Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№7, 14.02.2013

ТУШ ТАЪБИРИНИНГ ВАҚТГА, КАЙФИЯТГА ВА РУҲИЯТГА БОҒЛИҚЛИГИ

Инсонга берилган неъматларнинг ичида бир неъмат борки, у жуда ёқимлидир. Бу - инсондаги уйқу ҳолатидир. Бу ҳолатда барча сезгилар ва қувватлар тинчланиб, ором олади.

Уйқу - бу руҳнинг барча сезгилардан фойдаланишни тарк этишидир. Ривоятларда айтилишича, киши ухлаганда туш кўрадиган жон танадан ажралиб чиқади, осмонга кўтарилади ва нимани кўрса ҳамда эшитса, шуни эсда сақлайди экан. Хусусан, Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бу ҳақда шундай деганлар: "Ҳар бир банда таҳорат билан ухласа, Ҳақ таоло зикрини тилига жорий қилса, унинг жонини осмонга олиб чиқадилар".

Ибн Сирин (р.а.) айтадилар: "Туш ажойиботларидан бири шундаки, киши тушида яхшилик, фойда, роҳат ёки ёмонлик ва офатни кўради. Ўша яхшилик, роҳат ва ёмонлик, офат ўнгида айнан унга етади".

Савол туғилади: "Кишининг кўрган тушларининг бир қисми тўғри чиқади, бир қисми эса ҳақиқатга тўғри келмайди, нега шундай?"

Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ҳақда дебдурларки: "Эркакми ёки аёл, ҳар бир банда уйқуга кетгандан сўнг руҳи Аршгача кўтарилади. Аршгача етиб боргунча уйғонмаган руҳларнинг тушлари тўғри бўлиб чиқади. Аксинча, Аршгача уйғониб қолган руҳларнинг тушлари эса ёлғончи тушлардир".

Абу Юсуфдан туш масаласида сўрашганларида: "Уйғоқликдаги ишдан фориғ бўлиб, уйқу иши билан машғул бўлишдир", деганлар.

Киши туш кўрганда таъбирга муҳтож бўлади. Ана шу ҳолатда Расули Акрам (с.а.в.)нинг ўгитларига амал қилсин: "Сизлардан бировингиз ёқимли ва яхши туш кўрса, Худога шукрлар айтсин ва тушини мўъмин биродарлари ва дўстларига баён қилсин. Агар ёқимсиз туш кўрса, ўзи яхши одам бўлса, бир неча марта: "Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим"ни айтсин, Шайтоннинг шарридан Аллоҳнинг паноҳига киради ва ўзига зиён ва зарар етмаслиги учун бу тушини ҳеч кимга айтмасин".

Тушни Аллоҳнинг амри билан бир фаришта кўрсатади. Тушни кўрсатаётган фаришта экан, у лавҳи маҳфуздан гапирар экан, яхшилик ва ёмонликдан бирор нарса етиши керак бўлса, хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил бўлсин, уни қайтара олмайди. Етиши керак бўлган нарса барибир етади, фақат қазойи муаллақгина дуо ва садақа билан даф бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ҳадиси шарифда келибдурки: "Мўъмин бир туш кўрганда ёки биров у ҳақда кўрганда, унинг таъбирини билмоқ ва шодликдан баҳраманд бўлмоқ вожибдир. Ёмон тушдан эса ҳазар қилиш, яъни, дуо, ибодат ва садақа билан машғул бўлмоқ керак".

Бирор олим бир илмга эга бўлса, бошқа бир илмга ҳожати тушмаслиги мумкин, бироқ оқил кишилар учун таъбир илмини билиш, унинг қонуниятларини ўрганиш вожибдир. Чунки хоҳ олим, хоҳ жоҳилларнинг катта-ю кичиги ҳам бу илмга муҳтождир. Муаббир (таъбирчи) ҳар бир одамнинг тушини таъбир қилаётганда тартибга риоя қилиши, туш эгасига савол берганда, ҳар хил пароканда сўзларни эшитса, уларни ақл орқали тўғрилаб туриши, биринчи сўз охирида бўлса, охиридан аввалига олиб келиши, қайси сўз кучли бўлса, ўша сўзга биноан таъбир ҳукмини айтиши керак. Боиси, ҳатто бир хил кўрилган туш ҳам кишиларнинг ўша пайтдаги кайфиятига ёки кишининг қандай эканлигига, фаслларга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Ривоят қилибдурларки, қадим замонда бир улуғ мунажжим бўлиб, унинг таъбири доим тўғри чиқар экан. Шогирдлари ҳам бисёр экан.

Кунлардан бир кун бир киши ўта хафа ҳолда ҳовлиқиб келиб: "Тақсир, тушимда бурнимдан қон келибди. Айтинг-чи, нима бўлади?" - дебди. Мунажжим бироз ўйланиб туриб: "Сиздан давлат кетар экан. Тижорат ишларингизни тўхтатиб туринг", - дебди. Эртаси куни яна бошқа киши хурсанд бўлиб, таъбирчидан сўрабди: "Тақсир, тушимда бурнимдан топ-тоза, қип-қизил қон келди-я, унинг таъбири нима бўлади?"

Таъбирчи айтибди: "Ўғлим, ишингиз ўнгидан келар экан, сизга давлат илашибди, тижорат ишларингизни кучайтиринг". Йигит шод бўлиб чиқиб кетибди. Таъбирчининг шогирдлари хайрон бўлишибди ва: "Устоз, буни қандай тушунайлик. Бир хил тушга икки хил таъбир айтдингиз-ку ёки кейинги йигит кўпроқ пул бердими?" - дейишибди.

"- Йўқ, - дебди устоз. - Туш таъбирини, аввало, одам ўзи беради. Биринчи одам хафа ҳолда, иккинчи одам хурсанд ҳолда келиб, бурнимдан қон келди, деб айтди.

...Ҳикоятда келибдурки, бир киши таъбирчи Ҳазрати Ибн Сирин (р.а.)га: "Тушимда азон айтаётган эканман", - деди. Ибн Сирин: "Ҳажга борасан!" - дедилар. Шу пайт бошқа киши келиб худди шундай туш айтганди: "Сени ўғриликда туҳмат қилишади", - дедилар.

Ибн Сириннинг шогирдлари: "Бу туш бир хил кўринишга эга-ку, қандай унинг орасидаги фарқ бўлиши мумкин?" - деб савол беришди. Ул зот жавоб бердилар: "Биринчиси яхши одам эканини кўрдим ва "Ҳаж қиласан", дедим. Худо сўзиким: "Одамларга Ҳаж ҳақида хабар бер, улар сенинг ҳузурингга яёв келадилар" ("Ҳаж" сураси, 27-оят).

Иккинчиси - аҳли фасодлардан эканини кўрдим. Таъбирни бошқа қилиб, "Сени ўғриликда айблашади", дедим. Аллоҳ ўз каломида дебдур: "Бир жарчи: "Эй карвон, сизлар ахир ўғрисизлар-ку!" - деб жар солди" ("Юсуф" сураси, 70-оят).

Биринчи ривоятда кўрилган туш кайфиятга боғлиқлиги, иккинчисида эса кишининг яхши-ёмонлигига қараб эканлиги билан боғлиқ бўлса, қуйидаги ривоятда фаслларга боғлиқлиги баён қилинади.

Бир аёл Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Тушимда кўрсам, томнинг устуни синиб, устимга тушди. Нима бўлади?" - деб сўради. Жавоб қилдиларки: "Эринг сафардан қайтади". Кейин эса яна шу тушни кўрди ва Абу Бакр Сиддиқнинг олдига бориб, таъбирини сўради. "Эринг ўлади", - деб жавоб бердилар. Ҳар икки туш бир хил, таъбири эса кўрилган вақтига мувофиқ ҳар хил эди.

...Тушга нималар кирмайди. Лекин ётишда киши қорни тўқ ёки оч ҳолатда бўлмаслиги ҳам зарурий шартлардандир. Қолаверса, ибодат, яхши ният билан уйқуга кетган кишининг кўрган туши албатта, чиройли бўлади.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди