№7, 14.02.2013 ИНСОН - МЎЪЖИЗА
ЙИГИРМА ФАРЗАНДЛИ ОНА
Елена Шишкина Воронеж областининг Московский қишлоғида яшайди. Ҳеч қачон шуҳрат кетидан қувмаган, лекин бутун Россияга донғи кетди.
Елена Георгиевнанинг 9 нафар ўғли ва 11 нафар қизи бор. Кўп йиллар олдин, янги турмуш қуришганида шифокорлар ёш оилада фарзанд кўролмаслик муаммосини тахмин қилганлар. Еленада қон резуси манфий, турмуш ўртоғида мусбат бўлиб, она бўлолмаслиги мумкин эди. Аммо Яратган Эгам уларга фарзанд ато қилди, бир ёки икки эмас, балки 20 нафар! Натижада Елена нафақат "Қаҳрамон она"" мукофотига сазовор бўлди, балки рекордлар китобига ҳам тушди.
- Ишонинг, рекордлар китобига тушамиз, деб интилмаганмиз, бироқ туғилган ҳар бир фарзандимиз учун хурсанд бўлганмиз, - дейди Елена Георгиевна.
Кўп болали оилага маҳаллий ҳукумат "Газель" автомашинасини совға қилишди. Шунингдек, 15 сотих ер ҳам беришди. Бироқ, бу ер 20 нафар болага озлик қилди. Қолганини сотиб олишга тўғри келди. Шишкинлар оиласидаги энг катта фарзанд - 34 ёшда, энг кичиги - 9 ёшда.
- Биз билан бирга 4 нафар ўқувчи, 4 нафар талаба ва 2 нафар балоғатга етган қизларим яшайди, - дейди қаҳрамон она. - Уйимиз 11 хонадан иборат бўлиб, коммунал тўловларнинг ўзига 10000 рублдан ортиқ маблағ тўлаймиз.
Елена Георгиевна 54 ёшда, нафақада. Турмуш ўртоғи Александр Васильевич эса 57 ёшда, у ҳам нафақада. У кўп йиллар ўт ўчириш автомашинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Катта оилани боқиш учун томорқада ишлашади. Уй ҳайвонларидан сигир, чўчқа, товуқ кўпайтиришади. Шунингдек, ўзларининг трактори ҳам бор.
- Қанча ҳаракат қилмайлик, ҳаражатларнинг асосий қисми озиқ-овқат ва коммунал тўловларга ишлатилади, - дейди Елена Шишкина. - Уст-бош масаласи осонроқ, кичиклар катталарникини киядилар. Шунинг учун тоза кийишга ҳаракат қилишади.
Елена Георгиевна оилавий бюджетни ҳисоблар экан, бир болага 212 рубль нафақа бўлса, 5 нафар вояга етмаган фарзанд-ларига 1060 рубль олишини, яхши одамлар ёрдам бераётганликларини таъкидлайди.
- Турмуш ўртоғим билан қандай танишганимизга келсак, ҳаммаси оддий, - дейди у. - У билан қўшни бўлганмиз, бир-биримизни узоқ вақт кузатганмиз. Саша армияга кетаётиб кутишимни илтимос қилди. Мен кутдим. Армиядан қайтгач, турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим меҳрибон, ғамхўр, болаларни севади. Ишдан чарчаб келганида болалар уни ўраб олишади, бошқа хонага чиқиб, ётиб дам олишини илтимос қилсам, унамайди. "Болалар билан бир бўлсам, яхши дам оламан", дейди.
Катта ўғли Алексей ҳам кўп болали оиланинг бошлиғи. Беш фарзандни ўстиряпти. Ҳозир Шербинкада уй қуряпти, укалари эса унга ёрдам беришмоқда.
Ҳа, Шишкинларнинг барчаси меҳнатсевар бўлиб ўсишди: томорқада ишлашади, сигир соғишади, уй ишлари билан банд.
- Масъулият ҳисси жуда муҳимдир, - дейди Елена Шишкина. - Болага уни оила аъзоларининг барчаси севишини ва ундан шундай туйғуни кутишини уқтириш керак. Қолаверса, фарзандларимизга бизнинг эътиборимиз керак. Мактабга ўқитувчимиз "Кимга ўхшашни хоҳлайман" мавзусида ёзилган иншоларни ўқиб берди. Унда ўзига тўқ оиланинг фарзанди "Мен телевизорга ўхшашни хоҳлайман, чунки телевизорни ҳамма яхши кўради, ота-онам ҳам кўп вақтини телеэкран ёнида ўтказишади", деб ёзган экан.
Фарзандингиз ёшидан қатъи назар эътиборга муҳтож бўлади, улар билан кўпроқ бирга бўлиш, уларнинг қизиқишларини бойитиш керак. Биз, масалан, дарсларни жам бўлиб, бирга тайёрлаймиз. Катта залимиз бор. Столлар туради, ҳудди мактаб синфидагидай.
Аммо, катта оила катта меҳнат талаб қилади. Шуни билиб, кўп одамлар нафақат оиладан, балки фарзандлардан ҳам воз кечмоқда. Мен фарзанд кўришни истамаган аёлларга ачинаман, улар бу дунёда ким учун яшайди, ахир? Ўзларидан кейин қандай из қолдиришади? Шахсан мен шундай ўйлайман, яшашдан мақсад ўзингдан кейин яна бир ҳаёт, авлод қолдиришдир.
Фарзанд - бу чексиз қувончдир. Болаларимиз ўз уйларига кетиб қолишса, уйимизда тўполон бўлмаса, турмуш ўртоғим билан дарров телефон қилиб фарзандларимиздан ҳол-аҳвол сўраб турамиз.
Албатта, катта оилада қийинчиликлар ва муаммолар бўлиб туради. Лекин эр-хотин доим бир-бирига таскин беради, ҳамма нарса ўтади, деб.
- Ҳеч нарсадан шикоятим йўқ, - дейди қаҳрамон она. - Худойим асосийсини берди, яъни ОИЛАМ бор. Фақат умр тез ўтиб кетяпти. Биз бува ва бобо бўлдик. 20 нафар набирамиз бор, яна 3 невара кутяпмиз. Биз ҳаётимиздан бахтиёрмиз ва доим ундан мўъжиза кутиб яшаймиз.
|