ташаббускорлиги билан устозлар назарига тушди.
Ўқиш билан бир вақтнинг ўзида "Маккажўхори гибрид уруғларини кейинги авлодларини ҳосилдорликка таъсирини ўрганиш технологияси" мавзусида илмий-тадқиқот иши олиб бормоқда.
Ёш тадқиқотчи Ойгул ўз касбий малакасини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-назарий савиясини ошириш устида мунтазам изланишлар олиб бормоқда.
Шу билан бирга Андижон вилояти телевидениеси ва радиосида жамоатчи мухбир сифатида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. У ўз мутахассислиги, яъни қишлоқ хўжалиги, айниқса, маккажўхорининг эртапишар, серҳосил навларини яратиш мавзусидаги туркум репортажлари билан Андижон ахбороти, "7 кун" ахборот-таҳлилий кўрсатувларининг мундарижасини бойитмоқда.
Ойгул Ҳамроқулова ўзининг камтарлиги, меҳнатсеварлиги, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошиши юзасидан ҳам тенг-қурларидан ажралиб туради. Иқтидорли талаба қизимизга бошлаган ишлари бардавом бўлишини тилаб қоламиз.
ЗУМРАДХОН.
|