Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№7, 14.02.2013

З. М. БОБУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 530 ЙИЛЛИГИГА

ҲАР КИМКИ ВАФО ҚИЛСА...

Андижоннинг садоқатли ўғлони бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур фақат йирик давлат арбоби ва моҳир лашкарбошигина бўлиб қолмай, балки буюк шоир, адиб, тарихчи ва олим ҳам эди.

Ўн беш-ўн олти ёшларидан бошлаб ижод қила бошлаган Бобур турли жанрларда қалам тебратади. Ғазал, туюқ, рубоий, маснавий, қитъа, фардларида ҳаётни, Ватанни, шодликни куйлайди. Ўз она тилига бўлган муҳаббатни камтарлик билан баён этади.

Эрурман турк ошиқ, қош

билсам форсий қани,

Десам ҳолимни билса,

форсийдан дилбарим они.

Бобур бутун умрини жангу-жадалда ўтказди, гоҳ енгди, гоҳ мағлубият заҳрини ичди. Ватан иштиёқида беадад ёнди. Тақдирга тан берган чоғларида бошига тушган савдоларни "тақдирнинг иши" деб тушунди:

Дема Бобурга нетарсан

бош олиб кетмакни,

Тангрининг хасти мундоқ

эса мен нетгайман.

Тақдирурур ул ёну бу ён

солгучи, йўқса,

Кимга ҳаваси Санбалу

Татйир қилибтур...

Бобур темурийлар сулоласининг ҳукмронлигини ҳалокатдан қутқариб қолмоқчи бўлди, бироқ бунга эришолмади. У Мовароуннаҳрда йирик ва мустаҳкам давлат вужудга келтирмоқчи эди, аммо орзу-умидлари барбод бўлди.

Бобур ўзининг лирикаси, "Бобурнома" ва бошқа қатор асарлари билан ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди. "Бобурнома" асари шунинг учун ҳам шуҳрат топдики, асарда баён этилган воқеалар жуда тўғри ва холис ўз аксини топган. Асарни ўқир экансиз, Бобур билан ёнма-ён юргандай ҳис қиласиз, ўзингизни. "Бобурнома"нинг бош қаҳрамони жуда мураккаб шахс. У сиёсий арбоб, лашкарбоши, олим, шоир ва донишманд, унинг фаолияти ва дунёқараши турли-туман зиддиятлар билан тўла. Шундай бўлса-да Ҳинд диёридан қўним топган ватандошимиз тарихда ўзига муносиб ном қолдирди. Унинг авлодлари ҳам Ҳинд халқининг тарихида хайрли ва эзгу ишлари билан яхши ном қозондилар.

Орадан беш асрдан мўлроқ вақт ўтди. Бобур ўзи таъкидлаганидай:

Ҳар вақтики кўргайсен

менинг сўзимни,

Сўзимни ўқиб соғингайсен

ўзумни.

Ҳа, Бобурнинг ватандошлари ўз ўғлонини соғиниб яшайдилар. Мустақиллик даврида унинг номи янада улуғланди. Андижондаги Боғи Бобурда унинг рамзий қабри, Бобурийлар тарихи музейи ташкил этилди. Университет, қатор муассаса ва кўчалар шоир номи билан аталмоқда. Шаҳарнинг марказида Бобур майдони ташкил қилинди, шунингдек, ҳар йили унинг таваллуд куни муносабати билан меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида Бобурхонлик кечалари ўтказилиб турилади. Шоирнинг ғазалларидан намуналар айтилади, қўшиқлар куйланади, тимсоллари ижро этилади. Унинг беназир шеърлари эътироф этилади.

Бобурмирзонинг ҳаёти ва ижоди, номи нафақат ўз юртида, балки бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади. Буни ўзи ҳам таъкидлаб, шундай байт битган эди:

Ироқу Форса гар етса сенинг

шеъринг, эй Бобур,

Ани ҳифз этгуси Ҳофиз,

мусаллам тутқуси салмон.

Ватанига вафодор шоир Хисрав Деҳлавий айтганидай, ўз элидан вафосининг мукофотини олмоқда.

Вафо кўрсанг бировдан

ҳайрат,

Вафо қилдинг, вафо

бўлди мукофот.

Соҳибахон

ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди