№8, 21.02.2013 ПОКЛИК - ИМОННИНГ ЯРМИДИР
Ислом дини поклик устига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади.
Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: "Чиқиндини ариққа супирма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама", деб қайта-қайта тайинлар эди. Ариқ ва булоқ сувидан ҳеч бир ҳадиксиз қониб ичиларди. Ҳозир ким маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа ахлат ташлашади, кир ювса мағзавасини оқизади. Ҳар жойга кўз тушса, кишини ҳижолатга соладиган бир манзара, яъни уйларимиз атрофига, кўча бўйларига ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриб, кўнглимиз ранжийди.
Абу Барза Асламий (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрадилар: "Мени Жаннатга киритадиган ишга буюринг. Шунда жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла", дедилар. Саъид ибн Мусайяб (р.а.) эшитганларини қуйидагича хабар берадилар: Расули Акрам (с.а.в.) айтадилар: "Албатта, Аллоҳ таоло яхшидир - яхшиликни севади, сахийдир - саховатни севади, покдир - покликни севади. Покланинглар, ён-атрофларни пок тутинглар".
Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши, аввало, ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз учун эмас, балки яшаётган маҳалламиз, қишлоғимиз, шаҳримиз озодалиги учун ҳам ўзимиз масъулмиз. Уларнинг озодалигига тозалик бўйича масъул идоралари ходимларидан ташқари, ҳар биримиз жавобгармиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Минг афсуски, айримлар уйидан ташқарига - кўчаларимизга раво кўришади. Шу боис ҳам, йўлларимиз бўйида қоғоз парчаларидан тортиб, турли чиқиндилар сочилиб ётади. Чекка жойларда уйилиб ётган ахлатлар киши дилини хира қилади. Бу эса бир қанча касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) айтади: "Учта нарса лаънатга сабаб бўладиган ишлардир, улардан сақланинглар. Улар одамлар юрадиган йўлларга, дам оладиган соя салқин жойларга, сувларга ахлат ва чиқиндиларни ташлашдир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, бу каби ишларга йўл қўймаслик ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Жорий йил юртимизда "Обод турмуш йили" деб номланди. Ободлик юртимизда бўлаётган фақат қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билангина эмас, балки озодалик ва поклик билан ҳам кўринади. Поклик ва озодалик бор жойда баракот бўлади. Баракот эса барча ишларимизнинг юришишига асосий омилдир.
Аввало, инсон покликни ўзидан бошлаши керак, яъни ўзининг имони бутун мусулмон, деб билган ҳар бир мўмин киши кўча-кўйларга ахлат ташламаслиги, оиласи ва яқинларини ҳам шунга чақириши керак. Қуръони Каримда: "...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (яхши ҳолатни ношукрлик билан ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларигача, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас..." деб марҳамат қилинади.
Баҳовиддин Нақшбанд ҳазратлари кечалар туриб йўллардаги инсону ҳайвонларга зарар берадиган нарсаларни олиб ташлаб, тозалар эканлар. Мана шу ишлари учун Аллоҳ таоло у кишига авлиёлик мартабасини насиб қилган, дейилади.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб, уларга амал қилайлик. Юртимизни пок сақлаб, обод қилиш, яхши ва эзгу амаллар соҳибу саҳибалари бўлиш барчамизга насиб айласин.
Раҳмонберди СОБИРОВ,
Андижон шаҳридаги "Ғиштли" жомеъ масжиди имоми.
|