№7, 14.02.2013 ИҚТИДОРЛИ ТАДҚИҚОТЧИ ҚИЗ
Дилдора Раҳматуллаева - 1994 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон тиббиёт коллежида таҳсил олган. Ҳозир Андижон давлат тиббиёт институти 3-босқич талабаси. Дилдора ёшлигидан шифокорларга ҳавас қилиб улғайди. Боиси, у шифокорлар оиласида таваллуд топган. Бу соҳа сир-асрорлари, машаққатини яхши англаган қизалоқ ўз орзулари йўлида астойдил қадам ташлай бошлади.
У химия-биология, математика фанларини чуқур ўрганди. Эгаллаган билимлари 2012 йили олий ўқув юртига киришига қўл келди. Шу йили у тиббиёт институти талабаси бўлди.
Дилдора билимли, изланувчан ижодкор талаба. У устозлари кўмагида "Қалқонсимон без касаллиги билан хасталанган аёлларда фиброзкистоз мастопотияни клиник диагностик хоссалари" мавзусида илмий иш бошлаган.
Д. Раҳматуллаеванинг иқтидорли тадқиқотчи сифатидаги фаолияти ҳам салмоқли. У 2012 йили "Келажак овози" кўрик-танлови вилоят босқичида "Рационализаторлик таклифлари" йўналиши бўйича иштирок этди.
Дилдорахон ўзи танлаган мавзуларнинг долзарблиги, айни пайтда муҳимлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ ишларни амалга оширмоқда.
Ёш олима институтда "Ёш олимлар", "Тиббиётнинг долзарб муаммолари" каби илмий конференцияларда илмий мақола, тезис ва маърузалари билан қатнашиб, ўз иқтидорини кўрсатиб келмоқда. Ўткир зеҳн, қобилият, масъулият ва ишонч билан орзулар сари дадил одимлаётган бу талабага келажакда шифокор қасамёдига содиқ, малакали мутахассис бўлиб етишишида омадлар тилаб қоламиз.
|