№8, 21.02.2013 2013 ЙИЛ - ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ
МЕНИНГ ҚАЙНОНАМ - ТИЛЛО
Сарлавҳани ўқибоқ шоира Марҳабо Каримованинг шу номли шеъри ёдингизга тушди, тўғрими? Гарчи бу шеър киноя оҳангида ёзилса-да, мен сизларга дадил айта оламанки, ҳақиқатдан ҳам менинг қайнонам - тилло.
Ойижоним Марзияхон ҳожи она Рустамова (раҳматли) қайнотам билан 6 фарзандни биргаликда уйлаб-жойлаб, касб-ҳунарли қилиб камолга етказдилар. Қўша-қўша набираларнинг бувижонисига айландилар.
Ҳозирда у киши Бўз туманининг бош отинойиси. Қишлоқнинг кайвони онахонларидан бири. Маҳалла - кўйдаги ҳеч бир йиғин, маърака, маросимлар ойижонимсиз ўтмайди. Маслаҳатлари билан жуда кўп оилаларга ёрдамлари тегади.
Мен ҳам бу оилага келин бўлиб тушганимда рўзғор ишларига уқувсиз, эрка қиз эдим. Қайнонам бошчилигида қайнопам ва овсинларим билмаганларимни ўргатиб, рўзғорга қайиштириб бордилар. Кўнглимга қараб, ҳатто турмуш ўртоғимни ҳам кўндириб, олийгоҳда ўқитдилар. Келин кишининг олий даргоҳда ўқишининг ўзи бўлмайди. "Сиз рўзғорни ўйламай, ўқишнинг уддасидан чиқаверинг, болам. Мана, овсинларингиз бор, йўқлигингизни билинтиришмайди" деб ойижоним мени кўп қўллаган. Шу боис, қийналмай олийгоҳни тугалладим. Ҳаётимда, ишимда қандай муваффақиятларга эришган бўлсам, буларни бари ойижонимнинг меҳнатлари деб биламан. Ҳақиқатдан ҳам оиланинг мустаҳкам бўлишида қайноналарнинг роли ниҳоятда, катта эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Айни кунда қайнонам қайнонам салкам 80 ёшга яқинлашиб қолган бўлсалар-да, ҳали бардам, бақувват. Бунинг сабаби, уйимизда кўнгилсизликлар, асаббузарликлар, қайнона - келин можаролари бўлмайди. Ҳамма нарсани босиқлик билан ҳал қиладилар. Биз келинларга ҳам ўз фарзандидай муомалада бўладилар. "Аҳиллик бор жойда барака бўлади", дейдилар ойижоним. Шунинг учун ҳам хонадонимизда доимо осойишталик ҳукмрон.
Ойижон! Сиз оиламиз фариштасисиз. Сиз билан хонадонимиз ҳамиша обод ва чароғондир. Илоҳим, яна кўп йиллар бизни дуо қилиб, уйимиз тўрисида ўтириш насиб қилсин.
Феруза РУСТАМОВА,
Бўз педагогика коллежи ўқитувчиси.
Суратда: М.Рустамова келинлари билан.
|