Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№8, 21.02.2013

ОДАМ САВДОСИ

ВИЖДОН АЗОБИ

Ёқутхон ҳали у хонадонга, ҳали бу хонадонга совчиликка боравериб чарчади. Қаерга бормасин, қиз томон билан келишиб, ёшларни кўриштиришга келганда ҳамма иш чиппакка чиқаверади. Салим билан учрашган қиз айниб кетаверади.

Бундай ҳолат такрорланавергач, аёлнинг бир дардига ўн дард қўшилди. Ўшанда қаёқданам Қозоғистонга ишлагани борди, нима учун эндигина ўн еттига кирган биттаю битта ўғлини эргаштириб кетди? Шундоқ ҳам Салимжон болалигида сариқ касалининг оғир тури билан оғриган, нимжон бўлиб ўсганди.

…Ҳаммаси қўшни туманда яшовчи дугонаси Зулайҳони учратган кундан бошланди. Одамларни Қозоғистонга олиб бориб ишлатишни ўзига "касб" қилиб олган Зулайҳо болаликдан бирга ўсган дугонаси - Ёқутхонни, соддагина синфдошини учратдию севиниб кетди. Салом-аликни қуюқ қилгач, Ёқутхоннинг ғамгин чеҳрасию "бундайроқ" уст-бошига қараб, унинг рўзғори "ҳаминқадар"лигидан "фол очди". Тўрт болани боқиш осон эмаслигини айтган Ёқутхонга:

- Афсус аввалроқ хабарлашмаганимизни қарая, ҳозиргача анча ўзингни тиклаб олардинг, дея унга кўмакдош бўлишини айтди. Зулайҳо бир зумда дугонасини авраб, миллионларни ваъда қилди. Ҳатто, сумкасидан юз доллар чиқариб, қўярда-қўймас дугонасига "ёрдам" қўлини чўзди. Тезда унинг ишончига кириб муддаога ўтди.

- Мен Қозоғистонга одамларни ишга олиб бораяпман, яхшигина ойлик олишади. Яқин кунларда бир гуруҳ қизлар, аёлларни олиб жўнаб кетяпман. Хоҳласанг сени ҳам олиб кетишим мумкин.

Ишини пухта бажарадиган, дугонасига жўнаб кетгунларича эри билан маслаҳатлашиб олишини тайинлади.

Ёқутхон "уддабурон ўртоғи"нинг чув тушириб кетишини хаёлига ҳам келтирмасди. Уйига келиб эри билан маслаҳатлашди, турмуш ўртоғи у ерда нима иш қилишларини суриштирди. Ўзи ҳам тузукроқ пул топмаётганлиги учун хотини ва ўғлининг бирга боришига қарши бўлмади.

Эри: - Салимжон билан борсанг, бирор ой пахта териб қайтарсизлар, дея рози бўла қолди. Орадан 2 кун ўтгач, улар ўн киши бўлиб сафарга отланишди.

Айланма йўллар орқали Қозоғистон чегарасидан ўтишгач, Зулайҳо "клиентларнинг" паспортларини Эркин исмли қозоқ йигитга топширдию Ёқутхон ва бошқа бирга келганларга: " - Яна одам олиб келаман" дея жуфтакни ростлади.

"Эркин" деганлари уларни "Газель"да ўз даласига олиб кетди. Шу кундан бошлаб улар мавсум охиригача оғир меҳнатдан, ўз ҳақларини, ҳужжатларини талаб қилишганда эса турли таз-йиқлару ҳақорат ва қўрқитишлардан жонларини ҳовучлаб яшашди. Эркин уларни одам ўрнида кўрмасди, ишловчиларни кунига икки маҳал қуруқ макаронни сувда қайнатиб "боқди".

Салимжон ҳаммасига чидадию Эркиннинг онасига кўз олайтиришига, тегажоқлик қилишига чидаб туролмади. Ярим кечаси маст ҳолда келиб онасини ҳаром йўлга бошламоқчи бўлганида Эркинни аямай ура кетди. Бир "мишиқи"дан калтак ейишни ўзига ор деб билган "Хўжайин"нинг кўзи четроқда турган йўғон таёққа тушди. Уни олиб, Салимжоннинг бошига урди. Салим шу заҳотиёқ хушидан кетиб, бир кун ўтгач, ўзига келди. Шўрлик она унга ёрдам берувчи бирон кимсани топа олмади. Чўл ичидаги олис бир қишлоқ, бу ерда доктор ҳам йўқ эди. Салим секин-аста оёққа турдию бироқ аввалгидек меҳнат қила олмади, кўпроқ юрса, ҳолсизланиб йиқилиб тушарди. Ёқутхоннинг ялиниб-ёлворишлари Эркинни инсофга келтирдими, ёки "бу дардисар она-болани бекорга боқиб юргиси келмадими", ҳар ҳолда йўлкирага етадиган пул билан паспортларини қўлига тутқазди. Чегарагача кузатиб қўйган бўлди....

У ёқдан қайтгач, Ёқутхон ўғлини баҳоли-қудрат даволатди. Бироқ, Салимжон оғир мия чайқалиши туфайли аҳён-аҳёнда тушунарсиз сўзлар айтадиган, ғайри табиий қилиқлар қиладиган бўлиб қолди.

Ўз ёғида ўзи қовурилган Ёқутхонга "Зулайҳони судга бер" дея маслаҳат берганлар кўп бўлса-да, у бу йўлни тутмади. Ҳаммасига ўзини айбдор деб ҳисоблади. Тўғри-да, Зулайҳо уни оёқ-қўлини боғлаб, мажбурлаб олиб кетгани йўқ. Лекин инсон тақдирини шу қадар оёқ ости қилаётган, ўз юртошларини, дугоналарини ўзга юртларга олиб бориб сотаётган пасткаш кимсалар борлигидан қаттиқ изтиробга тушди.

Олисдаги саробни олтин фаҳмлаган, коллеж талабаси бўлган фарзандини ҳам ўқишдан қўйган ўзи эмасмиди? Шу ерда ишласа ҳам кунлари ўтиб турганди, эри ишларди, коллежни битирса ўғлининг ҳам рўзғорга ёрдами тегарди. Энди эса боласининг қўлида диплом ҳам йўқ, бу ҳам майлику-я, якка ягона ўғлининг ногиронга айланиб қолгани уни бир умрлик виждон азобига қолдирди.

Барнохон ҲАЙДАРОВА,

жамоатчи мухбир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди